Ортиқхўжаевнинг унутган ваъдасини эслатамиз: Ғафур Ғулом боғи халқники эмасмиди?

02.04.2022 10:54

Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи атрофидаги гап-сўзлар бир неча йилдан бери тугамайди. Аввалига инвесторга берилди, кейин қайтариб олиш масаласи кўрилади дейилди, кейин бу масала нима сабабдандир кўрилмади, хуллас, энди шу йил ёзда истироҳат боғи фойдаланишга топширилиши ваъда қилинмоқда. Бу ваъдалар мавсум тугамай амалга ошмаса, бу йил ҳам ўртаҳол оилаларнинг болалари ҳамёнбоп атракционларда учиш имконидан мосуво бўлишади. Айтганча бу боғ энди ҳамёнбоплигича қоладими йўқми бу ҳам савол остида. Чунки, инвестор ўзи тиккан маблағни албатта тезроқ қайтариб олиш пайида бўлади.  Нархлар оддий оила боласи ҳордиқ чиқариши учун мос бўлмаса, яна телевизор қаршисида кузатишадими улар?

Rost24.uz сайтида ҳам бошқа ОАВларда ҳам боғнинг шубҳали инвестори, халққа бу боғ кераклиги ҳақида бир нечта мақолалар эълон қилинди. Лекин, мутасаддилар ўз қарорида собит туришибди. Жамоатчилик фикрига ҳеч ким қулоқ солгани йўқ.

 «Ғафур Ғулом боғидаги дарахтларни печак ўсимлиги қуритган»

 Бир неча ой аввалги ҳолатга кўра, Ғaфур Ғулом боғида 15 туп дарахт, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35 туп дарахт қуриб қолгани маълум қилинган (ҳозирда дарахтларнинг қанчаси қуриб қолгани ҳақида аниқ маълумот йўқ). Боғ директорининг ўринбосари Зафар Мирзаулуғовга кўра, дарахтларнинг қуришига асосий сабаб, «плющ» деб номланувчи, дарахтга чирмашиб ўсувчи печак ўсимлигидир. Мирзаулуғов ушбу ўсимлик дарахтга чирмашиб, санчилиб, ердан дарахтнинг танасига келаётган намликни ўзи тортиб олишини айтади.

Аммо мутахассислар бутунлай бошқа фикрда. Маълумки, бундай чирмовуқсифат ўсимликни кўплаб дарахтлар танасида учратишимиз мумкин, пойтахтдаги деярли барча истироҳат боғларида, Мустақиллик майдони атрофларида, Шаҳидлар хиёбонида, хусусан, Ботаника боғидаги дарахтлар танасида ҳам бундай лианалар бор. Бундай ўсимликлар дарахтга осилган ҳолда ўсиб, улар паразитлар туркумига кирмайди. Ўзбекистон Ботаника боғида ҳам плющлар ўсади ва ботаник олимлар фикрига кўра, улар дарахтдан илашиш мақсадида фойдаланади, лекин унга зарар етказмайди. Мутахассислар дарахт қуришининг асосий сабаби ўша жойдаги экологик ҳолат, хусусан қурилишлар бўлиши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Қурилишлар, янгиланишлар, инвестициялар давлатни ривожлантиради, ижобий ўзгаришлар халқни бой қилади, бундан ҳар бир инсонман деган фуқаро албатта хурсанд бўлади. Аммо, халқнинг кўзини алдаш, ижобий ўзгаришларни ниқоб қилиб айбларни бекитиш бу халққа хиёнатдир.

Сардоба тошқини юз бериб, жиноий ишлар очилган пайтда, алоқадор амалдорлар томонидан зоологлар кўрсичқон ва тулкиларнинг Сардоба тўғони емирилишига таъсирини ўрганиш учун жалб қилинган, лаққа балиқларнинг тўғонга таъсири ўрганилган эди. Бу эса ижтимоий тармоқларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлган.

Энди эса неча йиллардан бери боғдаги дарахтлар билан ёнма-ён ўсиб келаётган печаклар айбдор сифатида кўрсатилаяпти. Бу кулгили эмасми?

Шундай улкан, бир неча йиллик катта дарахтларнинг бир чирмовуқ таъсирида қуриши мутахассис бўлмаган оддий халқ учун ҳам тушунарсиз.

Балки, янаги сафар шундай ҳолатлар юз берганда аввал бирор соҳа мутахассисини чақириб, ишонарлироқ сабаблар ўйлаб топиш керакдир? Чунки замон ўзгаряпти, халқ, жамоатчилик энди аввалгидек содда ва ишонувчан эмас, бундай ақлдан анча узоқ сабабларни кўрсатиш орқали амалдор қатламнинг кулгига қолиш эҳтимоли жуда катта.

           Ўзимизни инвестор ва унутилган ваъдалар

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълумотига қараганда, умумий ер майдони 13,99 гектар бўлган «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги 670-Ф-сонли фармойишига мувофиқ, Сингапурнинг «BMP Smart Decision Private Limited» компаниясига замонавий кўнгилочар маскан барпо этиш учун ижара ҳуқуқи асосида 49 йил муддатга ажратиб берилган. 

Унинг таъсисчиси – Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи Ҳалимов Шерзоддир. Компаниянинг устав фонди миқдори 1000 Сингапур доллари (тахминан 720 АҚШ доллари)ни ташкил қилади. Компания 2019 йил 13 февралда таъсис этилган.

Икки йил аввал устав жамғармаси ўн миллион сўмга ҳам етмаган бу компаниянинг жами 10 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритишига шубҳа билан қаралганди. Бу шубҳалар ўринли чиқаяпти шекилли, ҳанузгача боғни янги қиёфасини кўрганимиз йўқ. Бу боғни ҳам чўллантирилган Миллий боғ тақдири кутмаётган бўлса бўлди. 

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев истироҳат боғини ҳокимият маблағлари эвазига таъмирлатиб, янги қиёфани биргаликда яратиш таклифини киритганди. Шунингдек, «халқники бўлган боғ халқда қолиши» таъкидлаб, жамоатчиликни тинчлантириб қўйганди. 

Қуйидаги сўзлар эса ўтган йилнинг 16 декабрида палатанинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоевага берилган ваъда:

“Ғафур Ғулом боғи инвесторга берилган. Бизга тақдим этган лойиҳаси бўйича 2 йил давомида ҳеч қандай дарахтга тегмасдан, пляж зоналарини асл ҳолича қолдириш, уни реконструкция қилиш ва қўшимча янги аттракционларни қўйиши кўрсатилган. Лекин ҳозир тадбиркоримиз 1 йилдан ошдики, ҳалигача ўзига қўйилган вазифаларини бажармади. Буни қайта кўриб чиқамиз”.

Жаноб ҳоким! Биз ваъдангизни эслаймиз! Боғ қачон халқники бўлади? Ё бу гаплар шунчаки ёлғонмиди? Ёлғон маълумот учун журналистлару, блогерларга ишлайдиган жавобгарлик нормалари, амалдорларга ишламайдими? 
Биз ёлғон ваъдаларни эслатиб ўтиш баробарида, ҳеч бўлмаса қолган дарахтлар сақланиб қолишидан ҳам умидвормиз. Экология назоратига дахлдор ташкилотлар ҳам бу ҳудуддан кўз юмиб ўтиб кетмаслиги керак.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.04.2022 21:21
Уз холича колдириш керак эди богни