Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Европа Иттифоқи пойтахти Брюссел шаҳрида ушбу бирлашманинг асосий институтлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилади. Самарқанд шаҳрида жорий йил апрелида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида муносабатларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Қайд этиш керакки, апрель ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро ҳамжамият томонидан муҳим сиёсий воқеа сифатида эътироф этилиши билан бирга икки минтақа ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи бошланишига катта замин яратди. Ушбу нуфузли саммитда ЕИ Марказий Осиё учун тўртта йўналиш — транспорт йўлаклари, муҳим ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, яшил энергетика, шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий йўлдош интернетини ривожлантириш учун 12 млрд евролик сармоя пакетини эълон қилди.
Бугун ана шу самимий ва ўзаро ишончга асосланган алоқалар янада мустаҳкамланиб, янги босқичга олиб чиқилмоқда. Савдо-иқтисодиёт, инвестиция-молия, инновация, энергетика, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ лойиҳа ҳамда дастурларни илгари суриш эътибор марказида бўлади.
Шунингдек, мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) имзоланиши кутилмоқда. Ушбу битим нафақат ҳамкорлик муносабатларига оид ҳужжат, балким мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотларга нисбатан ишонч ва юксак эътироф ҳамдир. Шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги глобал ҳамкорлик янгича мазмун билан бойиб бораётганидан далолат беради.
EPCA битими шубҳасиз, ўлкамиз ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда янги имконият ва шарт шароитлар юзага келтириб, ўзаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб беради. Ҳужжат нафақат сиёсий мулоқотни институционал даражага кўтармоқда, балки иқтисодий прагматизм ва амалий манфаатлар асосида ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдеворини яратади.
Мазкур битим 1996 йилдаги ҳужжатни алмаштириб, мазмунан бойитмоқда. Икки томонлама муносабатларни замонавий глобал иқтисодиёт талабларига мос равишда қайта шакллантирмоқда. Эркин бозор тамойиллари, техник тўсиқларни камайтириш, божхона жараёнларини соддалаштириш ва хизматлар савдосини эркинлаштириш – мазкур ҳужжатнинг асосий иқтисодий устувор йўналишларидир.
Ушбу Битим Ўзбекистон учун Европа бозорларига экспорт имкониятларини кенгайтириш, халқаро стандартларга мос ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини тезлаштириш имкониятини яратади. Шу билан бирга, у GSP+ имтиёзларидан кенг фойдаланиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда, ҳужжат инсон ҳуқуқлари, суд мустақиллиги, гендер тенглиги ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш соҳаларини ҳам қамраб олади. Бундай ёндашув мамлакат ислоҳотларининг барқарорлиги ва халқаро ишончини мустаҳкамлайди.
Эътироф этиш зарурки, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ва жадал ривож топаётгани Марказий Осиё, хусусан, мамлакатимизнинг стратегик мавқеининг ошиши, иқтисодий қудрати мустаҳкамланиши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу яқинлик ЕИнинг Марказий Осиё минтақасидаги қизиқишлари ва лойиҳаларида Ўзбекистон тутган роль ва иштирок янада мустаҳкамланади.
Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида Бельгия раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказади, технологик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма режаларни жадаллаштириш мақсадида Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарларини қабул қилади.
Бугунги ташриф ва унинг доирасида бўладиган учрашувлар халқаро жамият эътиборини тортиши шубҳасиз. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи юксалишига, юртимизга бўлган қизиқишнинг ортишига хизмат қилади.