Унга кўра, Кенгашга қўшилиш хавфсизлик нуқтаи назаридан қилинган ҳаракат. Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига қўшилиши ва ундаги манфаатлари ҳақида фикр билдириб, бу кенгашга қўшилиш, аввало, хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққанини айтди. Шунингдек, унинг вазифалари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат манфаатларига мос келади.
Комиловнинг маълум қилишича, иқтисодий форум кун тартибида кўп сиёсий масалалар бор. Булардан биттаси Ғазо минтақасидаги ҳарбий иқтисодий инқироз ва бу инқирозни ҳал қилиш учун йўлини топиш. Шундай мақсад қўйилган ва яқинда Доналд Трамп Тинчлик кенгашини ташкил этиш таклифини киритган. Тинчлик кенгашининг олдида турган вазифа, авваламбор, Ғазо инқирозини ҳал қилиш.
“Президент Шавкат Мирзиёев Доналд Трампнинг таклифини қабул қилиб, розилик бердилар. Савол туғилади: биз нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватладик? Биринчидан, хавфсизлик нуқтайи назаридан, албатта, бизнинг манфаатларимиз бор. Иккинчидан, кенгашни олдида турган вазифалар, мақсадлар бизнинг ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради ва мос келади. Учинчидан, ҳақиқатдан ҳам бу минтақада биз жуда жиддий ҳаётий манфаатларимиз бор”, — деган Комилов.
Маслаҳатчига кўра, Ўзбекистон фуқаролари минтақадаги экстремист оқимларга, ташкилотларга, гуруҳларга қўшилиб, кейин мамлакатга қайтиб келиб, муаммо туғдиришга ҳаракат қилмоқчи ҳам бўлган. Лекин давлат томонидан улар мамлакатга қайтарилиб, ижтимоий янги ҳаётга киритиш учун шароитлар яратиб берилган. Бу ҳолат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг раҳбариятининг томонидан жуда юқори баҳоланган. Ўзбекистоннинг ҳам шу минтақада, бошқа давлатлар билан бирга, манфаатлари бор ва бу манфаатдорлик авваламбор, ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш билан боғлиқ.
“Иккинчи сабаб нима учун биз бунга жуда катта эътибор беряпмиз? Афғонистон қўшнимизни олсак. Афғонистон қўшнимизга ҳужум бошланишидан олдин, у ерда ҳеч қандай экстремист, террорист ташкилотлар бўлмаган. Лекин уруш бошлангандан кейин кўпинча мана шунақа ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди. Албатта, Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш осон масала эмас. ХХ асрда Яқин Шарқнинг боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиб, нафақат АҚШ, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, балки мана шу Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш керак. Ҳар битта қадамни ўйлаб қўйиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, бу жуда муҳим қадам бўлади”, — деди президент маслаҳатчиси.
Шунингдек, Комилов Ўзбекистоннинг саммитда иштирок этиши мамлакатнинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 22 январь куни Давос шаҳрида АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилаётган Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этди. Шунингдек, бир қатор давлатлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб қайтди.