«Қишда «свет» барибир ўчади» – ҲЭТ раҳбари

19.10.2026 13:57

«Свет ўчмайди, деб ваъда беролмаймиз. У ўчади. Бу техник қурилмалар билан боғлиқ жараён. Текис йўлда кетаётган машинанинг балони тешилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку, тўғрими? Электр таъминотида ҳам авариявий узилишлар бўлиши мумкин. Лекин режали узилишлар ҳам бор. Агар айрим тармоқларни режали равишда ўчириб, модернизация ишларини амалга оширмасак, қишда янада кўпроқ муаммоларга дуч келамиз».
 
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 843 миллиард сўм ажратилди. «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Сардор Исақуловнинг айтишича, авария хавфи юқори бўлган объектларда таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда якунланган. Шунга қарамай, қишда электр узилишлари бўлмаслигига кафолат йўқ. Чунки режали таъмирлаш ишлари ҳам, кутилмаган авариялар ҳам электр таъминотида вақтинча узилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Бу ҳақда 8 октябрь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.
 
Корхона раҳбари таъкидлашича, йил бошида электр тармоқларида авария юз бериш эҳтимоли юқори бўлган объектлар аниқланиб, хавф даражасига қараб уч тоифага ажратилади. Қизил тоифадаги объектларда таъмирлаш ишлари августгача, сариқ тоифадагиларда эса 1 октябргача якунланган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида республика бўйича 843 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу маблағлар таъмирлаш бригадаларининг ишини ташкил этиш, уларни зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш ва электр тармоқларидаги техник камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган.

Таъмирлаш жараёнида эски изоляторлар алмаштирилади, симлар тўғриланади ва бошқа техник ишлар бажарилади. Бироқ бу ишларни электрни ўчирмасдан амалга ошириш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Бир тармоққа ўртача 15–20 та трансформатор пункти улангани сабабли, тармоқ таъмирлаш учун ўчирилганда унга боғлиқ ҳудудларда ҳам электр таъминоти вақтинча тўхтайди.

Сардор Исақуловнинг тушунтиришича, бундай узилишлар авария эмас, балки тармоқларни янгилаш ва келгусидаги носозликларнинг олдини олиш учун зарур бўлган жараёндир. Жорий куз-қиш мавсумида Тошкентнинг Олмазор, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам режали таъмирлаш ишлари сабабли қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Электр таъминотига бўлган талаб эса юқорилигича қолмоқда. «Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда кунлик электр истеъмоли 200 миллион киловатт-соатга етмоқда. Ёзнинг айрим кунларида бу кўрсаткич 150 миллион киловатт-соат атрофида бўлган.
 
«Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг собиқ биринчи ўринбосари Бобир Исломовнинг айтишича, Ўзбекистонда жами 8 миллион 344 минг электр истеъмолчиси бор. 2026 йил август ойида уларнинг 5 миллион 682 мингтаси 200 киловатт-соатгача электр энергияси ишлатган. 1 миллион 135 минг истеъмолчининг ойлик сарфи 200–300 киловатт-соатни, 354 минг истеъмолчиники эса 300 киловатт-соатдан ортиқни ташкил этган. Ҳисоб-китобларда ҳар бир хонадон алоҳида истеъмолчи сифатида қаралади.

Қишда электр тез-тез ўчиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Исақулов узилишлар ёзда ҳам бўлишини, бироқ совуқ ҳаво ва кунларнинг қисқалиги сабабли улар қишда кўпроқ ноқулайлик туғдиришини айтди.

«Свет ўчмайди, деб ваъда беролмаймиз. У ўчади. Бу техник қурилмалар билан боғлиқ жараён. Текис йўлда кетаётган машинанинг балони тешилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку, тўғрими? Электр таъминотида ҳам авариявий узилишлар бўлиши мумкин. Лекин режали узилишлар ҳам бор. Агар айрим тармоқларни режали равишда ўчириб, модернизация ишларини амалга оширмасак, қишда янада кўпроқ муаммоларга дуч келамиз», деган у.

ҲЭТ раҳбари электр таъминотидаги узилишларни камайтириш учун рақамли назорат тизимини жорий этиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди. Лойиҳа «Узинфоком» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Тизим орқали таъмирлаш ишлари, бригадалар фаолияти ва уларга ажратилган материалларнинг белгиланган жойга етказилиши назорат қилиниши кутилмоқда.
 
Янги тизимда режали узилишлар ҳақида олдиндан хабар бериш имконияти бўлади. Режага кўра, истеъмолчининг телефон рақами ҳисоб рақамига бириктирилади. Агар у уланган трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари ўтказиладиган бўлса, унга бир-икки кун олдин Telegram орқали огоҳлантириш юборилади. Хабарда электр қачон ўчирилиши ва тахминан қайси вақтда қайта тикланиши кўрсатилади.

Исақуловнинг айтишича, дастлабки тақдимот ўтказилган ва айрим жиҳатларни қайта ишлаш бўйича тавсиялар берилган. Лойиҳани амалга ошираётган мутахассислар маълумотлар базасини тўлдириш ва рақамлаштириш учун тахминан икки-уч ой вақт сўраган. Тизимни ишга туширишнинг аниқ муддати эса ҳали белгиланмаган.

Режали таъмирлашлардан ташқари, электр тармоқларида авариявий узилишларга ҳам турли омиллар сабаб бўлади. Кучли шамол, электр устунларига автомобиллар урилиши, қурилиш вақтида кабелларнинг шикастланиши ва рухсатсиз ер қазиш ишлари шулар жумласидан. Шунингдек, катта габаритли юкларни ташиш пайтида симлар ва устунларга зарар етказилиши ҳам мумкин.

Корхона электр таъминотидаги узилишлар сони ва давомийлигини халқаро кўрсаткичлар асосида ҳам баҳолашини билдирган. Ушбу маълумотлар расмий платформаларда эълон қилиниши айтилган.
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар