Бутун республика бўйича автобусларга метан газ берилмаган – бу нимани англатади?

26.01.2026 17:06

Транспорт вазирлиги бугун Фарғона шаҳрида йўналишдаги автобуслар метан газ йўқлиги сабабли йўналишга чиқмаганини хабар қилган эди. Маълум бўлишича, республика магистрал тармоғида етишмовчилик бўлгани боис 24-25 январь кунлари бутун республика бўйича автобусларга метан газ қуйилмаган.
Дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада республика бўйича автобусларга метан газ берилмаган, бугун – 26 январдан метан газ бериш бошланиши айтилган. Шундан сўнг, балки автобуслар одатий иш режимига ўтилиши мумкин. Фарғонада ҳокимлик табиий газ таъминотига масъул идоралар билан келишган ҳолда, фақат аҳолига табиий газ етказиш топшириғини берган.

Энергетика вазири матбуот котибига кўра, метан заправкалар онлайн режимда кузатиб борилмоқда ва водийда якшанба, 25 январь куни 417 та метан заправкалар табиий газ олишган. АГТКШ махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун берилаётган табиий газ ҳажмини эълон қилиб боради. Онлайн тизимдаги якшанба кунги маълумотда, Фарғона вилоятида 160, Андижон 131 та ва Наманган вилоятида 126 та заправка газ олгани кўринган.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, газ танқислиги ортидан бошқа бир қанча вилоятларда ҳам  автобуслар йўналишга чиқмаган. Автобуслар қачон одатий иш тартибига қайтиши бўйича аниқ, расмий тасдиқланган баёнот берилмади.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ҳисобот бериб, водийдаги метан заправкаларда чекловлар киритилганида кўчма контейнерлар орқали табиий газ етказиб бериш тизими 22 декабрь ишга туширилишини айтган эди. аммо Олий Мажлисга берилган ваъдалар ҳам бажарилмаслиги мумкин экан, айтилган муддатдан икки ойдан ошиқ вақт ўтса-да, вилоятлардаги муаммолар ҳал бўлмади, аксинча. Кейинроқ Энергетика вазирлиги Фарғона вилояти Бешариқ туманида метан контейнерларга газ тўлдиришни таъминлаш учун компрессор станцияси қурилиши олиб борилаётганини маълум қилган.
 

Қизиқ, Энергетика вазири ваъда бераётганида нимани назарда тутган? Юқоридаги муддатни нимага асосланиб айтган? Олий даражадаги, жавобгар амалдорнинг олий даражадаги тузилмага берган ваъдаси бажарилмаса, бунинг ортида ҳеч қандай суриштирув, сўров, эътироз, жавобгарлик бўлмайдими? Кўчма метан газ контейнерларидан фойдаланиш бўйича меъёрий ҳужжат бўлмай туриб, 150 та газ контейнерига эга махсус машиналар харид қилинганига вазирлик ҳеч қандай изоҳ бермайдими? Вазирликнинг бажарилмаган ваъдалар «пакети» ортидан, аҳоли орасида обрўси борган сари пасайиб, ишонч камайиб бораётгани ташкилот учун ҳеч нарсани англатмайдими? Шу аср, шу даврда, бутун бошли республика, балки вилоят, ҳаттоки туманда бўлса ҳам, йўналишлар бўйича автобусларнинг газ берилмагани туфайли ишга чиқмаслиги мамлакат учун шармандали ҳолат эмасми? Президентнинг вазирлар тартиб-интизомга вақтида эътибор бермагани учун ислоҳотлар ижроси чўзилиб кетаётгани ҳақидаги гаплари қаерда қолди? Ёки бу гаплар бу вазрликка тегишли эмасми?

Энергетика вазирлиги заправкалар газ олганини, Транспорт вазирлиги эса, газ йўқлиги туфайли йўналишларга чиқилмаганини айтмоқда, кимга ишониш керак? Аммо ҳақиқат шуки, автобуслар йўналишларга чиқмаган, газ кимга берилган шунда? Ўртада ўз-ўзидан ҳавога учиб кетганми?

Эслатиб ўтамиз, бугун каналимизда анчадан бери давом этаётган, фуқароларнинг субъектив фикрига асосланган сўровнома натижалари эълон қилиниб, унда Жўрабек Мирзамаҳмудов “Халқ кўнглидан жой ололмаган вазир” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллаган, соҳа эса жамоатчиликда энг кўп норозилик уйғотган тармоқ сифатида таърифланган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар