“Alhadaya”га нисбатан иш қўзғатилиб, унга жарима қўлланди

13.02.2026 12:12

Бу ҳақда Рақобат хабар бермоқда. Унга кўра, “Alhadaya” биологик фаол қўшимчаси рекламаси юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, мазкур рекламада таъсир хусусиятига эга бўлмаган иборалардан фойдаланилган. 
БФҚ тўғрисида тўлиқ маълумот берилмаган, унинг терапевтик самарадорлиги ва касалликларни енгиллаштириши ҳақида маълумотлар берилган. Бу эса, истеъмолчиларда биологик фаол қўшимчани дори воситаси сифатида тушунишга сабаб бўлиши мумкин.

"Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ҳамда озиқ-овқат қўшимчаларини рекламасига нисбатан қатор мажбурий талаблар белгиланган.

Жумладан, бундай реклама:
Улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;

Уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;

Уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;

Соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;

Вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади", дейилади Қўмита хабарида.

Юқорида келтирилган ҳолатларга асосан, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши  аломатлари билан “ALHADAYA NEW” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар