ТАҲРИРИЯТДАН: кўриб чиқилмади, жойига чиқиб ўрганилмади, мақсад қилинмаган, режага киритилмаган…
Сенатор Бахтиёр Сайфуллаевнинг айтишича, Сенат аъзолари «Ғафур Ғулом» боғини жойига чиқиб ўргангунга қадар, 2021 йил тугаб қолган. Шунинг учун улар боғни ўрганишга улгура олишмаган ва бу иш эндиликда кун тартибига қўйилади.
Сенаторлар ваъда беришдан ўзга ишга ҳам қодирми?
Кечагина журналистларга, улар орқали халққа жойига чиқиб ўрганамиз, кўриб чиқамиз, кун тартибига киритамиз, дея ваъда берган сенаторлар бугун амалий ишга ўтдими?
Бугун Сенатнинг 23-ялпи мажлиси якуни юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида rost24.uz сайти Сенаторларни якуни кўринмас ваъдалари юзасидан саволга тутди. Саволларимиз миллат тақдирига дахлдор «Давлат тили тўғрисида»ги масала ва пойтахт аҳолисини қийнаётган муаммо юзасидан эди.
Яъни «Ғафур Ғулом» боғи қачон халққа қайтарилади, умуман у қайтариладими ёки йўқми? Янги таҳрирдаги “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг тақдири нима бўлди? Мазкур саволлар Сенаторларнинг ялпи мажлислар якуни юзасидан ўтказган аввалги матбуот анжуманларида ҳам янграган эди. Саволга жавобан сенаторлар хусусан, Бахтиёр Сайфуллаевич “Ғафур Ғулом” боғини жойига чиқиб ўрганишни, масала ижобий ҳал этилишини ва кун тартибига қўйилишини ваъда берган эди.
Бу сафар ҳам сенатор айнан шу ваъдаларни берган ҳолда қуйидагича жавоб қайтарди:
"Жуда тўғри, АОКАдаги учрашувда мен сизнинг сайтингизга кириб кўрдим. Шу ваъдалар тўғрисида роликлар қилган экансизлар. Бу ваъда – ижроси билан чиройли бўлади. Тўғрими нотўғрими..?
"Ғафур Ғулом" боғи бўйича иш ўзимизнинг биринчи ярим йиллик иш режамизга киритганмиз. Йилнинг охири бўлгани учун биз улгурмадик, ҳисоботларга тайёргарлик ва бошқалар билан бўлиб.
"Ғафур Ғулом" боғи бизнинг кун тартибимизда турибди. Биз ҳал қилган кунимиз, ўша куни файcебукка киринг. Мен ўзингизга шахсан юбораман. Бу масала долзарб масала, ҳаммамизни қийнаётган масала. Мана куни кеча маданий мерос объектлари бўйича ҳам ишлар кўрдик. Ишларимиз шунчалик кўп. Прокуратура билан биргаликда қонун қабул қилдик. Жазо қўллаш бўйича. Аста-секинлик билан мана бизни 3-5 йилгача, 5-7 йилгача катта зарар етказганлиги учун маданий мерос агентлиги шундай нега, 1,5 йил олдин бу масалани кўтаришган эди. Бу бизни кун тартибимизда турибди. Бу вазиятни ижобий ҳал қиламиз. Бу шундай қолмайди. Сенатор сўровини юборганман. Сенат жавобини олгандан кейин жойга чиқиб ўрганаман мен. Қани ҳокимият нима жавоб беради? Амалда нима бўлаяпти? Бу жавобсиз қолмайди...", дея жавоб қилди Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.
Яна қуруқ ваъда ва баҳоналар билан жавоб берган сенатор «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга оид саволни очиқ қолдирди.
Сенаторлар бугун яна ижобий ҳал қиламиз, деган ваъдалар билан қутулди. Аммо, халқ томонидан сайланган амалдорлар 30 миллиондан ортиқ аҳоли олдида ҳисобдорликни ҳис этадими? Бу чексиз ваъдалар амалий натижа беришига ўзлари ҳам ишонармикан?
Масалан, моддий маданий мерос объектларига шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгунга қадар бир неча тарихий объектларимизга зарар етиб улгурди. Хусусан, Ситораи Мохи-Хоса маданий меросини сифатсиз реставрация қилиш оқибатида объектга 28 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган. Сенаторларимизнинг бугунги “кун тартибига қўйилди”, “жойига чиқиб ўрганамиз”, “ижобий ҳал қиламиз” каби ваъдалари билан давлатга, халқ мулкига яна қанча зарар етар экан?