Вазир муаммони «жуда оғриқли» деб атади
Тошкент шаҳрида тегишли рухсатномаларсиз қурилган 720 дан ортиқ кўп қаватли турар жой биноси аниқланди. Айрим уйларда болалар майдончалари, автотураргоҳлар ва бошқа зарур инфратузилмалар етишмайди. Бу ҳақда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 13 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган «Ҳукумат соати»да маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, пойтахтдаги айрим кўп қаватли уйлар архитектура органларининг рухсатисиз барпо этилган. Уларнинг аксарияти Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланишидан олдин аукционга чиқарилган ер участкаларида қурилган.
«Тошкент шаҳрининг ўзида 720 тадан ортиқ кўп қаватли уй бор. Республика бўйича қурилган уйларнинг ҳаммаси хатловдан ўтказилган. Бу уйлар муаммоли қурилган уйлар, яъни архитектура органларидан рухсат олмасдан қурилган уйлар», — деди вазир.
У мазкур вазиятни «жуда оғриқли масала» деб атади.
Инфратузилма муаммоси
Йиғилишда депутат Дилмурод Исмоилов кўп қаватли уйлар атрофидаги инфратузилма муаммосини кўтарди. Унинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда болалар ва спорт майдончалари, автомобиллар учун тураргоҳлар етарли эмас. Ҳатто баъзи туманларда янги инфратузилма қуриш учун бўш ер майдонлари ҳам қолмаган.
Бундан ташқари, айрим қурувчилар турар жой мажмуалари лойиҳасида кўрсатилган болалар майдончалари ва бошқа объектларни қуриш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган.
Вазирнинг тушунтиришича, шаҳарсозлик меъёрларида ҳар бир кўп қаватли уй учун зарур инфратузилма талаблари белгиланган. Ушбу талаблар бажарилмасдан биноларни фойдаланишга қабул қилиш мумкин эмас.
720 дан ортиқ уй бузиладими ёки қонунийлаштириладими?
Ҳозирда муаммоли қурилиш объектлари билан Бош прокуратура шуғулланмоқда. Қурилиш вазирлиги эса бундай биноларни фойдаланишга қабул қилиш учун алоҳида тартиб ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Бунда фақат ҳужжатлар эмас, балки уйларнинг техник ҳолати ҳам текширилади. Хусусан, биноларнинг мустаҳкамлиги махсус ускуналар ёрдамида ўрганилади. Шунингдек, улар атрофида болалар майдончалари, автотураргоҳлар ва бошқа зарур шароитлар мавжудлигига эътибор қаратилади.
Шерзод Ҳидоятовнинг билдиришича, реновация дастурини кенгайтириш орқали бундай уйлар атрофида зарур инфратузилмани яратиш кўзда тутилмоқда. Шундан кейингина уларни фойдаланишга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Бироқ ҳозирча 720 дан ортиқ уйнинг қанчаси қонунийлаштирилиши ёки уларнинг қайсиларига нисбатан бошқа чоралар кўрилиши маълум қилинмаган.
Энди сунъий интеллект ҳам қурилишларни текширади
Вазирнинг маълум қилишича, янги қурилиш лойиҳаларини назорат қилиш тизими рақамлаштирилган ва унга сунъий интеллект технологиялари жорий этилган.
Эндиликда лойиҳалар шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлиги бўйича электрон тизим орқали текширилади.
Агар қурилиш лойиҳасида зарур автотураргоҳлар, болалар ва спорт майдончалари ёки чиқинди контейнерлари учун жойлар назарда тутилмаган бўлса, бундай лойиҳа экспертизадан ўтмаслиги керак. Вазирнинг таъкидлашича, тизим белгиланган талабларга жавоб бермайдиган лойиҳаларни автоматик тарзда қабул қилмайди.
Шунингдек, 2024 йил охирида тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси электрон шаклга ўтказилган ва очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилган. Бош режада шаҳар ҳудудлари консервация, реновация ва реконструкция зоналарига ажратилган.
Инфратузилмани яхшилаш учун 520 миллиард сўм
Президент қарорига мувофиқ, болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш учун 520 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Қурилиш вазирлиги ушбу йўналишда тегишли режалар ишлаб чиқилганини ва ҳудудлардаги буюртмачи ташкилотлар билан биргаликда ишлар назорат қилинаётганини маълум қилди.
Мазкур маблағлар аҳоли яшаш ҳудудларидаги шароитларни яхшилашга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.
М. Ворис