Ғафур Ғулом боғи масаласи Сенатда кўтарилганига бир ярим ой бўлди. Мутасаддилар ҳамон аввалгидек жим

02.02.2022 12:17

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сенат раисини фақат вазиятдан чиқиш учун ишонтирганмиди? Вазиятни жойига бориб ўрганишни ваъда берган сенаторлар эса болалари севиб борадиган Ғафур Ғулом боғидан айрилган халқни шунчаки алдаб қўйишганмиди? Улар Ғафур Ғулом боғига келишмадими?

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

“Ғафур Ғулом боғи инвесторга берилган. Бизга тақдим этган лойиҳаси бўйича 2 йил давомида ҳеч қандай дарахтга тегмасдан, пляж зоналарини асл ҳолича қолдириш, уни реконструкция қилиш ва қўшимча янги аттракционларни қўйиши кўрсатилган. Лекин ҳозир тадбиркоримиз 1 йилдан ошдики, ҳалигача ўзига қўйилган вазифаларини бажармади. Буни қайта кўриб чиқамиз”.

Ўтган йилнинг 16 декабрида палатанинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Ғафур Ғулом боғи хусусида берган саволига шундай жавоб берилган эди. 

Бир вақтлар жуда гавжум бўлган, аввалига шиддат билан иш бошлаб, сўнг шиддати пасайиб қолган “хорижий инвестор”нинг шарофати билан ҳозирда кимсасиз, дарвозасидан бўй чўзиб қарасангиз уюм-уюм тупроқлар ва ўнқир-чўнқир чуқурликлар кўринадиган ғариб – Ғафур Ғулом боғи ва ниҳоят сенаторларнинг ҳам эътиборини тортгани жамоатчиликни бироз хотиржам қилганди. 

Аммо, орадан бир ярим ой вақт ўтди, мутасаддилар ҳамон аввалгидек жим, боғда ҳам шундан буён заррача ўзгариш юз бермади.

         Аслида халққа ёқадиган паркни модернизация қилиш баҳонасида ёпиб қўйилиши кимга керак эди?

Боғ атрофидаги машмашалар салкам уч йилдан буён тугамаяпти.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда Ғафур Ғулом боғи ўрнида янги турар жойлар ва бизнес марказ қурилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганида Тошкент шаҳар ҳокимлиги бунга муносабат  билдириб, барча хавфсирашлар асоссиз эканлигини, Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғи 49 йилга BMP Smart Decision Private Limited хориж компаниясига модернизация қилиш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий паркни барпо қилишга оид инвестицион мажбурият билан берилишини хабар қилган эди. (Жамоатчилик нега бундан бир йил ўтиб хабар топаётгани ҳақида муносабат билдирилмаган).

Модернизация лойиҳасида ўтган асрнинг 80-йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштириш, боғнинг яшил ҳудудини сақлаш, боғда ўсаётган дарахтларга қўшимча равишда, янги дарахтлар билан тўлдириш назарда тутилган. (Маълумот учун: бугунги кунда Ғaфур Ғулом боғида 15 туп дарахт, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35 туп дарахт қуриб қолган).

Шунингдек, реконструкциядан кейин боққа кириш аввалгидай бепуллигича қолиши айтилган. (Эслатиб ўтамиз, Tashkent sity ҳудудига кириш ҳам аввалига бепул экани айтилган эди, кейинчалик ҳудуддаги фавворалар бир кунда катта миқдорда маблағ талаб қилиши сабаб қилиб кўрсатилиб, боққа кириш пулли қилинган).

Аммо, орадан бироз вақт ўтиб, Сингапурнинг ушбу боғни замонавий кўринишга келтириш учун 2019-2022 йилларда жами 10 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олганлиги айтилган «BMP Smart Decision Private Limited» компанияси аслида устав фонди миқдори 1000 Сингапур доллари (тахминан 720 АҚШ доллари)ни ташкил қилувчи, 2019 йил 13 февралда Сингапурда Ўзбекистон фуқароси Ҳалимов Шерзод томонидан таъсис этилгани маълум бўлди.

Маданият вазирлиги эса, ушбу хабарларга муносабат билдириб, компания таъсисчилари 70 % улушга эга Сингапур фуқароси Zheng Haojiang Raymond ва 30 % улушга эга Ўзбекистон Республикаси фуқароси Шерзод Ҳалимов эканлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда айнан ўша хорижий компания вакили сифатида ўзини таништирган Шерзод Ҳалимов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳоли билан учрашганида, шаҳар ҳокими истироҳат боғини ҳокимият маблағлари эвазига таъмирлатиб, янги қиёфани биргаликда яратиш таклифини киритган эди.

Хорижий инвестор дея айтилаётган компаниянинг эгаси асли Ўзбекистон фуқароси экани ва устав жамғармаси ўн миллион сўмга ҳам етмайдиган компаниянинг жами 10 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритишига жамоатчиликда пайдо бўлган шубҳа ва эътирозларга қарамасдан, одатдагидек орадан бир оз вақт ўтиб айтилган сўзлар унутилди ва очиқ манбаларга жойлаштирилмаган ҳукумат фармойиши асосида боғ шубҳали компанияга тақдим этилди.

         Чексиз ваъдалар ...Боғдан эса дарак йўқ

Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, истироҳат боғи маъмурияти томонидан берилган, умумий ҳисобда 45 та турли аттракционлар барпо этилиши, 300 ўринга мўлжалланган 2 та амфитеатр қурилиши, қисқа муддатли болалар боғчаси, тантанали тадбирларини ўтказиш иншоотлари, картографик фаввора, хорижий ва маҳаллий адабиётлар билан бойитилган, ўқув залига эга бўлган кутубхона, махсус техник воситаларга эга спорт майдончалари, умумий овқатланиш шохобчалари, қишки ёпиқ дам олиш маркази, кўл атрофида югуриш йўлакчалари ташкил этилиши, инвесторга лойиҳадан четлашиб, кўнгилочар масканга тааллуқли бўлмаган бино-иншоотлар қурилиши кузатилса, шу заҳоти шартнома бекор қилиниши, реконструкция ишлари олиб борилиши жараёнида боғдаги дарахтларга умуман зиён етказилмаслиги, аксинча янги турдаги дарахтлар экилиши ҳисобига боғнинг яшиллик даражаси ортиши ҳақидаги чексиз ваъдалар, орадан салкам бир ярим йил ўтса-да, ўз исботини топмади.

Бу ерда ишлаб ўз оиласини боқадиган 100 га яқин тадбиркорлар эса ишсиз қолиб, боғ реконструкцияси тугаганидан кейин ҳам аввалги жойларида ишлаш имконидан маҳрум бўлдилар.

        Фақат инвестор айбдорми? Яхши ишлаб турган боғни унинг қўлига ўтказиш учун қарор чиқарганлар-чи?

Орадан вақт ўтиб, сенатнинг ялпи мажлисида бир йил аввал қайта қайта берилган улкан ваъдалар, халқни ваҳима қилишда айблаш, бирортаям дарахтга зиён етказмаслик, аҳоли истаса дарахтларни санаб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги сўзлар амалга ошмагач, энди ваъда берганлар четда қолиб, фақатгина инвесторнинг иши қайтадан кўриб чиқиладиган бўлди, аммо таассуфки ҳали ҳатто инвесторнинг ҳам иши кўрилмади, боғ бошқага олиб берилмади ёки қайтадан тендер ўтказилиши ҳақида ҳеч қандай хабар ҳам йўқ.

Бир йилдан буён боғ атрофи тўсиб қўйилган, аттракционлар бузиб ташланган, боғда иш тўхтаган, ҳарқалай бирорта машина ёки одамлар ишлаб тургани йўқ. Ичкарида нималар бўляпти, ўзи нимадир бўляптими, буни аниқлашнинг асло имкони йўқ, чунки ичкарига киритишмайди.

Шахсини маълум қилишни истамаган ходимнинг маълум қилишича, “бунинг асло иложи йўқ, тепадан рухсат беришмайди”. Ҳатто ташқаридан суратга олиш (боғ ичини) ҳам мумкин эмас, дарвоза ёнига ёзиб қўйишган, бу ерда ҳеч қандай турар жой иншоотлари ва бизнес марказлари қурилмаслиги ҳақида ёзиб қўйилган, шунинг ўзи етади. 

Бунчалик сирлиликнинг сабаби нимада?

Ичкарида нималар бўлмоқда ўзи? Бу масала қачон “қайта кўриб чиқилади”? Ўша машҳур “хорижий” инвестор Шерзод Ҳалимов қаерда, нега чиқиб муносабат билдирмайди, нималар бўлаётганини айтмайди? Балки устав фондидаги 720 доллар тугагандан сўнг иш тўхтаб тургандир боғда?

Ғафур Ғулом боғи ҳам бугунги кунда ярмига Сити қуриб юборилган Миллий боғ, Абдулла Қодирий боғи, Мирзо Улуғбек туманидаги Ғафур Ғулом боғининг шахобчаси ва яна бир қанча абгор ҳолдаги боғлар каби аросатда қолмоқда. Бу учун эса ҳеч ким жавобгар эмасдек гўё.  Нисбатан арзонроқ бўлган паркларисиз қолган ўртаҳол оилаларнинг болалари эса ўтган йил мавсумда аттракционларда вақтичоғлик қила олишмади. Яна кунлар исий бошласа завқли  аттракционларни ўн бештаси учун бир болага камида 500 минг сарфланадиган боғлар бор, танлов ихтиёрингизда.   

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
06.02.2022 19:27
Халк фикри бир тийн.
05.02.2022 17:27
Афсуски бу Хақиқат ! Журналистни "соғлом ақл узоқ қуруқ ваъдаларни қабул қилмайди" деганига Сенаторлар яна соғлом ақл қабул қилмайдиган жавоб беришди.
04.02.2022 03:34
Бу одамлар Ватан деганда нимани назарда тутишади, нимани тушинишади?!
03.02.2022 23:57
Боғ яна бир ўзимизнинг "устамонга" ўтказилган. Улар пайт пойламоқдалар. Халқни кўзини шамғалат қилиб янги бинолар қурилишини бошлашга. Ортиқхўжаев эса, амални хурматидан сувдан қуруқ чиқмоқда. Хеч нарсадан бехабардек.
03.02.2022 18:14
Омааааад Ортикхужаев качон туясан.
03.02.2022 03:24
Ассалому - алайкум ! Хурматли, азиз Ватанимиз фукаролари ! Балаларимиз ва набираларимизнинг, азим Тошкентга Ватаним чет кишлок ларидан келган инсонларининг хам энг арзон, энг су́лим дам олиш жойи бу ГОФУР ГУЛОМ оромгохи эди ! Бу оромгох энг транспорт коммуникацияси хам энг кулай бу́лган ГОФУР ГУЛОМ боги эди . Шунинг учун биз У́збекистон фукороларини энг кулай ,хамма учун АРЗОН бу́лган Оромгох жой ГОФУР ГУЛОМ боги бу́лган! Халкимиз номидан шахар хокимлигидан ,ундан юкори мансабдор шахслардан шу богни У́ЗЛИГАЧА колдириб, ХАММА учун бу ОРОМГОХни "ХАЛК боги" деб колдирсак оддий инсонлар ,халкимиз сиздан рози, Аллох -таоло хам РОЗИ бу́лар эди ! Болаламиз ,навараларимиз, келажак АВЛОДИМИЗга бир СОВГА бу́лар эди ! Ахир ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ХАМ , СИЗЛАР ХАМ халкимиз рози бу́лиши учун шунча харакат килмокдасизлар !Бу ишингиз ХАЛКИМИЗга жуда ёкарди ! СОГ -САЛОМАТ бу́линглар !