Тошкент ва атрофидаги иссиқхоналар учун янги экологик талаблар жорий этилади

23.10.2026 14:40

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликлари учун махсус экологик тартиб белгиланди. Янги талабларга кўра, иссиқхоналарни кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғилардан муқобил энергия манбаларига ўтказиш, ҳавога чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни назорат қилиш ҳамда экологик ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 586-сон қарори билан махсус ҳудудда жойлашган қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналарга қўйиладиган экологик талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари махсус экологик тартиб жорий этиладиган ҳудуд сифатида белгиланди.


Янги тартибга кўра, иситиш тизимига эга бўлган иссиқхоналар табиий ёки суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши лозим. Ҳозирда кўмир, брикет ёки биомасса пеллетларида ишлаётган иссиқхона хўжаликлари 2026 йил 1 декабрга қадар иситиш тизимини белгиланган муқобил манбаларга ўтказиши керак.

Шу билан бирга, қаттиқ ёқилғидан фойдаланиш айрим шартлар асосида давом эттирилиши мумкин. Бунинг учун қозон қурилмалари ёқилғини узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими, шунингдек, чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозланиши шарт. Иссиқхоналарда узлуксиз автоматик мониторинг тизими ўрнатилиб, у Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиниши лозим. Бундан ташқари, ускуналар мувофиқлик сертификатига эга бўлиши, онлайн кузатув камералари, қувват манбаи ва захира генератори ўрнатилиши, ҳосил бўлган чиқиндилар эса белгиланган тартибда утилизация қилиниши талаб этилади.


Иссиқхоналарда шина, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ҳамда ишлаб чиқариш чиқиндиларини ёқиш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, таркиби ўхшаш бўлган бошқа материаллардан ҳам ёқилғи сифатида фойдаланишга рухсат берилмайди.


Иссиқхона хўжаликларининг янги талабларга мослашишини енгиллаштириш мақсадида молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган. Жумладан, 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор экранлар ва муқобил энергия асосида ишлайдиган иситиш тизимларини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бунда ҳар бир гектар учун ажратиладиган субсидия миқдори 50 миллион сўмдан ошмайди.


Автоматик мониторинг станцияларини харид қилишни истаган иссиқхоналар учун ҳам алоҳида молиявий механизм жорий этилади. Уч томонлама шартнома асосида ҳар бир станция учун 350 миллион сўмгача бўлган маблағ етти йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан молиялаштирилади.


2026–2027 йилларда электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, когенерация асосидаги иситиш тизимларига ўтиш лойиҳалари учун тижорат банклари орқали кредитлар ажратилади. Кредитлар етти йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада берилади. Молиялаштириш лойиҳа қийматининг 50 фоизигача қисмини қамраб олади, ҳар бир гектар учун кредит миқдори эса 3 миллиард сўмдан ошмайди. Кўрсатилган ставка таркибида банк маржаси 4 фоизни ташкил этади.

Белгиланган экологик талабларга жавоб бермайдиган иссиқхона хўжаликларига 2026 йил 1 декабрдан бошлаб давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси берилмайди. Аввал берилган хулосаларнинг амал қилиши ҳам белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда иссиқхоналарни электр энергияси, газ ва сув таъминотидан узиш чоралари кўрилади.


Махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларида назорат ва мониторинг ишлари ҳар йили 15 октябрдан 15 мартга қадар ўтказилади. Агар инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф туғдирувчи омиллар аниқланса, иссиқхона фаолияти ёки ифлослантирувчи манба 10 кунгача вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар