Сариосиёнинг Чош маҳалласида тез тиббий ёрдам автомашинаси йўқ — мурожаат

01.02.2026 09:52

“Rost24.uz” таҳририятига Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг Чош маҳалласидан мурожаат келиб тушди. Унда маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли, айниқса ҳомиладор аёллар ва оғир аҳволдаги беморлар тез тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд эмаслиги сабаб ҳаёт учун хавфли ҳолатда қолиб келаётгани таъкидланган.

Маълум қилинишича, Чош маҳалласи туман марказида жойлашган шифохонадан тахминан 150 километр, вилоят марказидан эса қарийб 350 километр узоқликда жойлашган. Йўл инфратузилмасининг ночорлиги ва тиббий хизматнинг етишмаслиги сабаб аҳоли фавқулодда ҳолатларда беморларни шахсий транспорт ёки қўшни туманлар орқали олиб чиқишга мажбур бўлмоқда.

“Rost24.uz” таҳририяти Чош маҳалласи тиббиёт пункти шифокори Икромжон Эрназаров Собирович билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, ҳозирда у 7 та қишлоқ аҳолисига ягона шифокор сифатида хизмат кўрсатмоқда ва мазкур ҳудудда бошқа тиббиёт ходими мавжуд эмас.

Шифокорнинг сўзларига кўра, мазкур 7 та қишлоқ орасидаги масофа 4 километрдан 17 километргача бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш шароити ниҳоятда қийин.

“7 та қишлоғимиз бор. Икки йилдан бери керакли ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилиб келяпман, аммо ҳанузгача натижа йўқ. Молия вазирининг тез тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминлаш бўйича қарор ҳам чиққани айтилган. Аммо Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ‘бюджетда маблағ йўқ’ деган баҳона билан масала ҳал этилмаяпти”, — дейди шифокор.

Унинг таъкидлашича, мазкур муаммо айрим ҳолларда оғир оқибатларга ҳам олиб келмоқда.

“2025 йил декабрь ойида ҳомиладор аёлни мажбур бўлиб туғруқхонагача пиёда олиб чиқишга тўғри келган. Афсуски, йўлда чақалоқ ҳалок бўлди. Бундай ҳолатлар нафақат ҳомиладор аёллар, балки оғир аҳволдаги бошқа беморлар учун ҳам жиддий хавф туғдирмоқда”, — дейди Икромжон Эрназаров.

Чош маҳалласи аҳолиси мазкур масалани зудлик билан ҳал этиш, ҳудудга тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратиш ва аҳоли ҳаёти хавф остида қолмаслиги учун масъул ташкилотлардан амалий чора кўришни талаб қилмоқда.
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар