Тошкентда “дарахтлар қолмаганда” Экопатруль хизмати нимани ҳимоя қилади?

26.09.2021 08:13

Президент топшириғи бажарилиши учун “бир зумда” ташкил этилган хизмат моҳиятан ҳам қўйилган талабларга жавоб бера оладими?

Rost24.uz мухбири 24 сентябрда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Республикада экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил майдонларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзуси юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашди.

Матбуот анжуманида иштирок этган Тошкент шаҳар Инспекция бошлиғи Қаҳрамон Рўзимовдан бугунги кунда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва янги ишга тушган “Экопатруль хизмати” вазифалари бўйича саволларга батафсил жавоб олинди.

– Тошкентда “дарахтлар қолмаганда” Экопатруль хизмати нимани ҳимоя қилади? Асосий вазифаси нимадан иборат?

– Бугунги кунда асосан экологик қонун бузилишларнинг олдини олиш, ўсимлик дунёси, сув, ер, ҳаво каби ҳар битта экологияга алоқадор нарсаларга нисбатан қонун бузилишларини олдини олиш Экопатрулнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Қонунбузарликнинг олдини олиш учун эса аҳолига тушунтириш ишларини ҳам олиб боради. Бу бўйича эса бугунги кунда ишлар бошланган ва тун-у кун бу хизмат ишламоқда.

– Тошкент “қуриган арчалар қабристони”га ўхшайди. Экилиб қуриб кетаётган дарахтларга ҳам бу хизмат жавоб берадими?

– Дарахтларни қуришини олдини олиш Экопатрул хизматига вазифасига кирмайди. Қуриган арчаларга нисбатан Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бор. Ана шу ташкилот дарахтларни дорилаш, суғориш каби ишларни амалга оширади. Бу вазифа уларга юкланган.

– Реконструкция қилинаётган паркларни текшириш ҳуқуқига эгами?

– Авваламбор, бундай парклар Тошкент шаҳар “Экология инспекцияси”нинг назоратида бўлади. Инспекторлар назорат қилиб боради. Агар мабодо аҳоли томонидан шикоят келиб тушадиган бўлса, Инспекция билан биргаликда кириб, шунга нисбатан чора кўриш имконияти бор.

– Бу хизмат вилоятларда ҳам йўлга қўйиладими?

– Бу лойиҳа барча вилоятларнинг марказларида амалга оширилади ва ҳозирдан ишга туширилмоқда.

– Қишлоқларимизда совуқ кунларда газ етишмовчилиги туфайли дарахтларни ўтин қилиш бошланади. Бунга ҳам экопатрул хизмати қарайдими?

– Экопатруль хизмати фақатгина Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги қонунбузарликларнинг олдини олади. Чунки шаҳар жойларда қонунбузилиш ишлари кўп. Кейинчалик балки чекка қишлоқларга ҳам чиқилар…

– Фуқаролар бу хизматни телефон қилиб чақириш имкониятига эга бўладими?

– Экопатрулни сайтига “горячий линияси” қўйилди. Ҳар бир вилоят ва туманни рақами қўйилади. Халқ шу рақамлар орқали телефон қилиб фойдаланиши мумкин. 102 га боғлаймиз, яъни Ички ишларга қандай қилиб боғланса, бунга ҳам худди шундай қилиб боғланади. Экологияга оид қандай ҳолат бўлса ҳам Экопатрулга телефон қилиб чақирса бўлади. 4 та рақамлик номер қўйилади.

Экопатруль хизмати мана шундай ишларни бажариши назарда тутилмоқда. Ноқонуний дарахт кесилишлари жуда кўплаб бўлиб, шаҳар “чўлга айлангандан” кейин бу хизмат ишга тушди. Балки бундан кейинги ноқонуний кесилишларнинг олди олинар, агар шаҳримизда дарахт қолган бўлса..?!

Республика бўйича 8 ой мобайнида 3149 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 5115 дона дарахт кесилган. Бундан эса 4,5 миллиард жарима, 7 миллиард 800 дан кўп компенсация ҳисобланган. Бу рақамларни “Экология қўмитаси” ошкор қилди. Лекин нимага мана шу кўрсаткичлар ҳалигача Давлат статистика қўмитасига ошкора тақдим этилмаяпти?

Республикамизда, айниқса, Тошкент шаҳрида дарахтлар турли қурилишлар туфайли “шунчаки” кесиб ташланди. Буни эса оддий аҳоли қилмади, давлат органлари томонидан қурилиш учун ажратилди. Бунга эса Экология қўмитаси жимгина қараб тургандай бўлди. Балки...

Лекин бугунги берган ваъдалар, қилинажак ишлар режаси очиқланди. Натижасини кузатамиз. Муҳими халқимиз учун тоза экологик муҳит керак.

*****

Мавзуга оид мақолалар:

Ўзбекистон экологияси кам маош, техникаси ва ваколати йўқ, абгор ҳолатдаги қўмита қўлида қолмоқда

Экология қўмитаси ноёб ҳайвонларнинг озиқланишига ёрдам кўрсатадими?

Бўстонлиқда россиялик овчи томонидан "Қизил китоб"га киритилган қўнғир айиқ отиб ўлдирилди. Овга Экология қўмитаси раиси рухсатнома берган

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар