2026 йил 16 октябрь куни Бектемир туманидаги «Абай» маҳалласида тадбиркорлар ва фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ш. Юсупов, Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Урманов, Бектемир тумани ҳокими Н. Абдурахманов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Учрашув давомида тадбиркорлар ва фуқароларнинг муаммолари, таклиф ҳамда ташаббуслари ўрганилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтириш масалалари кўтарилди.

Хусусан, «RWS OPTIMUM» МЧЖ раҳбари қум-шағал аралашмасини хомашё сифатида олиш билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилди.

«CHILON LUBRICANTS» МЧЖ раҳбари эса тоғ-кон саноатида портловчи моддалар ишлаб чиқариш фаолиятини тартибга солиш бўйича амалдаги қонунчиликка тегишли низом киритишни таклиф этди.

Келиб тушган мурожаат ва таклифлар масъуллар томонидан ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.