Дунёда 900 млн одам қашшоқлик ва иқлим ўзгаришидан азият чекмоқда

21.10.2025 12:12

Бутун дунёда 900 миллионга яқин одам — яъни 1,1 миллиард қашшоқ аҳолининг 80 фоизи — кучли иссиқлик тўлқинлари, тошқин, қурғоқчилик ва ҳавонинг ифлосланиши каби оғир иқлим ўзгаришларидан азият чекмоқда. Бу ҳақда БМТнинг янгиланган Кўп йўналишли глобал қашшоқлик индекси (MPI) асосида тайёрланган ҳисоботда маълум қилинди.

Ҳисобот БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамда Оксфорд университети ҳузуридаги Қашшоқлик ва инсон тараққиёти ташаббуси томонидан, Бразилияда бўлиб ўтадиган CОP30 иқлим анжумани олдидан эълон қилинган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, 651 миллион одам бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ иқлим муаммоси хавфи остида яшайди. 309 миллион киши эса уч ёки тўрт хил хавфга дучор ҳолда ҳаёт кечиради.

«Қашшоқлик энди фақат иқтисодий-ижтимоий муаммо эмас. У иқлим инқирози билан чамбарчас боғлиқ ҳолда янада кучаймоқда», деган UNDP раҳбари вазифасини бажарувчи Хаолянг Ху.

Энг оғир ҳолат Жанубий Осиё ва Саҳрои Кабир жанубидаги Африка ҳудудларида кузатилмоқда. Айниқса Жанубий Осиёда вазият жиддий: бу минтақадаги 380 миллионга яқин қашшоқ аҳоли (99 фоиз) — бир хил иқлим муаммосига дуч келмоқда, 91 фоиздан ортиғи эса бирданига бир нечта хавфга рўбарў тарзда яшамоқда.

UNDP вакиллари бу ҳудудларда қашшоқликни камайтириш борасида ютуқларга эришилганини тан олган бўлса-да, иқлим ўзгаришларига мослашув борасидаги чораларни тезлаштириш зарурлигини таъкидламоқда.

«Аксарият камбағаллар ўрта даромадли давлатларда яшайди ва иқлим муаммолари энг кўп шу ерда қайд этилади», дейди Оксфорд камбағаллик ва инсон тараққиёти ташаббуси директори Сабина Алкире.

Ҳисоботда қайд этилишича, энг кўп қашшоқлик кузатилаётган давлатлар кескин иқлим муаммоларини бошдан кечирмоқда. Аср охирига бориб бу мамлакатлар янада юқори ҳаво ҳароратлари билан тўқнаш келиши мумкин.

Мутахассислар иқлим ўзгаришларига бардошли қашшоқликка қарши стратегияларни биринчи ўринга қўйишга, маҳаллий мослашув имкониятларини кучайтиришга ҳамда халқаро ҳамкорлик ва молиявий кўмакни кенгайтиришга чақирмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар