Интеллектуал мулк ўғирлиги – Марк Риздан Карим Баҳриевгача

22.10.2025 18:18

Агар бу воқеа мен – оммавий ахборот воситаларида ишлай оладиган, постлар ёзадиган ва вазирликка мурожаат қила оладиган америкалик билан содир бўлса, маҳаллий муаллифлар, таржимонлар ва мусиқачилар билан нима бўлишини тасаввур қилинг. Уларда умуман имконият йўқ.

Агарда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишни истаса, жаҳон иқтисодиётининг бир қисми бўлишни истаса, у нафақат нефть ва газни, балки ғоялар, китоблар, мусиқа ва санъатни ҳимоя қилишни ўрганиши керак.

Агар битта таржимонни ҳимоя қила олмасангиз, Google ёки Мисрософт сизга миллиардлаб даромад келтираётганда қандай қилиб ҳимоя қиласиз?

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилган америкалик таржимон ва тадқиқотчи Марк Риз китобининг Ўзбекистонда ноқонуний тарқатилганлигини маълум қилди. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига совға қилган, шахсан ректорнинг қўлига топширган таржима нусхаси унинг рухсатисиз сканердан ўтказилиб, электрон тарзда бутун республика бўйлаб тарқатилган.

Риз воқеани интеллектуал мулк ўғирлиги деб атаган, бу каби ҳолатлар муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга қодир ҳамкор сифатида Ўзбекистонга ишончни сусайтиришини таъкидлаган. Риз унинг таржимасидаги қароқчилик шунчаки шахсий шикоят эмас, балки мамлакатда муаллиф ва таржимонлар меҳнатига қандай муносабатда бўлинаётганининг кўрсаткичи эканлигини айтган. 

Воқеа қандай юз берди?

Маълум бўлишича, китобнинг таржима нусхаси Марк Риз томонидан шахсан университет ректорига топширилган ва кейинчалик ахборот-ресурс марказига берилган. Кутубхонада фақат академик фойдаланиш учун мавжуд бўлган фақат битта нусха бўлган.

«Мен Ўзбекистонга 1994 йилда Қўқондаги Америка Тинчлик Корпуси дастури доирасида келганман. Биз республикага келган иккинчи гуруҳ эдик. Мен 23-мактабда дарс берганман ва очиғи, бу ерни севиб қолганман.

Қўқон ниҳоятда чуқур маданиятга эга. Бутун Ўзбекистон эса шундай тарихга эга, шундай таъсир қатламларига эга. Икки йил-у уч ойдан кейин,  миссиямни тугатганимда, менда жавоблардан кўра кўпроқ саволлар қолди. Дин, аёлнинг ўрни, ислом ва давлат ҳақида саволлар. Мен қойил қолдим. Мен ўзимни Ўзбекистонда кашф қилдим ва бундан чексиз миннатдорман», деган у.

Марк Ризнинг сўзларига кўра, шундан сўнг у Марказий Осиёни ўрганишни бошлайди ва “Ўткан кунлар” романининг биринчи бобларини инглиз тилига таржима қила бошлайди. Бу таржима у учун ўн беш йиллик умри ва уйқусиз тунларининг маҳсули эканини айтади.

«Мен дунёга “замонавий ўзбекларнинг келиб чиқиш тарихи”ни ҳурмат билан айтиб бермоқчи эдим ва шу орқали менга кўп нарсаларни ўргатган юртимнинг ҳақини қайтармоқчи эдим. 2019 йилда «Дўстлик» ордени олдим. 2020 йилда эса ўз маблағим эвазига яна Ўзбекистонга қайтдим. Мен ўзим билан бир чамадон китоб олиб келдим — “Ўткан кунлар” нусхалари — уларни шахсан тақдим этиш учун. Мен учун бу ҳурмат белгиси эди. Китобни Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамирга бермоқчи эдим, ўзбек талабалари ҳам бу таржимани қўлларида ушлаб туришларини, кимдир уни ўқиб, қанчалар меҳнат қилганини англаб етсин, деган эдим. Имзоланган нусхасини ҳам Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига совға қилдим. Мен китобларимни Амазон орқали буюртма асосида чоп этиш тизимидан фойдаланган ҳолда сотаман. Хуллас, нусхаларни ўзим буюртма қилиб, шахсан Ўзбекистонга олиб келдим».

Элчихоналар, Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш бошқармаси вакиллари иштирокидаги учрашувдапПрезидент Шавкат Мирзиёев номидан Марк Ризга миннатдорчилик билдириб, унга 10 минг АҚШ доллари миқдорида гонорар беришни, 10 минг нусха китоб сотиб олишларини айтишади ва ёзувчи Навоий университетига ўқишга таклиф қилинади.

Риз бу таржима учун бир тийин ҳам олмаган, бир неча ойлар ўтса-да, ваъда бажарилмаган. Марк Риз бу масалада масъулларга ёзганида, ҳеч қандай жавоб олмаган. Ва ниҳоят, буни твиттерда ёзишга қарор қилган. Твиттердаги қатъий танқиддан сўнг, унга гонорарни беришган, аммо 10 000 та китобни сотиб олиш ҳақидаги ваъдалар бажарилмаган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф пайтида китобнинг ўзи имзо қўйган нусхасини совға қилади. Шу пайтдан ундан китобни рақамлаштирсак бўладими, деб рухсат сўрашади ва ёзувчи рад жавобини беради. «Йўқ. Мен бунга рухсат бермайман. Ҳозир эмас, ҳеч қачон. Ва сабабини тушунтирдим. Чунки файлни топширишингиз билан ҳаммаси тугайди, йўқолади. Ўғирланади. Бу вақт масаласи. Мен буни ўнлаб марта кўрганман — Ўзбекистонда исталган лойиҳа, ҳар қандай ғоя, исталган бизнес турини қуриш имконияти рақамли ҳужжатни топширгандан сўнг йўқолади», деган у.

Ёзувчи талабалар кутубхонада қоғоз нусхаларидан фойдаланишга рухсат берган, болалардан пул ишлашни хоҳламайман деган. Аммо ПДФ файллар учун рухсат бермаган.

Аммо шунга қарамай, бир неча йил ўтгач, китобнинг электрон нусхалари бутун республика бўйлаб тарқаб кетган. Таржимон буни университетнинг ўзи, атай қилганини айтган. Бунга қарши чора кўришини, энди хушмуомала ва "меҳрибон америкалик" бўлишдан чарчаганини билдирган. 

Муаллифга кўра, у бу воқеа ҳақида ижтимоий тармоққа ёзганидан сўнг бир кун ўтиб Адлия вазирлигидан хабар келган, Марк Риз улар билан учрашиш бу ерга келганида, вакиллар таржимоннинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу ерда эканликларини айтишган.

«Агар бу воқеа мен – оммавий ахборот воситаларида ишлай оладиган, постлар ёзадиган ва вазирликка мурожаат қила оладиган америкалик билан содир бўлса, маҳаллий муаллифлар, таржимонлар ва мусиқачилар билан нима бўлишини тасаввур қилинг. Уларда умуман имконият йўқ.

Агарда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишни истаса, жаҳон иқтисодиётининг бир қисми бўлишни истаса, у нафақат нефть ва газни, балки ғоялар, китоблар, мусиқа ва санъатни ҳимоя қилишни ўрганиши керак.

Агар битта таржимонни ҳимоя қила олмасангиз, Google ёки Мисрософт сизга миллиардлаб даромад келтираётганда қандай қилиб ҳимоя қиласиз?

Мен АҚШда дарс бераман ва конференцияларда гапираман. Қайтганимдан бир ҳафта ўтгач, Теннесси штатида бизнесменлар, аслида миллионлаб сармоя киритадиган одамлар иштирок этган конференциям бор. Улар эса “Сизнингча, Ўзбекистон интеллектуал сармоя учун хавфсиз жойми?” деб сўрашади.

Нима дейишим керак? Менинг китобимнинг ПДФ формати Телеграмда тарқалаётгани ва ҳеч ким айбдор эмасми? Агар битта таржимонни ҳимоя қила олмасангиз, Google ёки Мисрософт сизга миллиардлаб даромад келтираётганда қандай қилиб ҳимоя қиласиз?» дейди у. 

Таржимон Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини судга беришини маълум қилган. У университетнинг эътиборсизлигини, муаллифнинг ҳуқуқларини поймол қилишганини ва ўзларига билдирилган ишончни ҳимоя қила олишмаганини айтган.

Шунингдек, Марк Риз беш йилдан бери ўз китобининг Тошкент аэропортида сотилишини, бу ердан учиб кетаётган одамлар Ўзбекистон ҳақида билиш мумкин бўлган нимадир олиб кетишларини истаб, бунга ҳаракат қилиб келишини айтган. Аммо, унинг айтишича, бунга рухсат тегмаган.

Маълум бўлишича, бу ҳақда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети расмий баёнот берган. Университет интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларга, жумладан Берн конвенциясига ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тамойилларига қатъий риоя этишини таъкидлаган. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғига асосан барча олий ўқув юртлари ўзларининг ўқув ва илмий-тадқиқот материалларининг библиографик ёзувларини Unilibrary.uz платформасига жойлаштиришлари шартлиги ҳам университетга тушунтирилган.

Тизимга китоб матни ва унинг электрон нусхасисиз фақат таржима ҳақидаги библиографик маълумотлар киритилган. Эълон қилиш учун муаллифнинг розилиги кераклиги аниқ бўлгач, ёзув олиб ташланган. 

 

Айтиш мумкинки, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши кенг тарқалган. Бу ҳолатни ҳар бир жабҳада кузатиш мумкин.

Хусусан, яқинда журналист, шоир ва ёзувчи Карим Баҳриев «Қувонишни ҳам билмайсан, қайғуришни ҳам...» номли мақоласини ижмитоий тармоқларда бўлишди.

«Жорж Оруэлнинг “1984” асари янги нашриётда энди лотин имлосида босилиб чиқибди. Уч ой олдин босишга рухсат этилган экан. Лекин бугунгача на шартнома имзоланди, на қалам ҳақи тўланди. Тираж босилиб, сотилиб ҳам кетибди. Яна ичига: “Ушбу китобнинг муаллифлик ҳуқуқи бизнинг корхонага тегишли бўлиб, рухсатимизсиз китобни электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади”, - деб ёзиб қўйишибди», деб бошланади мақола.

Журналист таржима китобларига бундай ёзиш тўғри эмаслигини, ҳозирда бундай ёзувлар кўпайиб кетганини, муаллифлик ҳуқуқи ижодкорга – шахсга тегишли бўлиши ва ҳеч қачон юридик шахсга тегишли бўла олмаслигини айтиб, бу Адлия вазирлигидаги интеллектуал мулк агентлиги эътибор қаратадиган ҳодиса эканлигини таъкидлайди.

«Асарнинг муаллифлик ҳуқуқи – муаллифга, таржима матнининг муаллифлик ҳуқуқи – таржимонга тегишлидир», деган у.

«Муаллифлик ҳуқуқининг ўнта таркибий қисми бор – тўрттаси номулкий ҳуқуқ, олтитаси – мулкий ҳуқуқ. Асарга бўлган ҳуқуқ – муаллиф ҳуқуқидир, яъни “1984” Жорж Оруэлнинг асаридир. “Ўткан кунлар” Абдулла Қодирийнинг асаридир ва минг йилдан кейин ҳам Абдулла Қодирийникидир. Иккинчиси – номга бўлган ҳуқуқ, яъни Абдулла Қодирийнинг асари номи “Ўткан кунлар”дир, ҳеч ким уни “Кечаги кунлар”, “Мозий кунлари” деб таҳрир қила олмайди. Учинчи ҳуқуқ – асарнинг яхлитлигига бўлган ҳуқуқ, яъни ҳеч ким асардан бирор ерини олиб ташлаши ёки ўзидан қўшиши мумкин эмас, бунинг учун тирик бўлса, муаллифнинг розилиги керак, ўтган бўлса аслича чиқиши шарт. Агар таҳрир қилинса, асар муаллифлик ҳуқуқи таҳрирчига ўтиб қолмайди. Тўртинчиси асар ҳосилаларига бўлган ҳуқуқ – унинг асосида кино, спектакл, мультфильм ишланса ҳам асар муаллифи тилга олинади, тирик бўлса, рухсати олинади. Булар номоддий ҳуқуқларидир», дейди муаллиф.

Баҳриевга кўра, агар таҳририятга мурожаат қилинса: “Биз таржимани таҳрир қилганмиз ва ўз таҳриримиздаги матнга муаллифлик ҳуқуқимиз бор”, - дейишар экан. Муаллифнинг «Мен энди ўн йиллар бўйи ё умрбод асаримни электрон, аудио, видео ёки бошка хар кандай шаклда» чиқариш, тарқатиш ҳуқуқимни йўқотдимми?!» деган саволига, «Сиз таржимангизни исталган ерга биринчи кундан беришингиз мумкин. Лекин агар берсангиз, биз асарни яна бошқа таржимонга бериб ё гугл-таржимонга солиб, таҳрир қилиб, янги таржимада чиқарамиз», деган пўписали жавоб олган. Мазкур ҳолатда нашриёт қонуний «туйнук»лардан фойдаланяптими? 

Академик Абдулла Аъзамов «Нашриётлар фақат китоб нашрининг шакли (офомлениеси, дизайни) учун муаллифлик ҳуқуқига эга бўлишга ҳақли. Шунда ҳам безакчи рассом (дизайнер) билан шартнома тузган бўлса.  Матн учун муаллифлик ҳуқуқи – матн эгасига (муаллифга) тегишли, агар расмларини муаллифнинг ўзи чизган бўлса, расмлари учун ҳам (Сетон-Томпсон, Сент-Экзепюри каби), оригинал дизайн ғоясини ким таклиф қилган бўлса, бунинг учун ҳам муаллифлик ҳуқуқи – таклиф қилганники.  Китоб безаклари учун муаллифлик ҳуқуқи ҳам уларни ишлаган рассом (бугун дизайнер)ники.  Шундай китоб безаклари бўлганки,   бадиий асар саналади. Масалан, Дон Кихотнинг тасвирий образи Густав Доре иллюстрациялари туфайли ёйилган. Нашриётларнинг "Китоб меники" дейишга ҳақи йўқ. Муаллифлик ҳуқуқи – муаллифники. Ўзи муаллиф бўлмаган нарсага муаллифлик ҳуқуқини даъво қилиш ўғриликнинг (бу ўринда куппа-кундузи – талончилик)нинг бир тури. Муаллиф эса кўпинча ожиз ва таланган бўлади», дейди.

Вазият баҳсли ва, реал олиб қараганда, бироз шармандали. Шу пайтда, бу асрда, бутун бошли республикада бу каби ҳолатларнинг юз бериши, қонуний томондан, балки баъзи бўшлиқлар борлигини, ундан ноинсофларча фойдаланишаётганини англатар. Ёки, қонунларга амал қилмаса ҳам жазоланмайдиган ёхуд арзимас даражада жазо қўлланиладиган қатлам борми? Нима бўлганда ҳам, бутун республикадаги муаллифлик ҳуқуқига оид вазиятни яхшилаш учун Интеллектуал мулк агентлиги тегишли ўрганиш олиб бориши, муаллифларни ҳимоя қилиши, зарур бўлса жарималар ва жазо чораларини кучайтириши лозим.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар