Ўзбекистонда минглаб талабалар турар жой муаммосига дуч келаётган бир пайтда Тошкентдаги Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг амалда фойдаланилаётган ётоқхоналари сотувга қўйилди. Масъуллар бу қарорни университетни Янги Тошкентга кўчириш режаси билан изоҳламоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Соҳибжон Муродовнинг маълум қилишича, университетнинг Муқимий кўчасидаги ётоқхоналари хусусийлаштирилади. Аммо улар янги кампус қурилиб, талабалар кўчирилганидан кейингина харидорга топширилади.
Масъулларга кўра, университет бинолари Тошкентнинг турли ҳудудларида тарқоқ жойлашгани сабабли талабалар қатновга кўп вақт сарфламоқда. Янги кампус бу муаммони ҳал қилишга хизмат қилиши кутиляпти. Шу билан бирга, мамлакатда ётоқхона ўринлари етишмаслиги сақланиб қолаётгани мавжуд биноларнинг кейинги тақдирига оид саволларни долзарблаштиради.
Ётоқхона тақчиллиги шароитида хусусийлаштириш
Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил бошида Ўзбекистонда турар жойга муҳтож давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 58 фоизи ётоқхона билан таъминланган. Қолган 42 фоизи эса ётоқхонадан жой олмаган.
2025 йил сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда қарийб 270 минг талаба турар жойга муҳтож бўлган. Давлат олийгоҳлари ётоқхоналарида эса 155,8 минг ўрин мавжуд бўлиб, тақчиллик 114,2 минг ўринни ташкил этган.
Бундай шароитда амалда фойдаланилаётган ётоқхоналарни хусусийлаштиришдан олдин улардан бошқа олий таълим муассасалари талабалари учун фойдаланиш имкониятини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Албатта, университетни ягона кампусга кўчириш таълим жараёнини ташкил этиш ва талабалар учун қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан ижобий ташаббус. Бироқ янги кампус қурилиши мавжуд ётоқхоналардан келгусида қандай фойдаланиш масаласини ҳам атрофлича баҳолашни талаб этади.
Муқимий кўчаси, 96-уйда жойлашган 5-, 7-, 8- ва 9-сонли ётоқхоналар мажмуаси 272,3 миллиард сўм бошланғич нархда аукционга қўйилган.
Объектнинг ер майдони 1 гектарни, биноларнинг умумий майдони эса қарийб 16 минг квадрат метрни ташкил этади. Университетнинг сотувга қўйилган тўртта объекти бўйича умумий бошланғич нарх қарийб 1,63 триллион сўмни ташкил этади.
Сотув шартларига кўра, объект 2027 йил 31 декабрга қадар бўшатилиши керак. Уни харидорга топшириш янги кампуснинг тайёр бўлишига боғлиқ.
Янги кампус ётоқхона муаммосини қанчалик ҳал қилади?
Маълум қилинишича, Янги Тошкентда барпо этилаётган университет кампуси 20 минг талабани ўқитиш ва 5 минг нафарини турар жой билан таъминлашга мўлжалланган.
Ҳозирги кунда университетнинг еттита ётоқхонасида жами 3200 ўрин мавжуд. Янги кампусда режалаштирилган 5 минг ўрин амалдаги кўрсаткичдан 1800 тага кўп.
Бу талабаларни турар жой билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Бироқ янги ўринлар университетнинг турар жойга муҳтож талабалари эҳтиёжини қанчалик қоплаши ҳақида ҳам аниқ маълумотлар муҳим.
Шунингдек, мавжуд ётоқхоналар бўшатилгандан кейин уларни бошқа олийгоҳлар эҳтиёжи учун сақлаб қолиш имконияти ўрганилганми, деган савол ҳам ўринли.
Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарининг таъкидлашича, амалдаги ётоқхоналар талабалар янги биноларга кўчирилгунига қадар фаолиятини давом эттиради. Бу талабаларнинг турар жойсиз қолмаслиги нуқтаи назаридан муҳим шарт. Бироқ матбуот анжуманида янги ётоқхоналар қурилишини якунлаш ва талабаларни кўчиришнинг аниқ муддатлари айтилмаган.
Давлат мулкининг ижтимоий аҳамияти
Талабалар ётоқхонаси нафақат кўчмас мулк, балки ёшларнинг таълим олиши ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ инфратузилмадир. Айниқса, бошқа ҳудудлардан келган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун ётоқхонада яшаш имконияти катта аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, давлат тасарруфидаги бундай объектларни хусусийлаштиришда иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда ижтимоий эҳтиёжлар ҳам ҳисобга олиниши лозим. Хусусан, сотувдан тушадиган маблағларнинг қайси мақсадларга йўналтирилиши ва мавжуд биноларни сақлаб қолиш имкониятлари юзасидан очиқ маълумот берилиши мақсадга мувофиқ.