Мактабгaчa ва мактаб таълими вазир ўринбосари Т.Комилов томонидан 2005 йил 4 ноябрда имзоланган 05-19-7511-сонли буйруққа асосан, 2026 йил 1 январдан бошлаб вазирликка қарашли барча тизим “Edo.ijro.uz” модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтилиши белгиланган.
Қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида 2023 йил чиқарилган 76-сон Президент Фармони асос қилиб кўрсатилган буйруқда шундай дейилади:
“Unicon-Soft” МЧЖнинг 2025 йил 22 октябрдаги хати билан 2026 йил 1 январдан:
– “Ijro.gov.uz” – ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини техник қўллаб-қувватлаш хизмати учун: ҳар бир фойдаланувчи учун ойига (ҚҚСсиз) 74 500 сўм;
– “E-HUQUQSHUNOS” электрон тизимини техник қўллаб-қувватлаш хизмати учун: бир ойга (ҚҚСсиз) 375 000 сўм этиб белгиланганлигини маълум қилган.
Буйруққа асосан, ҳар бир фойдаланувчи 449 500 сўм ҳар ойга, бир йилга 5 394 000 сўм “Unicon-Soft” ҳисобига ўтказиши керак.
Шу ерда рақамларни калькуляторга солиб кўрамиз.
“Тасарруфингиздаги ташкилотларни (умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари)ни ушбу янги белгиланган тарифлардан хабардор қилишингиз сўралади”, – Буйруқ вазирлик тасарруфидаги барча ташкилотларга йўналтирилган.
Вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар сони (31 000 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қўшилмаганда) жами 18 мингтани ташкил этмоқда. Шунда биргина буйруқ билан Мактабгaчa ва мактаб таълими вазирлигига бюджетдан ажратилган 97 млрд 092 млн сўм “Unicon-Soft” ҳисобига ўтиб кетмоқда.
Одатда рақамлаштиришдан кўзланган мақсад – операцион харажатларни (қоғоз, почта, транспорт, вақт) камайтириш ҳисобига тежамкорликка эришишдир. Аммо Мактабгaчa ва мактаб таълими вазирлигига рақамлаштиришга ўтиш бир йиллик харажати 97 миллиард сўмдан қимматга тушмоқда.
Бунчалик катта маблағнинг тўғридан-тўғри шартномалар орқали битта ташкилотга йўналтирилиши саволларни кўпайтиради, албатта. Қолаверса, белгиланган бу нарх бозордаги кўплаб профессионал хизматлардан қимматроқ. Агар тизим киритилиши билан қоғоз харажатлари кескин камайганда ҳам, 97 миллиард сўмлик “сервис ҳақи“ бу тежалган маблағлардан бир неча баробар кўплиги эҳтимоли юқори.
Нега бундай йирик давлат буюртмаси очиқ тендер орқали эмас, балки биргина ташкилот билан тўғридан-тўғри амалга оширилмоқда? Нархлар қайси мезонлар асосида белгиланган? Битта МЧЖга ўтказилаётган бир йиллик 97 млрд сўмга 2 та мукаммал платформа яратиш мумкин эмасмиди?
Бу мавзунинг ичига кириб бораверган сари шубҳали саволлар кўпайиб бормоқда. Мактабгaчa ва мактаб таълими вазирлиги эса очиқ қолаётган саволларга жавоб берган ҳолда шубҳаларимизни аритади деган умиддамиз.