Экология соҳасида деярли ҳеч нарса қила олмаган экопартия раиси, энди Экология қўмитасига раҳбар бўлди

31.12.2021 08:44

ЁХУД "Халқ сўзи" газетаси Бош муҳаррири Ўткир Раҳматовнинг куёви, айни пайтгача Ўзбекистон Экологик партияси раиси вазифасида ишлаб келган Нарзулло Обломуродовнинг фаолиятига қисқача шарҳ

Очиқ айтиш керак, Экологик партия сайловларда иштирок этишдан бошқа деярли ҳеч бир ишни қойил қолдиргани йўқ. Мамлакатда сўнги йиллардан экологик таназзул ортса ортдики, ижобий ҳолат кузатилмади. Ҳокимликлар томонидан дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, кўкаламзорларнинг чўлланиши, дарё ўзанлари ва қирғоқбўйи минтақаларига етказилаётган жиддий зарар, сувнинг йилдан-йилга камайиш эҳтимоли ортаётгани каби кўплаб муаммоларни юмшатишга аниқ чора-тадбир ҳам ишлаб чиқилмаган.

Ажабланарлиси, яқинда юртимизнинг айрим шаҳарларида, хусусан, Тошкентда кузатилган ноқулай об-ҳаво, қум-бўронларининг кўтарилиши юзасидан Экологик партия ҳеч қандай муносабат билдирмади. Тўғрироғи, узуқ-юлуқ муносабатлардан бошқасига ўта олмади. 

Йиллар давомида жамоатчилик партиянинг экология йўналишида оламшумул ташаббусларини кўра олмади. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида табиатга бўлган таҳдидларнинг ўзи, яъни наинки Ўзбекистонда балки минтақада ҳам энг ноёб экологик ҳудуд ҳисобланган Тошкент “Ботаника” боғида катта байрам тадбирларининг ўтказилиши, бу ҳолат камёб ўсимлик дунёсига етказаётган зарари ёки бўлмаса пойтахтдаги миллий боғларнинг пайҳон қилиниб, қурилиш қилиниши каби ҳолатлар аслида бу ҳаракат эгаларини жонлантириш керак эди. Аммо, одатий тадбирбозликдан бошқа амалий натижаларни бу партия етакчиларидан кўпчилик кутмай қўйганига анча вақтлар бўлган.    

Бугун эса, юзлаб муаммолар гирдобини тарқатиш учун катта ишонч билан бу соҳада бирор бир жиддий ҳаракат ҳам қила олмаган партиянинг йўлбошчиси Экология қўмитасига раис этиб тайинланди.

Обломуродовнинг сайловолди дастурида ҳам "яшил сиёсат" бўйича ваъдалар асосий ўрин олган эди. Хусусан, Орол фожиаси асоратларини юмшатиш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитга зарар етказганликка нисбатан жазони кучайтириш каби таклифларни илгари сурган. Аммо, сайловларда “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида иштирок этган иқтисодчи, жорий йилнинг май ойида жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқнинг россиялик овчи томонидан отиб олинишига бирор фикр билдиришга ҳам ярамади.

Умуман олганда, ҳатто сайловлар давомида ҳам жамоатчилик томонидан Н. Обломуродовнинг алоҳида ўзига хос юзи кўрилмади.

Бугун, кўплаб эътирозларга қарамасдан деярли ҳар куни қаердадир дарахтлар кесилаётган, кимлардир уларни сотиб юбораётган, мамлакатни тез-тез илгари кўрилмаган даражадаги чанг қоплаб олаётган, аҳоли совуқда дарахтларни кесиб, кўмирларни мисли кўрилмаган даражада кўп ёқиб табиатни заҳарлашга мажбур бўлаётган, Ўзбекистонда Орол, шўрланиш каби муаммоларнинг долзарблиги кундан кунга ошиб бораётган  бир пайтда, бу соҳада бирор бир жиддий ҳаракат қилиш уёқда турсин, ҳатто жиддийроқ фикр билдириб, ўз фикрини ҳимоя ҳам қила олмаган партиянинг йўлбошчиси Экология қўмитасига раис этиб тайинланди.

Собиқ тузум даврида шундай тушунча бор эди, фикр билдирмаганлар мансаб пиллапояларидан осон кўтариладилар. Бу тушунча ҳамон ўз исботини топиб келаётган кўринади, зеро ҳеч бўлмаганда фикр билдириши лозим бўлган ўринларда ҳам бирор сўз айтмаган амалдор яна бир поғона юқори кўтарилди. Йўқса, асли мутахассислиги иқтисодчи бўлишига қарамасдан кўп йиллар олий таълим тизимида, хусусан кафедра мудири, декан лавозимларида фаолият юритган сиёсатчи экологик вазият кучли мутахассисга муҳтож бўлган бир пайтда Экоқўмитага раҳбар сифатида тайинланармиди?

Кузатамиз, балки бизнинг кичик бир таҳлилимиз ёлғонга чиқар.
   
Нарзулло Наимович Обломуродов 1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда 2000 йилда Бирмингем университети (Буюк Британия)ни тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. Иқтисод фанлари номзоди, доцент. Н.Обломуродов кўп йиллар олий таълим тизимида, жумладан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент молия институтида кафедра мудири, факультет декани лавозимларида фаолият юритган. Банк-молия соҳаси ҳамда давлат бошқарув органлари тизимида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида масъул лавозимларда ишлаган. 2020 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Н.Обломуродов 2021 йил 1 февралдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда. Нарзулло Обломуродов оилали, уч нафар фарзанди бор. Аниқланган маълумотларга кўра, Н.Обломуродов  республиканинг етакчи нашрларидан бири бўлган "Халқ сўзи" газетаси Бош муҳаррири Ўткир Раҳматовнинг куёви ҳисобланади.

***

Мавзуга оид мақолалар:

Экопартия сайловларда иштирок этишдан бошқа иш ҳам қиладими? 

Ўзбекистонда атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг 50 фоизи Тошкент вилоятига тегишли

Экология муаммолари бўйича "Адолат" СДП бош қотирмоқда

Ўзбекистон экологияси кам маош, техникаси ва ваколати йўқ, абгор ҳолатдаги қўмита қўлида қолмоқда

Бўстонлиқда россиялик овчи томонидан "Қизил китоб"га киритилган қўнғир айиқ отиб ўлдирилди. Овга Экология қўмитаси раиси рухсатнома берган

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.01.2022 01:27
Узбекистон экологик партиясининг яна бир кавс ичидаги фаолияти - курилиши мулжалланаетган Атом электростанциясини кукларга кутариб макташ ва таргиб килиш булмокда. Шуни учун бу партия номини Антиэкологик партия деб узгартириш керак.
31.12.2021 16:54
Oʻzbekiston ekologiyasi shoʻri battar qurir ekankuuu