Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ишлаб чиқибди.
Лойиҳада асосан ҳудуддаги энг долзарб экологик муаммолардан бири — саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларидан келиб чиқадиган ифлословчи моддалар чиқариш даражасини пасайтиришга қаратилган ечимлар кўрилган бўлиб, у атмосферага салбий таъсирни камайтириш ва корхоналарнинг экологик жиҳатдан тоза технологияларга босқичма-босқич ўтишини таъминлашга қаратилган комплекс чоралар тизимини кўзда тутган.
Лойиҳага кўра,
- ҳудуддаги саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш;
- иссиқхоналарда мавжуд қозонларни, уларнинг амалдаги талабларга жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, замонавий энергия самарадор ва экологик тоза тизимлар билан алмаштириш;
- иссиқхона ва саноат объектларини кўмирни ишлатмасдан бошқа альтернатив энергия манбаларига ўтказиш;
- корхоналарга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ташламаларни тозалаш тизимларини, маҳаллий тозалаш иншоотларини, автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш учун молиявий рағбатлар тақдим этиш( шу жумладан, грант механизмлари ёрдамида) каби чора-тадбирлар режалаштирилган.
Қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган. “Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини сезиларли даражада камайтиришга, экологик хавфсизликни оширишга ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун янада қулай яшаш шароитларини яратишга ёрдам беради”, дейилади хабарда.
Мазкур чоралар чиндан ҳам шаҳар ҳавоси тозалигига таъсир қиладими? Ёки шаҳар чети ва Тошкент вилоятидаги оддий одамларнинг иссиқхоналарини чеклаб, уларга муаммолар туғдирадими? Ёхуд, чиндан ҳам «қўли узун» казо-казоларга тегишли корхона-ю улкан иссиқхоналарни чеклашга мослаштиришга қарорнинг кучи етадими? Бу саволларга қарор қабул қилиниб, кучга кирганидан сўнг жавоб топамиз.