Мазутми, кўмирми ёки муаммонинг ҳиди яна осмонга кўтарилдими?

19.10.2026 12:16

Совуқ тушиши билан шаҳарларимизда ҳаво яна оғирлаша бошлади. Энг безовта қиладигани, эрталаб кўчага чиққан одам димоғига уриладиган, оддий чангга ўхшамайдиган, ачимсиқ ва ёқимсиз ҳидни ҳам сезяпти. Бундай пайтда одамнинг хаёлига биринчи бўлиб яна нимадир ёқиляптими? мазутми, кўмирми, чиқиндими ёки иссиқхона қозонларида бошқа бир нарсами деган фикр келади.
 
Ўзбекистоннинг расмий идоралари ҳам аввалги йилларда куз-қиш мавсумида ҳаво ифлосланишининг жиддий сабаблари қаторида иситиш тизимлари, мазут, кўмир ва талабга жавоб бермайдиган саноат чиқиндиларини кўрсатган. Аммо бугун эрталаб сезилаётган ҳиднинг айнан қайси манбадан келаётганини тасдиқлайдиган очиқ лаборатория натижаси йўқ, яқин-орада бўлмаса ҳам керак.
 
Энг аввало, мазут ҳақидаги гумонни текширишга арзийдиган асос бор. Экология вазирлигининг 2025 йил 12 сентябрдаги расмий маълумотига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги биринчи ва иккинчи тоифали 1 233 та саноат корхонаси йилига жами 5,03 миллион тонна кўмир ва 262 минг тонна мазут истеъмол қилади. Текширилган иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик марказларининг айримлари табиий газ билан бирга мазут ҳам ишлатган. Тўққизта иссиқлик маркази ва Тошкент иссиқлик электр станциясида эса текширув пайтида фильтрлар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ҳужжатда ёқилғи ёниши натижасида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳам тилга олинган.
 
Мазутдан фойдаланиш ҳақидаги шубҳа асоссиз эмас. Бундай ёқилғи ҳақиқатан ҳам ишлатилади ва унинг ёниши ҳавога олтингугурт оксидлари ҳамда бошқа зарарли моддалар чиқариши мумкин. Бу масалада яна бир муҳим тафсилот бор. 2024 йил 24 сентябрда қабул қилинган ПҚ-338-сон қарорда Тошкент ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мазутдан фойдаланишни 2030 йилдан тақиқлаш белгиланган. 2025 йил куз-қиш мавсуми бошланишидан эса, мазутни захира ёқилғиси сифатида ишлатиш ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори асосида йўлга қўйилиши кўрсатилган. Демак, Қарор матнидаги талаблардан келиб чиқиб, жамоатчилик жорий мавсум учун қандай тартиб белгиланганини ва амалда қайси корхоналар қандай ёқилғи ишлатаётганини билишга ҳақли.
Иссиқхоналар масаласи ҳам шунга ўхшаш. Уларнинг бир қисми шаҳар ташқарисига кўчирилгани билан муаммо автоматик равишда йўқолмайди. Тутун ва зарарли газлар маъмурий чегарани танламайди. Айниқса, шамолсиз кечаларда ифлослантирувчи моддалар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиши мумкин. Бу иссиқхоналарни айблаш кераклигини эмас, уларнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар, қандай ёқилғи ишлатаётгани ва қозонларида қандай фильтрлар борлигини текшириш зарурлигини англатади.
 
Экология соҳасидаги идораларнинг 2025 йил 11 сентябрда эълон қилинган маълумотида 2024 йил охири ва 2025 йил бошида Тошкент атрофидаги 630 та иссиқхона текширилгани, уларнинг 40 тасида резина чиқиндилари ва автомобиль шиналарини ёқиш ҳолатлари аниқлангани айтилган. Бу корхоналарга нисбатан маъмурий чоралар қўлланган.
 
Мутасаддилар автомобиль чиқиндилари шаҳар ҳавосини ифлослантирувчи манбалардан бири эканини доимий таъкидлаб келади. Лекин машиналар йил бўйи ҳаракатланса, нима учун ҳаво муаммоси куз-қишда кескин сезилади? Жавобнинг бир қисми метеорологияда, инверсияда бўлиши мумкин. Яъни, совуқ тушиши, шамолнинг сусайиши ва ҳарорат инверсияси ифлосланишни кучайтириши мумкин. Лекин бу даражадаги кескин фарқли ифлосланишни фақат инверсия билан оқлаб бўлмаса керак.
 
7 октябрь куни эълон қилинган кейинги расмий маълумотда  ҳам кечқурун ва эрталаб ҳаво сифати ёмонлашгани айтилган. 6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача Тошкент бўйича PM2.5 нинг ўртача концентрацияси 43,5 микрограмм/м³, PM10 эса 97,2 микрограмм/м³ бўлган. Халқаро ҳаво сифати индекси бўйича бу даврдаги ўртача кўрсаткич 117 ни ташкил этган, яъни ҳаво сезгир гуруҳлар учун носоғлом тоифага кирган.
Айтиш лозимки, айнан ҳозир сезилаётган сассиқ ҳидни PM2.5 ёки PM10 рақамларининг ўзи билан тушунтириб бўлмайди. Бу заррачаларнинг миқдорини ўлчайдиган кўрсаткичлар, ҳиднинг кимёвий таркибини эмас. Ҳид олтингугуртли бирикмалар, органик моддалар, чиқиндиларнинг ёниши ёки бошқа манбалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзи зарарли моддалар эса кучли ҳидсиз ҳам бўлади. Шу сабабли, одамнинг димоғи сезган ҳид заҳарнинг фақат бир қисминигина билдириши аниқ, бу эса янаям хавфли.
 
Мавсум яқинлашяпти, ҳар йилги муаммолар ҳам яқинлашаётгандек. Эрталаб деразани очганда сассиқ ҳид келса, буни оддий кузги ҳолат деб қабул қилишга ўргана бошладик. Ҳиднинг манбаси аниқланиши, текширув натижалари очиқланиши ва зарур чоралар кўрилишини сўрашга ҳаққимиз бўлса керак.
Ҳаво тоза эканини идоранинг ҳисоботи айтиши мумкин. Аммо одамлар нега нафас олаётган ҳавосидан шубҳаланишга мажбур бўляпти? Бунга ҳам масъул идоралар аниқ жавоб бериши лозим.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар