ИИБ вояга етмаган болаларни ҳам дарс вақтида тергов қилишни бошладими?

18.10.2026 17:47


Таълим тизимининг тепасидагилар қачон болаларни ҳимоя қилишни бошлайди?

Чилонзор тумани ҳокимлиги мактабдаги ушбу жараён акс этган видеони ҳокимликнинг Telegram каналига жойлаб, бироз вақт ўтгач ўчирди. Ҳанузгача ҳолат юзасидан расмий изоҳ берилмаган. Видеода эса болаларнинг юзлари очиқ кўрсатилган.

16 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов Чилонзор туманидаги 183-мактабда ўтказилган профилактик тадбир видеосини эълон қилди. Унда тахминан тўққиз ёшли уч нафар ўқувчи синфдошлари олдида саволга тутилади. Болалардан мактабга кимнинг машинасида келиши ва олдинги ўриндиқда ўтириши сўралади. Кейин уларнинг оталарини мактабга чақириш ва қоидабузарлик учун баённома расмийлаштириш ҳақида гапирилади. Синфдошлар эса оталарини кечиришни сўрайди.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш муҳим. Аммо болаларга хавфсизлик қоидаларини тушунтириш бошқа, уларни синфдошлари олдида сўроққа ўхшаш жараёнга жалб қилиш бошқа. Бундай вазият болаларда қўрқув, уялиш ва ўзини айбдор ҳис қилишни келтириб чиқариши мумкин. Энг ёмони, бола ростини айтгани ота-онасига муаммо туғдириши мумкинлигини кўрса, кейинги сафар ҳақиқатни яширишга уриниши эҳтимолдан холи эмас.

Болани ҳимоя қилиш ўрнига уни омма олдида ноқулай вазиятга қўйиш профилактиканинг мақсадига зид эмасми?

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати вояга етмаганларнинг шахсий дахлсизлиги. Видеода болаларнинг юзлари ва исмлари очиқ кўрсатилган. Болалар иштирокидаги бундай материални оммага тарқатишда уларнинг манфаатлари, шахсий ҳаёти ва ҳуқуқлари биринчи ўринда туриши керак эди. Зарур ҳолларда болаларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи тасвирлар беркитилиши лозим.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси боланинг энг устун манфаатларини ҳисобга олиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни талаб этади. Шу боис ушбу тадбирнинг нафақат мақсади, балки ўтказилиш усули ҳам бола ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳоланиши керак.

Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳам видеони ўзининг Telegram каналида эълон қилиб, бироз вақт ўтгач ўчириб ташлаган. Бироқ ҳанузгача бу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмаган. Видеонинг нима сабабдан ўчирилгани ва болаларни тасвирга олиш ҳамда тасвирларни тарқатиш учун қандай ҳуқуқий асос бўлгани очиқ қолмоқда.

Янги ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириши керак эмасми? 

Мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқлари ва руҳий хавфсизлиги таъминланган-таъминланмаганига баҳо бериш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати поймол этилишига йўл қўймаслик масъул идораларнинг ҳам вазифаси. Болаларнинг ҳуқуқлари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақида саволлар туғилган бир пайтда вазирликнинг ҳозиргача муносабат билдирмагани ҳам изоҳ талаб қилади.

Мактаб бола учун хавфсиз таълим муҳити бўлиши керак. Профилактик тадбир эса болаларни катталарнинг эҳтимолий хатолари учун жавобгардай кўрсатишга айланмаслиги лозим. Болаларга йўл ҳаракати ҳақида маълумотларни дарс сифатида тушунтириш мумкин эди, уларни тергов қилишдан кўра. Бироқ бу ерда ҳолат тергов ва қўрқитишдан бошқа нарса бўлиб қолмаган, яъни болалар отам энди уйга борсам нима дейди деган фикр билан руҳан сиқилган бўлиши ҳам катта эҳтимолдан холи эмас.

Матбуот котибларини лавозимга тайинлашда уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, касбий билими ва жамоатчилик билан ишлаш маданиятига жиддий эътибор қаратиш зарур. Матбуот котиби нафақат ахборот тарқатувчи, балки идоранинг юзи ва масъулиятли вакили ҳамдир.

Контент маркази ушбу ҳолатни ўрганиб, ЙҲХБ матбуот котибининг ҳаракатларига касбий этика ва болалар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳо бериши, зарур бўлса, хизмат текшируви ўтказиб, тегишли интизомий чора кўриши керак.
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар