Энди офшор ҳудудлардаги компанияларнинг эгалари ким экани очиқ эълон қилиниши кутилмоқда

12.05.2022 10:03

Rost24.uz ахборот таҳлилий сайтида офшор ҳудудларда очилган, номи келтирилган компаниялар ва уларнинг эгалари ҳақида бир нечта материаллар эълон қилинган эди. 

Бу компанияларнинг асл мақсади ва ким экани тўғрисида халқимиз тўлиқроқ ва очиқ маълумотларга эга бўлиши, Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаётган миллионларни барча фуқаролар билишга ҳақли экани борасида қатор мақолалар эълон қилган эдик. Жумладан, сайтда "Пандора" ва "Панама" ҳужжатларида номи чиқиб келган ўзбекистонликлар рўйхатини ошкор қилган:

“Хориждаги миллионлар эгалари рўйхати: Гулнора Каримова, Зафар Ҳошимов, Нодира Умурзоқова, Раъно Раматова...”, 

“Яна бир рўйхат эълон қилинмоқда — Иқтисодий криминалга аралашгани тахмин қилинган ўзбекистонлик амалдорлар”, 

каби материаллар, шунингдек, ушбу рўйхатда келтирилган «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Жаҳонгир Усмоновнинг номи дунё бўйича сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари»га киритилгани юзасидан журналистик суриштирув ҳам эълон қилинган.

***

Яқинда офшор ҳудудлардаги компаниялар, Ўзбекистон бойликларини хорижга ташиётган мулкдорлар – Адлия вазирлиги уларга қарши қонун лойиҳасини тақдим этди.

Адлия вазирлиги “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари, фирма ва корхоналарнинг, хусусан, офшор зоналар ва чет элга алоқадор тадбиркорлик субъектларининг охирги бенефициари ким эканини аниқлаш имконини беради. Унда “охирги бенефициар мулкдор” тушунчасининг аниқ мезонлари, охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмайдиган ташкилот ва корхоналар белгиланмоқда. Айрим тадбиркорлик субъектларига (асосан оффшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти юкланмоқда.

Яъни, содда қилиб айтганда, ҳар қандай фирма ёки корхонанинг охирги ҳақиқий эгаси ким экани очиқ белгиланган ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилмоқда.

Ривожланган давлатларда компанияларнинг бенефициарлари тўғрисида керакли маълумотларни ўз ичига олган марказлаштирилган маълумотлар базасини юритиш қонун билан ҳимояланган бўлиб, бу пул ювиш, террористик ташкилотларни молиялаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби бир қатор жиноятларга қарши курашишда асосий элемент ҳисобланади.

“Охирги бенефициарлар масаласини тартибга солмаслик Ўзбекистоннинг турли “кулранг”, “қора” рўйхатларга тушишига олиб келиши ва халқаро бозорларга чиқишига тўсқинлик қилиши мумкин”, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Пандора эълон қилган рўйхатда ҳукуматга алоқадор бир қанча ўзбекистонликлар – Раъно Раматова, Жаҳонгир Усмонов, Нодира Умурзоқова ва Марлен Азизовларнинг номлари келтирилган бўлиб, мазкур рўйхатда ўзбекистонликлар номлари кам эмас. Яъни, оддий халқнинг меҳнат қилиб топиб, охирги тийинигача тўлиқ тўлаб қўяётган солиқлари, халқнинг мулки қандайдир амалдор қатламнинг етти пуштини боқадиган даражада йиғилиб, Ўзбекистондан чиқиб кетмоқда.
Миллий қонунчилигимизда эса, бенефициарга оид масалалар аниқ элементлар асосида белгиланмаган, шу сабабли ҳам офшор компаниялар очиб, охирги бенефициарни маълум қилмасдан хорижда пул яшираётганлар ўзларини ноқонуний иш қилаётган деб ҳисоблашмайди, шекилли.

Хабарингиз бор, «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Жаҳонгир Усмоновнинг номи дунё бўйича сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари»га киритилгани юзасидан сайтимизда мақола эълон қилинган ва маълум муддатдан сўнг у мақола сайтдан олиб ташлаттирилган эди. Усмонов 28 апрелда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бу масалага муносабат билдириб, “Ўзбекистон фуқароларига oфшор компанияларнинг қонун бўйича очиш мумкин бўлмаса, айтинг”, деган.

Демак, ҳозирги қонунчиликда бу масалада ноаниқликлар мавжуд экан, вазирлик тақдим этаётган лойиҳадаги қонунга айни пайтда эҳтиёж бор.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.05.2022 02:06
Бу қонунни қабул қилинди дейлик, умарилган пуллар ва моддий бойликлар қайтарилмаса нима фойдаси бор?!
15.05.2022 23:45
Kelinni kelganda koʻr, sepini yoyganda koʻr