Anorbank акциядори Қаҳрамонжон Олимов таъқибга учраётганини маълум қилди
Anorbank акциядори Қаҳрамонжон Олимов 16 октябрь куни Франциядаги FEDIDA ASSOCIES юридик фирмаси орқали расмий баёнот тарқатиб, атрофидаги шов-шувли воқеаларга муносабат билдирди.
«Сўнгги 18 ой давомида мен ва оилам жиноий ва ноқонуний деб ҳисоблайдиган бир қатор ҳужумларга дучор бўлдик. Мен ушбу баёнотни нотўғри маълумотларни тўғрилаш ва ушбу воқеаларнинг ҳақиқий тафсилотини баён қилиш мақсадида эълон қилмоқдаман», — дейилади баёнотда.
Париждаги икки кунлик даҳшат
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, 2025 йил 24 июнь куни у Парижда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Олимов икки кун давомида тутқунликда сақлангани, қийноққа солингани ва озодликка чиқиши учун товон пули тўлашга мажбур бўлганини маълум қилди.
Унинг билдиришича, Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ушбу воқеа юзасидан тергов олиб бориб, беш нафар гумонланувчини ҳибсга олган. Яна икки киши суд назорати остида экани айтилмоқда. Бироқ бу шахсларнинг ҳозирги процессуал мақоми ҳақида мустақил тасдиқланган маълумотлар тақдим этилмаган.
Жабрланувчидан айбланувчига?
Воқеанинг энг баҳсли жиҳати шундаки, Францияда ўзини одам ўғирлаш қурбони деб ҳисоблаётган Олимов Ўзбекистонда айнан одам ўғирлаш билан боғлиқ жиноят иши доирасида қидирувга берилган.
Сентябрь ойида Интерпол сайтида тадбиркорга нисбатан «қизил хабарнома» пайдо бўлган. Бироқ октябрь ойи ўрталарига келиб ушбу хабарнома очиқ базадан йўқолган. Олимов бу ҳолатни ўзига қарши ташкил этилган навбатдаги босим сифатида баҳоламоқда.
«Одам ўғирлаш қурбони ўзим бўлсам-да, энди мени одам ўғирлашда айблашмоқда. Бу тўқиб чиқарилган айбловларни қатъиян рад этаман», — деди тадбиркор ўз баёнотида.
Можаро ортида молиявий низо борми?
The Insider нашри манбаси мазкур воқеалар Қаҳрамонжон Олимов ва унинг собиқ иш берувчиси, «Капиталбанк» асосчиси Ботир Раҳимов ўртасидаги эски молиявий келишмовчиликлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.
Бироқ бу тахмин ҳозирча расман исботланган эмас. Олимовнинг ўзи эса унга нисбатан нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий ва обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам олиб борилаётганини таъкидламоқда.