АҚШ Давлат котиби Марко Рубио юз нафардан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат делегация билан Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Ташриф доирасида Самарқандда Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг C5+1 форматидаги учрашуви ўтказилиши кутилмоқда.
«Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика хавфсизлиги ва минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Америка делегациясининг кенг таркиби Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорларига АҚШ ишбилармон доираларининг қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Ҳамкорликни саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ривожлантириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилади.
2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. Айни пайтда Ўзбекистонда Америка капитали иштирокидаги 346 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 143 таси тўлиқ Америка капитали асосида ташкил этилган.
2017 йилдан буён мамлакатда Америка капитали иштирокидаги 203 та корхона ташкил этилган. Ўзбекистон бозорида «Air Products», «General Electric», «General Motors», «Boeing», «Honeywell», «Coca-Cola» ва «John Deere» каби компаниялар фаолият олиб бормоқда.
2026 йил июнь ойида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилган. Унда 193 та Америка компанияси вакиллари иштирок этган.
Муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон ва АҚШ муҳим минераллар ҳамда нодир ер элементлари етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
C5+1 формати 2015 йил ноябрь ойида Самарқандда ташкил этилган бўлиб, АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштиради. 2023 йилда формат доирасида биринчи етакчилар саммити Нью-Йоркда, 2025 йил ноябрь ойида эса иккинчи саммит Вашингтонда ўтказилган.
2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган тадбирлар давомида АҚШ компаниялари Марказий Осиё давлатлари билан умумий қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ тижорий келишувларга эришилганини маълум қилган. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Америка тадбиркорларининг минтақа мамлакатлари билан тузган тижорий келишувлари умумий ҳажми 100 миллиард доллардан ошган.
Шунингдек, 2026 йил февраль ойида Бишкек шаҳрида давлат тузилмалари ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган B5+1 форумининг иккинчиси ўтказилган. Унда 421 нафар делегат ва 40 нафардан зиёд Америка компанияси вакили қатнашган.
Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлигининг кейинги босқичи сиёсий келишувларни аниқ инвестиция лойиҳалари, савдо шартномалари ва ишлаб чиқариш ташаббусларига айлантириш билан боғлиқ. Самарқанддаги C5+1 учрашуви эса икки томонлама муносабатлар ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиши кутилмоқда.