Роғун ГЭС қурилишида авария юз берди, ишчилар жабрлангани айтилмоқда

29.10.2026 16:35

Тожикистонда қурилаётган Роғун гидроэлектр станциясида авария содир бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, ҳодиса оқибатида бир нечта ишчи жабрланган бўлиши мумкин. Бироқ, расмий идоралар ҳеч ким жароҳат олмаганини маълум қилган.

Asia-Plus нашрининг хабар беришича, ҳодиса 21 октябрь куни соат 16:15 атрофида ГЭС қурилишининг тўртинчи сатҳидаги туннелнинг «Б» секциясида цементлаш ишлари давомида юз берган.

Маълум қилинишича, туннелда техник сув йиғиш учун мўлжалланган резервуарлардан бири ёрилиб кетган. Оқибатда сув туннелнинг қуйи қисмида ишлаётган ходимлар томон оқиб тушган. Расмий маълумотларга кўра, юқоридаги резервуарнинг шикастланиши қуйи қисмда жойлашган иккинчи резервуарга ҳам таъсир кўрсатган ва ҳар иккисидаги сув бир вақтнинг ўзида туннелга оқиб кирган.
Ҳодиса вақтида ушбу ҳудудда «Сино Ҳйдро» субпудрат компанияси ходимлари ишлаётган бўлган.

Айрим гувоҳлар журналистларга бир нечта ишчи тупроқ ва тошлар остида қолиб кетганини билдирган. Дастлабки хабарларда беш нафардан ортиқ ишчи жароҳатлангани айтилган, аммо уларнинг аҳволи ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Тожикистоннинг саноат ва кончилик соҳасидаги ишлар хавфсизлиги устидан давлат назорати хизмати 28 октябрь куни ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирган. Идора аварияга техник сув йиғиш резервуарининг ёрилиши сабаб бўлганини маълум қилиб, жабрланганлар йўқлигини таъкидлаган. Расмий баёнотга кўра, ишчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар кейинчалик ўз вазифаларини бажаришга қайтган.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш ва келгусида шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. 

Роғун ГЭС қурилишида хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам кузатилган. 2024 йил ноябрь ойида қурилиш майдонидаги авария оқибатида уч нафар ишчи ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган эди. 2025 йилда эса Тожикистон ҳукумати ГЭС қурилишида саккизта бахтсиз ҳодиса юз берганини маълум қилган, бироқ уларда ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар сонини очиқламаган.

Вахш дарёсида барпо этилаётган Роғун ГЭС Тожикистоннинг йирик энергетика лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Қурилиш тўлиқ якунлангач, баландлиги 335 метр бўлиши режалаштирилган тўғон дунёдаги энг баланд тўғонга айланиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 600 мегаватт бўлган олтита гидроагрегат ўрнатилиши кўзда тутилган. Ҳозирда иккита агрегат ишламоқда, учинчисини эса 2027 йил сентябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. ГЭС қурилишини 2035 йилгача тўлиқ якунлаш мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаштиришда халқаро молия институтлари ҳам иштирок этмоқда. Жаҳон банки 300 миллион доллар ажратган, Осиё тараққиёт банкидан эса яна 500 миллион доллар маблағ жалб этилиши кутилмоқда.

Роғун ГЭС ишга туширилгандан кейин ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг бир қисмини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳам режалаштирилган.

2025 йилда икки давлат ўртасида шу масалага оид битим лойиҳаси маъқулланган эди. Унда электр энергиясининг дастлабки нархи 1 киловатт-соат учун 3,4 АҚШ центи этиб белгиланиши, етказиб бериш эса станциянинг ишлаш босқичларига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар