ҚАЧОН АМАЛИЙ НАТИЖА БЎЛАДИ?
“Кўриб чиқилмоқда”, “жойига чиқиб ўрганамиз”, “мақсад қилганмиз”, “режага киритамиз” қабилидаги гаплар билан сенаторлар журналистлар олдидаги навбатдаги очиқ мулоқотларини якунлаб олди.
Одамлар сенаторларга ишонадими? Бугун 34 миллиондан ортиқ аҳоли олдида ҳисобдор бўлган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенаторларининг давлат мажлислари давомида айтган сўзларининг салмоғи турмуш ҳаётимизда ҳам сезилмоқдами? Улар тилга олган, назоратга олган муаммолари ечими ҳаётимизда сезилмагач, уларнинг сўзлари ва ўзларига бўлган халқ ишончи йўқолиб бораётгандек.
Сенаторлар журналистларга қарши чиқишдан чўчимай қўйганлари яхши, аммо шаблон гаплар билан ўтган ҳисоботдан кимга нима наф?
Биз журналист сифатида сенаторларнинг охири йўқ ваъдалари ва кўриб чиқилмоқда, ўрганилмоқда қабилидаги гапларини оммага етказишдан ор қиладиган даражада уялмоқдамиз. Аммо, шаблон ваъдаларга ўрганган сенаторлар бундан чарчамайдиган кўринади.
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якуни бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам айни масала юзасидан баҳс мунозара борди.
Унда, rost24.uz мухбири Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи мажлисида сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ғафур Ғулом боғи юзасидан қарори нотўғри бўлган бўлса-да, у биронта сенатор томонидан ортиқча саволга тутилмагани, ҳисобдорлик, маъсулият, жавобгарлик вазифалари эслатилмаганини танқид остига олди.
Сенаторлар нафақат Тошкент шаҳар ҳокимининг истироҳат боғ масаласида балки, журналистлар томонидан кўтирилган турли экологик муаммолар Сангзор, Зарафшон дарёларининг экологик танг аҳволи юзасидан берилган саволларига ҳам умумий жавоблар бериш билан чекланишди. Сенатор Борий Алихонов экологик муаммоларни жуда яхши билишини эслатар экан, яна ушбу муаммолар ечими келгуси йил режасига киритилганини таъкидлаб ўтди. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев сенаторлар “ўрганиб чиқамиз”, “кўриб чиқамиз” қабилидаги гаплар билан аравани қуруқ олиб қочмасликларини таъкидлаб ўтган ҳолда ўз сўзини яна “ўрганиб чиқамиз”, дея якунлади.