Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг янгиланган таҳлилига кўра, 2025 йилнинг сентябрь ойи якунларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозори барқарор ўсишни сақлаб қолмоқда.
Республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 24,2 мингтани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,7 фоизга кўп.
Энг юқори йиллик ўсиш Сирдарё (+35,6 фоиз), Бухоро (+20,2 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (+31,2 фоиз) қайд этилди.
2025 йилнинг учинчи чорагида жами 75,5 мингта шартнома расмийлаштирилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 фоиз ва жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 11 фоизга кўп. Энг катта ўсиш Бухоро (+27,3 фоиз), Сирдарё (+24,9 фоиз) ва Тошкент (+19,9 фоиз)да кузатилди.
Иккиламчи ва бирламчи бозорлар
Иккиламчи уй-жой бозорида сентябрь ойида ўртача нархлар 0,6 фоизга ошган, йиллик ўсиш эса 4,6 фоизни ташкил этди. Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё (+19 фоиз), Сирдарё (+15,8 фоиз) ва Жиззах (+14,5 фоиз)да қайд этилди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида нархлар сентябрда 0,6 фоизга ошган, йиллик ҳисобда эса 1,7 фоизга пасайган. Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида ўртача 4,3 фоизга пасайиш кузатилди.
Бирламчи уй-жой бозорида нархлар 3 фоизга ошган, энг юқори ўсиш Миробод, Бектемир ва Яккасаройда қайд этилди (ўртача 5,8 фоиз).
Ижара бозори
Сентябрь ойида Тошкентда уй-жой ижараси учун ўртача нарх бир кв.м 8,5 долларни ташкил этди. Энг юқори нархлар Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасаройда кузатилди.
Ўтган йилнинг сентябрига нисбатан ижара нархлари пойтахтда 1,4 фоизга ошди. Энг катта ўсиш Юнусобод, Олмазор ва Мирободда бўлди (ўртача 4,4 фоиз).