Сохта сингапурлик инвесторга тегишли фирма Ғафур Ғулом боғи очилишини кузга қолдирди. Олий Мажлис Сенаторлари боғни жойига чиқиб ўрганиб, уни сентябрь ойида очилишини билиб қайтишди.
Куни кеча rost24.uz сайти Ғафур Ғулом боғида иш жараёнлари қандай бораётгани ва нима учун унинг очилиши кечиктирилаётганини сўраб ва Сенаторлар вазиятни жойига чиқиб ўрганишни ваъда беришганини эслатиб сўровнома жўнатган эди. Шунингдек, боғнинг жорий ҳолати ҳақидаги мақолани қайта эълон қилганди.
Бугун Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида олиб борилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганганларини маълум қилди.
2021 йилдан буён Сенаторлар хусусан, сенат аъзоси Бахтиёр Сайфуллаев боғни жойига чиқиб ўрганишни жамоатчиликка ваъда бериб келади. Йил бошида Б.Сайфуллаев rost24.uz сайтига ҳам боғни жойига чиқиб ўргангунига қадар, 2021 йил тугаб қолганини, шунинг учун улар боғни ўрганишга улгура олишмагани ва бу иш эндиликда кун тартибига қўйилишини айтган эди.
Боғ директорининг ўринбосари Зафар Мирзаулуғовнинг февраль ойида берган ваъдасига кўра, боғ шу ёзда қуриб тугатилиши керак бўлган. Истироҳат боғининг янгилаш ишларининг чўзилиши, айнан аҳоли ҳордиқ чиқарадиган вақтда ёпиқ бўлиши ва энг асосийси, уни гўёки сингапурлик инвестор сифатида тақдим этилган Ўзбекистон фуқароси томонидан сотиб олингани ҳақидаги шубҳали маълумотлар негадир Сенаторлар назоратидан четда қолган. Сенат аниқлаган ва маълум қилган ахборотга кўра, бугунги кунда “BMP Smart Decision Private Limited” хорижий компанияси томонидан боғ ҳудудида реконструкция қилиш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда ва шу мақсадда 71 млрд. сўм маблағ сарфланган.
Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи 2019 йил 9 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг Ф-670 сон фармойиши ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 15 августдаги 1126-сон фармойиши асосида BMP Smart Decision’га 49 йилга ижарага берилган. Компания инвестицион мажбуриятлари доирасида боғни жаҳон стандартларига жавоб берадиган қилиб қайта таъмирлаши, эскирган аттракционларни янгисига алмаштириши белгиланган эди. Бу компания 2019 йил 13 февраль куни устав фонди бор йўғи 1000 сингапур доллари (729 доллар атрофида) билан рўйхатдан ўтказилган.
Боғ ҳақидаги мақолалар:
- Ортиқхўжаевнинг унутган ваъдасини эслатамиз: Ғафур Ғулом боғи халқники эмасмиди?
- Сенаторлар энди ўйлаб иш қилинишини маълум қилди
- Ғафур Ғулом боғи масаласи Сенатда кўтарилганига бир ярим ой бўлди. Мутасаддилар ҳамон аввалгидек жим
- СЕНАТОРЛАРНИНГ ДОИМГИ ВАЪДАЛАРИ: “кўриб чиқилмоқда”, “жойига чиқиб ўрганамиз”, “мақсад қилганмиз”, “режага киритамиз”…
- Сенаторлар «Ғафур Ғулом» боғини "қуритиб", «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни йиғлатди
- Ғафур Ғулом боғига қачон ёз келади?