Саудия Арабистони экологик фаоллари қум бўронларидан ҳимояланиш ва ҳаво ифлосланишини камайтириш учун ҳамма жойда саксовул экишни режалаштирмоқда.
Саксовул ойлар давомида сувсиз яшай олади, у юқори ҳароратдан қўрқмайди, шунингдек, бўрон пайтида қумни ушлаб туришга қодир. Қироллик яқин ўн йилликларда ўн миллиард дарахт экишни ва келажакда Яқин Шарқда яна 40 миллиард дарахт экишни режалаштиряпти.
Бизда бу ҳолат қандай кечмоқда?
2021 йил ноябрь ойида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси қабул қилинган ва унинг доирасида 200 миллион туп дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган эди. Бу режа амалда бажарилмоқдами?
Республика бўйича ўтган йилнинг 23 декабрь ҳолатига кўра ушбу лойиҳа доирасида 82 миллион 273 минг дона кўчат экилди. Бу эса режага нисбатан 109,7 фоизни ташкил этмоқда дея Ekolog.uz сайти маълумот берган. Бу бир йиллик рақамлар холос. Ундан аввалги йилларда ҳам мана шундай миллионлар кўрсатилган ҳисоботлар берилган. Бу рақамлар фақат ҳужжат учун бўлмай, дарахтларнинг парваришига ҳам эътибор қаратилганда, ҳамма жой кўкаламзорлашиб кетган бўлар эди.
Президент ҳам жойларда дарахт экиш борасидаги рақамларга ишонмаслигини маълум қилиб ўтган эди. Дарахт экилаётганда қўшиб ёзишлар ҳам бўлмоқда.
Дарахт экилса муаммо ечиладими?
Дарахт экишдан осон иш йўқ. Унинг парваришига, ўсиб бўлгандан кейинги кесилмаслигига ҳам кимдир жавоб бериши керак.
Ўтган 8 ой ичида Ўзбекистонда қарийб 6 мингга яқин дарахт кесилганлигини Экология қўмитаси вакиллари сайтимизга очиқлаган эди. Бу сонлар қоғозда шундай, амалдаги ҳолатни эса биз кун ора ноқонуний дарахт кесилаётган хабарлар орқали билсак бўлади. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида дарахтларни номигагина тиқиб қўйилганию, байрам учун йиллар мобайнида униб ўсган ва одамларга фойда берадиган арчалардан фойдаланаётган ҳокимликлар атроф муҳитга муносабатини ўзгартирмас экан, дарахтларнинг «умри» бўлмайди.
Чет мамлакатлар дарахт экиш билан бир қаторда, у дарахтларни парваришига ҳам эътибор қаратади. Бизнинг ҳукумат вакилларига ўхшаб расмиятчилик учун челак олиб расмга тушиб кетмайди!?
Маълумот ўрнида, одамга нафас олиши учун камида 7-8 та дарахт керак экан. Бу занжир узилди дегани, инсон саломатлигига жиддий зарар етади дегани. Дарахтларни кўзни «чирт юмиб» кесиб ташаётган амалдорлар шу жараённи ҳис қилишаётганмикин?
Мавзуга оид мақолалар:
Ўзбекистон экологияси кам маош, техникаси ва ваколати йўқ, абгор ҳолатдаги қўмита қўлида қолмоқда
Экология қўмитаси ноёб ҳайвонларнинг озиқланишига ёрдам кўрсатадими?
Тошкентда “дарахтлар қолмаганда” Экопатруль хизмати нимани ҳимоя қилади?