Жиноятчилик ўсмоқда, гиёҳвандлик ёйилмоқда, кибертовламачилик авжида — Президент

10.02.2026 08:41

Шу йилнинг 27 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда асосий эътибор нималарга қаратилди?

Маълум бўлишича, ички ишлар органлари раҳбарлари профилактика инспекторларини эрталаб соат 7:00 да йиғиб, кечқурун соат 22:00 гача эскича «развод» ўтказади. Пойтахтда 585 та маҳаллада 1282 нафар профилактика инспектори бор. Улар ҳуқуқбузарлик билан ишлаш ўрнига алимент ундириш, армияга юбориш ва бошқа жамоатчилик ишлари билан машғул. Оқибатда уларни маҳалладан топиб бўлмайди. «Бир нечта маҳаллага ўзим одам юбордим — бир нечтаси иш жойида йўқ ёки бошқа иш билан шуғулланяпти. Профилактика инспекторлари терговчи ёки суднинг топшириғини бажариб юргани пойтахт ички ишлар бошлиғининг профилактикага масъул ўринбосари Икром Тиллаевни қийнамайдими? Бу инспекторлар иши қайси KPI асосида кўриляпти?» дея савол қўйган президент.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Тошкент шаҳар ИИБнинг тергов бўйича ўринбосари Дилмурод Мирсодиқов қўл остида 430 нафар терговчи ва суриштирувчи бор. ИИБ тизимида жами терговчиларнинг 22 фоизи, лекин сифат йўқ, малака етишмаган. Шунинг учун ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилган.

Тергов ва тезкор фаолият учун масъул бўлган ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов вазифага тайинланганига икки йил бўлган бўлса-да, унинг ишлари кўзга ташланмаган. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг тергов-қидирувга масъул биринчи ўринбосари Фарҳод Ҳасанов эса, жиноятчиликни 2 мингтага камайтирдик, деб чиройли ҳисобот беришдан бошқа нарсани билмайди.

«Нимага Сурхондарёдаги 26 та бозор рақамлаштирилган бир пайтда пойтахтнинг масъуллари мудраб ухлаб ўтирибди? Ҳаммага бир хил топшириқ берамиз-ку. Агар бозор ва йирик савдо мажмуаларида шахсни таниб оладиган камералар ўрнатилса, ички ишлар ва Миллий гвардия иши анча енгиллашар эди. Лекин битта нарса — фидойилик етишмайди. Ички ишлар тизимида IT ва рақамлаштириш бўйича Қурбонов тизимида ҳали сезиларли иш кўринмаяпти. Рақамлаштиришга қанча маблағ кетса, беришга тайёрман — бу иш ўзини оқлайди. Лекин бундан хулоса қилмай юришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳозир айтилган муаммо ва камчиликларда биринчи навбатда раҳбарлар айбдор», дейди президент.

Ишга масъулиятсиз муносабатда бўлгани учун ички ишлар вазири ўринбосари Абдуллаев ҳамда Республика профилактика бош бошқармаси раҳбари Хатам Қодиров лавозимидан озод этилган.

Пойтахтдаги ҳар бир туман кесимида жиноятчилик ҳолати таҳлил қилинди.
Жумладан:
• Чилонзор туманида — оилавий зўравонлик ва талончилик,
• Юнусободда — босқинчилик,
• Яшнобод ва Миробод туманларида — қотиллик ҳолатлари юқори.

Ҳудудлар кесими бўйича барча туман раҳбарлари ўз ҳудудида жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича янги ёндашув билан ишлаши шартлиги айтилди.

Наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши курашиш бўйича наркоканалларни манбасигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқ. Қўрқишади, пойтахтда наркотик жиноятлар кўпайган. 112 та уюшган жиноий гуруҳ фош этилган, улар 1300 тадан ортиқ жиноят содир этган. Энг ачинарлиси — айрим шахслар 20 йиллик жазога ҳукм қилиниб, амалда бу жазони тўлиқ ўтамасдан озодликка чиқиб кетишмоқда. Оқибатда такрорий жиноятлар 3 йил ичида 125 фоизга ошган.

Бу ҳолатга ким жавоб беради? Нима учун бу нуқтага қўйилмаган? Бу саволлар очиқ қолмоқда. Охирги 3 ой ичида республика бўйича 52 та йирик наркотик гуруҳ қўлга олинган, ярим тоннадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган.

Уч йил олдин ташкил қилинган кибержиноятчиликка қарши курашиш тизимининг иши кўринмаётгани айтилди. Ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингтадан ошиб кетган. Фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган. Энг ачинарлиси — бу жиноятларни фош этиш даражаси 8 фоизга ҳам етмаяпти. Жиноятчилар банк тизимидаги бўшлиқлардан, аҳолининг ишончувчанлигидан ва технологик билим етарлича эмаслигидан фойдаланяпти.

«Лекин шу ерда савол туғилади: банклар ва тўлов ташкилотлари хавфсизлик тизимларини қачон кучайтиради? Қачон бу соҳада аниқ натижа бўлади? ИИБ ва прокуратурага бу йўналишда барча нарсани ҳал қилиб берганман — қани натижа? Ишметов, банк ва тўлов тизимларида ҳимоя қилиш тизимини қачон якунлайди?», дея савол қўйди президент.

Энг ёмони — айрим ҳолатларда чет элларда ҳам ўз фуқароларимиз уюшган жиноий гуруҳлар тузиб, ўзбекларни товламачилик ва зўравонлик орқали жабрлаяпти. Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари обрўсига путур етказяпти. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни чиқиб ётибди. Дунё ҳамжамияти билан ишлашда бу мамлакатимиз обрўсига путур етказмоқда.

Оғир аҳволга тушган 3 700 нафар фуқароларимиз мамлакатимизга қайтарилган. Яна 192 нафар фуқароларимиз одам савдосининг қурбонига айланган.

Пойтахт иқтисодиёти 367 минг трлн сўмдан ошиб, жон бошига йиллик ҳажм 116 млн сўмга етган. Яъни, Тошкент шаҳри нафақат вазирликлар жойлашган маъмурий ҳудуд, балки республикадаги ижтимоий, иқтисодий ва маданий марказ сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаган. Бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланишнинг интенсивлик даражаси сезиларли ошган.

Йиғилишда шаҳар прокурори Ўрмонов, ички ишлар раҳбари Султонхўжаев, департамент раҳбари Кенжаев, хавфсизлик хизмати раҳбари Бердибоев, гвардия раҳбари Ортиқов, суд тизими вакили Исмоилов, адлия раҳбари Назаров, божхона раҳбари Саидов, солиқ бошлиғи Насимжоновлар ҳам танқид қилинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳам жуда декларатив ёзилгани айтилди. Тошқулов йил якунигача Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни профилактикага йўналтирган ҳолда, унинг таъсирчанлигини ошириб, қайта ишлаб чиқиши кераклиги вазифа қилиб берилди.

Яна бир муҳим йўналиш — ўтган йили пойтахтда 1500 нафардан ортиқ наркотикка ружу қўйган шахслар расман рўйхатга олинган. Энг ачинарлиси, сояда қолган гиёҳвандлар сони бундан ҳам кўп. Уларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, наркотик учун ойига ўртача 20–25 млн сўм сарфлаяпти. Маблағ топиш илинжида гиёҳванднинг жиноятга қўл уриши табиий ҳол.

Ўтган йили республика бўйича 64 нафар шахс гиёҳванд модда таъсирида жиноят содир этган. Уларнинг ҳар учтасидан бири Тошкент шаҳрига тўғри келади. Шу йилдан бошлаб наркотик экспресс-тестлардан оммавий фойдаланишга ўтилилиши, буни ота-оналар, таълим муассасалари ва иш берувчилар ҳам талаб қилаётгани таъкидланди.

Эндиликда гиёҳвандликка нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш мақсадида, Садуллаев, Каримова ва Шарипов тузилмаларида алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади. Олийгоҳларда, мактабларда ва ёшлар орасида гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади. Ҳоким, олийгоҳ ректори, техникум ва мактаб директорларининг ўринбосарларидан бири айнан шу йўналишга масъул қилиб белгиланади.

Гиёҳвандларни даволашга камида тўрт ой вақт кетишини ҳисобга олиб, Қодиров, Қўчқоров ва Худаяров бир ой муддатда хусусий шериклик асосида аҳолига наркологик хизмат кўрсатиш бўйича янги қарор ва таклифлар ишлаб чиқиши талаби қўйилди.

Шаҳарда жиноятчилардан мусодара қилинган синтетик моддалар ҳажми сўнгги беш йилда 11 карра ошган. Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўловлар криптовалютада амалга оширилмоқда.

Шунингдек, қонунчиликда давлат органлари ўртасидаги вазифалар аниқ белгилаб қўйилмаган. Наркотик ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолган. «Бу борада Маматовнинг ишидан мутлақо норозиман. Агар ўзгариш бўлмаса, ишдан кетасан», деди давлат раҳбари.

Эндиликда ушбу агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳолаш ваколати берилади. Агентлик барча куч ва воситаларга эга бўлади.

Қодиров, Гардиев, Тошпўлатов ва Худаяров икки ой муддатда наркотиклар ҳақидаги қонунни янгидан ишлаб чиқиш бўйича таклиф киритиши айтилди.

«Тошкент шаҳри мисолида кўтарилган барча масалалар бутун республика ҳуқуқ-тарғибот идораларига тааллуқли. Агар Қурбонов, Тошпўлатов, Жўраев, Йўлдошев, Валиев, Тошқулов, Мавлонов ва Пўлатов уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашда тизимли ёндашувни жорий этса, ходимларнинг дунёқарашини ўзгартириб, янгича ишлашга ўргатса, албатта натижа бўлади», деди президент.

Шунинг учун тўртта асосий йўналиш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилади. Бу ишлар аввало Тошкент шаҳрида бошланади. Пойтахтда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида “Пойтахт намунаси” жорий этилади. Ҳар бир вазир битта туманга бириктирилади. Улар маҳаллада юриб, криминоген вазиятни ўрганади, туман масъулларини ишга солиб, аҳолининг муаммоларини ҳал қилишга жавобгар бўлади.

Президентга кўра, энди ҳуқуқ-тарғибот олийгоҳлари ўз вазирлари ёнида туриб, пастдаги муаммоларни илм билан ҳал қилади. Методик тавсиялар туманларда жорий этилади. Олийгоҳ кафедралари олти ой давомида маҳаллаларга тушиб, маҳалла “еттилиги” ва ҳуқуқ-тарғибот ходимларини ягона дастур асосида ўқитади. Шунингдек, ҳуқуқ-тарғибот олийгоҳларининг 3–4-курс талабалари ҳам дуал таълим асосида профилактика ва жамоат тартибини сақлаш ишларига жалб этилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар