Бош вазирга жиддий савол: Давлат бюджетини кемираётган ортиқча лавозим ва вазирликлардан қачон қутиламиз?

15.10.2022 19:03

2016 йилдан буён вазирлик вa идоралар сони икки бараварга ошган (2016 йилда 48 та, 2022 йил октябрь ҳолатига 100 га яқин)

Ҳукумат 2016 йилга нисбатан давлат бюджетидан тахминан 4 баравар ортиқ маблағ сарфланмоқда.

Швейцарияда 7 та, Австрия ва Японияда 13 та, Германияда 14 та, Хитойда 21 вазирлик бор. Ўзбекистонда эса 25 та вазирлик…

***

Ҳозирда Ўзбекистонда 25 вазирлик, ижро этувчи ҳокимият тизимида 34 агентлик, 10 давлат қўмитаси, 6 қўмита, 15 инспекция, 6 марказ, 2 марказий муассасалар фаолият олиб бормоқда.

Бутун дунёда бошқарув функциясини имкон қадар соддалаштириш, умумлаштириш, оптималлаштиришга эътибор қаратилаётган бир пайтда бизда кундан кунга янги раҳбарлик лавозимлари, янги-янги амаллар жорий этилмоқда, давлат ҳокимияти органларининг тез-тез қайта тузилиб, бошқарув тизими мураккаблашиб кенгайиб бормоқда, бу эса шубҳасиз коррупцияга, бюрократияга тоборо кенгроқ йўл очади.

Ваҳоланки, 2022—2026 йилларга мўлжалланган, биз барча давлат идоралари ёзиб қўйган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ижро ҳокимияти, унинг бўлинмаларини ҳамда тузилмаларини ихчамлаштириш масалалари илгари сурилган. Унда ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш кўрсатилган. Амалда эса, акс ҳолатни кўрмоқдамиз, гўё кимгадир раҳбарлик лавозими етмай қолса ҳам янгидан бирор вазирлик, агентлик, ташкилот тузилаётгандек.

Давлат органи – бу бюрократия демакдир

Адлия вазири Р.Давлетов фикрига кўра, “...бизда жуда катта давлат аппарати бор ва унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра буни иқтисодга йўналтириш керак. Чунки қанча давлат органи кўп бўлса, иқтисодиёт ривожланиши шунча қийин кечади. Тадбиркорларнинг ишлаши қийин бўлади. Давлат органи дегани - бу бюрократия, дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси дегани. Шунинг учун бунга барҳам бериш, бюрократия оқибатида пайдо бўлаётган коррупцияни, негатив факторларни йўқотиш керак”.

2016 йилдан буён вазирлик вa идоралар сони икки бараварга ошган (2016 йилда 48 та, 2022 йил октябрь ҳолатига 100 га яқин), ҳозирда ҳукумат учун 2016 йилга нисбатан давлат бюджетидан тахминан тўрт баравар ортиқ маблағ сарфланмоқда.

Давлат ривожланиши учун вазирлик ва идоралар сонини ошириш лозимми?

Солиштириш учун, Швейцарияда 7 вазирлик, Австрия ва Японияда 13 вазирлик, Германияда 14 вазирлик, Хитойда 21 вазирлик фаолият кўрсатади, демак ривожланган мамлакат бўлиш учун вазирлик ва идоралар сонини чексиз даражага етказиш шарт эмас, аксинча, уларни қисқартириб бирлаштириш кўплаб муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин, албатта аҳоли учун.
Бошқарув тизимини кенгайтириш аҳолига ноқулайлик ва давлат бюджетига зарар келтиради холос. 

Маълумотларга кўра, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига қўшиб юборилиши натижасида тизимда республика даражасидаги раҳбарлар сони икки баробарга қисқарган, бошқарув ходимлари сони 110 тага камайди, вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга қисқартирилди.  Натижада 84,5 миллиард сўм иқтисод қилинган.

Бу амалиётни бошқа соҳаларда ҳам қўллаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Айтиш мумкинки, баъзи органларнинг вазифалари айнан бир бирини такрорлайди, улардан икки учта идора ясашнинг ҳожати йўқ. Масалан, таълим тизимини тўлиқ бирлаштириш соҳадаги коррупция ва бюрократияга қисқаришига, улкан ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирда таълим тизимида Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий вa ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолият кўрсатмоқда, ваҳоланки уларни ягона вазирликка бирлаштириш ҳар томонлама ақлли қарор бўлади.

Яқинда Жаҳон банки ўз ҳисоботларида “Сўнги йилларда Ўзбекистонда бошланғич, олий ва ўрта таълимда қатор ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай таълим тизимида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлгани йўқ”, дея қайд этди. Таълимни ўзида шунча бошқарув бўлар экан, бу соҳа ривожланишга фақатгина тўсиқ бўлиб келгани кўринмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт вa камбағалликни қисқартириш вазирлигининг вазифаси ҳам бир хил, иккита вазирлик фаолият юритишига асло сабаб йўқ.
Шунингдек, нима вазифаларни бажараётганлигини ўзи ҳам аниқ билмайдиган бир қанча идора ва ташкилотлар мавжудки, уларнинг эришган натижа ва ютуқлари, мамлакат ривожига қўшаётган ҳиссаси нималардан иборатлигини ўрганиб таҳлил қилиб чиқилса, давлат бюджетига фақат қоғозларни сарфлаш билан “ёрдам бергани”ни кўриш мумкин. Масалан, “Ўзатом” агентлиги, “Ўзбеккосмос” агентлиги, «Ўзбекчорванасл» агентликлари давлатга қандай иқтисодий, маданий, умуман қандайдир наф келтираётгани сўроқ остида.

Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўнлаб алоҳида агентликлар, тузилма ва қўмиталар мавжуд. Асаларичилик, Ветеринария вa чорвачиликни ривожлантириш, Боғдорчилик, Ипакчилик бўйича алоҳида бошқарув тузилмаларини бирлаштириш мумкин.

Бу билан давлат бюджети, аҳолининг бюрократия ва коррупцияга сарфлаётган ҳисобсиз маблағ ва вақтлари тежалиши, шунингдек, мос равишда Инсон қадри юксалишига эришиш мумкин.

Rost24.uz сайтида эълон қилинган мавзуга доир мақолалар:

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
31.10.2022 00:12
Бюджет миллиардларини камириедган каламушларни йукотиш керак. Мана шу мавзуни кутарган одамни отасига рахмат.
17.10.2022 04:15
Endi bitta joyi borda shu savolga jiddiy men Tuman veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish bo'limi da ishlayman Meditsina insonni davolasa Veterinariya Insoniyatni davolaydi  agar Veterinariya vrachi fe'ldsheri sanitari aholi orasida mahalla mahalla uchastka uchastka yurib òziga berkitilgan masul bo'lgan uchastkasida yurib axoli chorva mollari Yirik shohli Mayda shoxli It,OT,Eshak barcha xayvonlarni yuqimli infeksion kasalliklarga eng xavfli Qutrish Kuydirgi Brusellyoz va boshqa kasalliklarga emlamasa  qaramasa uying kuyib ketadi bu òta xavfli kasalliklar xalqni ichida xayvondan odamga yuqib  tarqab ketsa xudo korsatmasin men man degan medintsinadagi vallomalar qayerga qaysi teshikka qarab kirishini bilmaydi Veterinariya doxtrlarini oddiy Tilda Mol duhtr diyshadi past nazariyada qarashadi ayrimlari lekin muvozant ma'suliyat degan narsa bor ushani vijdonan bajaradi tarqoq joylashgan xududlarda uchastkalarda oyoqda yurib uyma uy kirib mollarni vaksinaga emalshni xarkim ham qila olmaydi òz kasbini sevgan uqigan mutaxassis kasbi bilan oylikni pulini xalol topib yiydi  balkim boshqa tuzulmalarda bolishi mumkun lekin Veterinariya soxasi Meditsina sohasi bilan teng ortiq bolishi mumkun past emas keyin ortiqcha ham emas shuni untmang
16.10.2022 14:08
Кайси давлат рахбари-хушомадгуй,лаганбардор, ялокиларнинг макташларига мойиллиги булса, билингки уз-узидан турли хил лавозимлар сони ошишига сабаб булади(ялокиларнинг кунгли уксимасин,чунтакдан кетмаяпти-ку) каби.
16.10.2022 10:59
Жуда тугри фикрлар айтилибди 100% кушиламан бюджетни талон тарож килаётган вазирликми ташкилотми барчасини тугатиш кк