Ўзбекистоннинг барқарор энергия соҳасидаги етакчи компанияси – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ халқаро Fitch Ratings агентлиги томонидан яна бир бор “BB” даражасидаги, “барқарор” прогнозли кредит рейтинги билан тасдиқланди.
Ушбу натижа нафақат компаниянинг молиявий барқарорлигини, балки Ўзбекистон гидроэнергетикасининг янги босқичга чиқиб бораётганини тасдиқлайди.
Фитчнинг баҳолашига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ сўнгги йилларда молиявий натижалар, таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарув самарадорлиги соҳасида муҳим ютуқларга эришди. Компаниянинг мустақил кредит даражаси инвесторлар учун ишончли муҳит яратилганлигини англатади.
Компания сўнгги йилларда тўлиқ ўз маблағлари ва давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри кредитлар ҳисобидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар портфелини амалга оширмоқда. Fitch таъкидлаганидек, “Ўзбекгидроэнерго”нинг молиявий сиёсати эҳтиёткорлик ва узоқ муддатли барқарорлик тамойилларига асосланиб, FFO leverage кўрсаткичи 2-3x даражасида сақланмоқда – бу эса, халқаро андозалар бўйича мустаҳкам молиявий база ҳисобланади.
Компаниянинг 2030 йилгача бўлган Ривожланиш стратегияси доирасида 3,6 трлн сўмлик йиллик инвестиция дастури, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш ва янги гидроқувватларни қуриш орқали мамлакатнинг яшил энергия салоҳиятини оширишга қаратилган.
“Ўзбекгидроэнерго”нинг Fitch томонидан “BB” барқарор даражасида тасдиқланиши – бу компаниянинг молиявий самарадорлигига берилган баҳо эмас, балки Ўзбекистондаги барқарор энергия инқилобининг халқаро даражада тан олинишидир. Бу натижа мамлакатнинг энергетик мустақиллиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва ESG тамойилларига содиқ ривожланиш йўлининг амалий исботидир.
““Ўзбекгидроэнерго”нинг барқарор рейтингни сақлаб қолиши – бу фақат натижа эмас, балки янги мақсадлар учун кучли асос. Биз миллий энергия тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишда давом этамиз,” – деб таъкидлайди компания раҳбарияти.