Жабрланувчи: кредит чиққанидан бехабарман
Rost24.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи фуқаро Ғайрат Дусбековдан мурожаат келди.
Мурожаатда айтилишича, Ғ.Дусбеков 2019 йил бошида Агробанк АТБ Шўрчи туман филиалига “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида кредит сўраб мурожаат қилган.
Ҳужжатларни олиб қолган банк ходимлари мижознинг иштирокисиз 2019 йилнинг 6 февраль куни таъминотчи иштирокида 25 миллион сўм кредит расмийлаштиришган.
Жабрланувчи Ғ.Дусбековнинг билдиришича, у ҳеч қандай кредит шартномаси имзоламаган, унга чиқарилган кредит маблағларидан ҳам бехабар бўлган.
Хабар топган жабрланувчи Агробанк АТБ Шўрчи туман филиалига муаммони бартараф этиш бўйича бир неча бор мурожаат қилади. Банк ходимлари Ғ.Дусбековни 3 йил мобайнида оғзаки ваъдалар билан алдаб келиб, 2022 йилнинг март ойида Ғ.Дусбековнинг пластик картасидан 4 567 000 сўмни ечиб олади. Шундан сўнг жабрланувчи Агробанк АТБ Шўрчи туман филиали асоссиз ечиб олган маблағни ундириб беришни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига мурожаат қилади.
Судда Ғ.Дусбеков ютиб чиққач банк ходимлари айблари ошкор бўлмаслиги учун Ғ.Дусбековни Медиатив шартнома битимини тузишга кўндиришади. Ҳаттоки, Медиатив шартноманинг 7 бандига “Тарафлар медиация жараёнида маълум бўлиб қолган маълумотларни медиация тарафларнинг розилигисиз ошкор қилмаслик мажбуриятини олади” деган жумлани ҳам қўшиб кетишади. Бу жумлалар Агробанкнинг ўзига хос “услублари” ошкор бўлишининг олдини олиш ҳисобланмайдими?
Шунингдек, Медиатив шартнома битимини имзолашда жабрланувчи адвокатсиз иштирок этганидан фойдаланган банк ҳуқуқшунослари шартномага қуйидаги жумлани киритишади: “...Абдул носир Агрофирма” МЧЖ раҳбари ўзлаштириб кетган 28 058 350 сўм маблағни МИБ Дусбеков Ғайрат фойдасига унириб берганда АТБ “Агробанк” Шўрчи туман филиалига кредитни сўндириш учун тўлаб бериш мажбуриятини олганлиги муносабати билан АТБ “Агробанк” Шўрчи туман филиали кредит маблағини Ғайрат Дусбековдан талаб қилишдан тийилиш мажбуриятини олади”.
Ушбу жумлада банк ходимлари (жабрланувчининг айтишича, банк ходимлари ўзлари топган) таъминотчидан олгандагина маблағни қайтаришни ваъда қилишади. Шунингдек, жабрланувчини безовта қилмасликни ҳам зиммасига олишади. Банк ҳаттоки расмий кафолат хати ҳам беради.

Бироқ, Медиатив шартнома битимининг 3-бандида “Медиатив келишув битими номуайян муддатга тузилди” дейилган бўлса-да, Агробанк жабрланувчининг пластик картасидан пул ечишда давом этади.
Агробанк АТБ Шўрчи туман филиали шу кунгача Ғайрат Дусбековга тегишли пластик картадан жами 18 868 048 сўм маблағни ечиб олган.

Мурожаатчининг айтишича, мижоз иштирокисиз ҳужжатларни қалбакилаштириб ўзлари топган таъминотчи билан шартнома қилиб, 25 миллион сўмни чиқариб юборган Агробанк АТБ Шўрчи туман филиали ходимлари ҳамон ишлашда давом этмоқда экан. Кредит шартномасида ўзи иштирок этмаган жабрланувчи эса адолат излаб ҳалигача судлар остонасида сарсон-саргардон.
Мазкур мурожаатдаги яна бир ажабланарли ҳолат шуки, Агробанк АТБ Шўрчи туман филиали Бу каби ҳолат битта эмаслиги ҳам қайд этилган.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, айни шу таъминотчига яна бошқа ўнлаб фуқароларга иссиқхона қуриб бериши учун 20–30 миллион сўм атрофида кредитлар ажратилган. Аммо иссиқхоналар қуриб берилмаган. Айрим ҳолатларда фуқароларга 13–30 миллион сўмгача моддий зарар етказилгани қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой судининг 2021 йил 16 март кунги ҳукми билан таъминотчи – “Абдул носир Агрофирма” МЧЖ раҳбари озодликдан маҳрум этилган.
«Пулни олган шахс жиноятчи деб топилди. Мен кредит олмаганман, терговда ҳам иштирок этмаганман. Аммо банк бу ҳолатларга бефарқ қараб, ҳимоя қилиш ўрнига мени қарздор сифатида кўришда давом этмоқда. Суд эса шартномадаги қалбаки имзоларнинг экспертизасини талаб қилмаяпти», – дейди мурожаатчи.
Мурожаатда қайд этилишича, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган таъминотчида қолиб кетган маблағларни банк шартномага имзо чекмаган шахсдан ундирмоқда экан.
Медиатив келишув битими ва расмий кафолат хати мавжуд бўлса-да, нега бу иш банкнинг юқори бошқарув тизимларига етиб бормагани ёки етиб борган бўлса-да, нега унга муносиб ҳуқуқий баҳо берилмаган?
Ушбу масала Агробанк АТБ раҳбарияти томонидан оддий ҳолат сифатида эмас, балки бир неча фуқаро манфаатларига дахл қилаётган муаммо сифатида кўриб чиқилиши лозим.
Мазкур мурожаат бўйича банк масъулларига мурожаат қилинди. Аммо жавоб бўлмади. Rost24.uz таҳририяти мазкур ҳолат бўйича Агробанк АТБга ҳам минбар беришга тайёр.