Рақобат қўмитаси фармацевтика соҳасида улгуржи дистрибуция билан шуғулланувчи корхоналарни огоҳлантирди. Сўнгги вақтларда талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда дорихоналарга бошқа препаратларни ҳам мажбурий равишда сотиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўпайган. Қўмита бу каби ҳаракатлар рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга 305 та корхона томонидан дори воситалари импорт қилинган. Шундан 47,2 фоизи бешта йирик импортёр ҳиссасига тўғри келган.
Қўмита таҳлилларига кўра, дорихоналар тармоғида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. 2023 йилда мамлакатда жами 13 744 та дорихона фаолият юритган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 13 010 тани ташкил этган. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига келиб, дорихоналарнинг умумий сони 14 598 тага етган.
Шу билан бирга, чакана дорихоналарнинг асосий шохобчалари сони қисқариб, филиаллар сони ортган. Жумладан, 2023 йилда 8 584 та асосий дорихона ва 4 639 та филиал мавжуд бўлган. 2026 йил 1 октябрга келиб, асосий дорихоналар сони 7 940 тага тушган, филиаллар эса 6 209 тага етган. Бу даврда улгуржи дорихоналар сони ҳам 521 тадан 449 тага камайган.
Қўмита таъкидлашича, айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар томонидан харидорларга талаб юқори бўлган препаратларни сотиб олиш учун қўшимча равишда бошқа, улар буюртма қилмаган дори воситаларини ҳам олиш шарти қўйилаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Бундай амалиёт кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида устун музокара кучи тушунчаси белгиланган. Унга кўра, бозорда устун мавқега эга бўлмаган корхона ёки шахслар гуруҳи ҳам битим шартлари, товарлар сотиладиган ҳудуд ёки нархларни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Қонуннинг 18-моддасида эса устун музокара кучини суиистеъмол қилиш ҳолатлари назарда тутилган. Жумладан, товарларни сотиш ёки харид қилишда камситувчи шартларни белгилаш, нархларнинг ошишига ёки истеъмолчилар манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда товарлар муомаласи ҳажмини қисқартириш, шунингдек шартнома тузиш учун харидорга қўшимча мажбуриятлар юклаш шулар жумласидандир.
Хусусан, харидорни ўзига керакли дори воситасини олиш учун бошқа препаратларни ҳам сотиб олишга мажбурлаш ёки унинг бошқа етказиб берувчилар билан ишлашини чеклаш рақобат қонунчилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши мумкин.
Қонунчилик талаблари бузилган тақдирда, тегишли корхоналарга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин. Қўмита маълумотига кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатда товарларни реализация қилишдан олинган тушумнинг 5 фоизини ташкил этади.
Айни пайтда, Рақобат қўмитаси дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда. Агар талаб юқори бўлган препаратларни харид қилишда буюртма берилмаган бошқа товарларни ҳам мажбурий сотиб олиш шарти қўйилгани аниқланса ва бу ҳаракатлар қонунбузилиш деб топилса, айбдор хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.