2026 йилда йўл қурилишига 442 миллион доллар йўналтирилиб, 200 километр йўл реконструкция қилинади

21.10.2026 09:42

2026 йилда йўл хўжалиги соҳасида 442 миллион долларлик маблағни ўзлаштириш, жами 200 километр автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.


Маълум қилинишича, айни пайтда соҳада жами 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг 13 таси халқаро молия институтлари иштирокида, иккитаси эса давлат-хусусий шериклик асосида бажарилмоқда. Жорий йилда ушбу лойиҳалар доирасида ўзлаштирилиши кўзда тутилган маблағлар ҳажми 2025 йилга нисбатан 1,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 1,8 баробар кўпни ташкил этади.


2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида тўққизта лойиҳа доирасида 110 километр автомобиль йўли реконструкция қилиниб, бажарилган ишлар қиймати 214,3 миллион долларга етгани ва белгиланган режа 101 фоизга бажарилгани маълум қилинди.
 
Осиё тараққиёт банки иштирокида Сурхондарё вилоятидаги 4Р105 ва 4Р100 автомобиль йўлларининг 111 километрини, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи А380 йўлининг 25 километрини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармаси кўмагида Қашқадарё вилоятидаги М39 автомобиль йўлининг 60 километрини, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида эса Бухоро вилоятидан ўтувчи А380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу» автомобиль йўлининг 78 километрини реконструкция қилиш кўзда тутилган.
 
Айрим лойиҳалар бўйича эса тендер жараёнлари бошланган. Осиё тараққиёт банки иштирокида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш, Қорақалпоғистондаги А380 автомобиль йўлининг 92 километрини реконструкция қилиш ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида Хоразм вилоятидаги Д213 автомобиль йўлининг 84 километрини янгилаш бўйича тендерлар эълон қилинган.


Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида Хоразм ва Қорақалпоғистондаги маҳаллий йўлларни таъмирлаш, Ислом тараққиёт банки иштирокида эса А373 «Гулистон–Бўка–Ангрен–Қўқон–Андижон» автомобиль йўлининг 0–37-километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича ҳам тендерлар ўтказилмоқда. Тендер эълон қилинган бешта лойиҳанинг тўрттаси доирасида қурилиш ишлари бошланган.
Соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 50 дан ортиқ хорижий ҳамкор билан учрашувлар ўтказилган. Ҳозирда халқаро молия институтлари билан бир қаторда Туркия, Германия, Япония ва Хитой компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ҳам давом эттирилмоқда.


Аввалроқ Тошкент шаҳри атрофида узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли пуллик ҳалқа автомобиль йўлини қуриш режаси ҳақида хабар берилган эди. Қиймати 1 миллиард долларга баҳоланаётган мазкур лойиҳа Хитойнинг China Railway Construction компанияси иштирокида амалга оширилиши мумкин. Ушбу ташаббус ҳам пойтахт атрофидаги транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва автомобиль ҳаракатини янада самарали ташкил этишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар