Экологлар маоши 1 млн. 200 минг сўм. Бу маош билан улар Ўзбекистон экологиясини ҳимоя қила оладими?
Экология қўмитасига дарахт кесилишининг олдини олиш учун етарли ваколат берилмаган
Ўзбекистонда асосан дарахтларни фуқаролар эмас, балки тадбиркор, қурувчилар кесмоқда.Экология қўмитасининг иш тизими ночор ҳолатда экани, вилоятлардаги бошқармалари техникасиз, кам маош ҳамда ваколатсиз ишлаб келаётгани маълум.
Ўзбекистон матбуоти “тонировка” қимматлиги ва дарахтларнинг кесилишига қарши қанчалар курашмасин бу икки масала ҳамон курашувчилар фойдасига ҳал бўлаётгани йўқ.
Тошкентда “Юксалиш” умуммилий залида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш худди мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эмас, ҳисобот берилгани ҳақида ҳисобот бериш учун ўтказилгандек.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ҳисоботи тинглангач, қўмитанинг вилоят бошқармалари томонидан ҳақиқий вазиятга яқин ачинарли рақам ва очиқ маълумотлар тингланди.
Экология қўмитасида дарахт кесилишининг олдини олиш ваколати йўқ
Хусусан, Экология қўмитаси вакилларининг очиқ баёнот беришича, дарахтлар кесилишининг олдини олиш учун қўмитада тўлиқ ваколат йўқ. Яъни қўмита фақатгина ҳокимият сўровига нисбатан хулоса беради холос. Ҳокимият эса хулосага кўра жавоб қайтаради. Аммо, Экология қўмитаси вакилларининг билдиришича, ҳокимият кўпгина ерларни қўмита хулосасидан аввал тадбиркорларга сотиб юбормоқда. Тадбиркорлар эса “котлаван” қазиб бўлгачгина “экология”га хулоса олиш учун мурожаат қолмоқда.
Тошкент шаҳрида бир нечта қўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлар бошлангандан сўнг, қурилиш ерида аввал дарахтзорлар бўлгани аниқланган. Шу сабабли, тадбиркорга ер ажратилишидан аввал Экология қўмитасига мурожаат қилиш, умуман дарахт кесиш бўйича рухсат бериш ваколати тўлалигича ушбу қўмитага ўтказилиш таклифлари ўртага ташланди. Аслида эса бу бўйича кўрсатма берилганига 1 йил бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли фармонига мувофиқ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилган. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ бажарилмаган.
Экология қўмитаси вакилларининг далолат беришича, Ўзбекистонда асосан дарахтларни фуқаролар эмас, балки тадбиркор, қурувчилар кесмоқда.
Хусусан, Деновда 100 га яқин ноёб дарахтларни «Денов туман йўллардан фойдаланиш» УК вакиллари кесган ва уларга жарима қўлланган.
Хулоса шуки, Экология қўмитаси Автомобил йўллари қўмитаси ва шаҳар, туман ҳокимликлари олдида кучсиз бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга Экология қўмитасига дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш топширилган. Аммо бугунга қадар қўмита томонидан жамоатчиликка бу борада маълумотлар берилмаган, янгидан экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш ишлари ҳам тизимли ташкил этилмаган.
Экология қўмитаси ваколатсиз, пулсиз, техникасиз
Йиғилишда ички нозик масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бизнинг-ча, қўмита фаолиятини сустлигига таъсир қилаётган энг асосий омиллар шулардан иборат.
Экология қўмитасининг Жиззах бўлими вакилининг айтишича, қўмитанинг вилоят бўлимлари аҳволи оғир. Маош бор йўғи 1 миллион 200 минг сўм. Қўшимча тўловлар билан аранг 2 миллионга етиши мумкин. Шунингдек, қўмитанинг вилоят бўлимини ўз биноси йўқ ва улар ижарада ишлаб келмоқда. Шу билан бирга худудлар зарур техникалар билан жиҳозланмаган. Мисол учун, дарахтларни илдизи билан кўчириб ўтказиш мосламаси фақатгина Тошкент шаҳридагина мавжуд, у ҳам бўлса бир дона.
Шу кунги йиғилишда Экология қўмитасининг иш тизими ночор ҳолатда экани, вилоятлардаги бошқармалари техникасиз, кам маош ҳамда ваколатсиз ишлаб келаётгани маълум бўлди. Демак, Ўзбекистоннинг экологиясини ҳимоя қилувчи экология қўмитаси ва партиясининг номидан ўзга нарсаси кераклича ваколати йўқдек туюлар экан.