«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Қанликўл тумани ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида янги банк хизматлари марказларини ишга туширди.
Жумладан, 2026 йил 13 октябрь куни Қанликўл туманида, 14 октябрь куни эса Денов туманида банкнинг янги хизмат кўрсатиш марказлари ўз фаолиятини бошлади.

Қанликўл туманидаги марказ Қорақалпоғистон Республикаси, Қанликўл тумани, Дўстлик МФЙ, Дослиқ кўчаси, 51-уй манзилида жойлашган. Денов туманидаги марказ эса Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Суфи Оллоёр номидаги МФЙ, Шароф Рашидов кўчаси, 270-уй манзилида фаолият юритади.
Янги марказларда жисмоний ва юридик шахсларга замонавий банк хизматлари кўрсатилади. Хусусан, мижозлар омонат ва кредит маҳсулотларини расмийлаштириш, тўловлар ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, банк ҳисобварақларини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўз бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, фаолиятини кенгайтириш ва янги ташаббусларини амалга ошириш учун зарур молиявий хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Янги марказларнинг ишга туширилиши ҳудудларда банк хизматлари инфратузилмасини ривожлантириш, молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва уларни аҳолига янада яқинлаштиришга хизмат қилади. Бу, айниқса, маҳаллий тадбиркорларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ҳамда янги бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ҳудудларда банк хизматлари инфратузилмасини изчил кенгайтириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларни давом эттирмоқда.