Ўзбекистон помидор қоқиси энди Италия бозорида

05.11.2025 15:11

 

“Янгийўл – Агро Стар” ихтисослашган компанияси “Бизнесни ривожлантириш банки” билан ҳамкорликда Италияга 36 тонна помидор қоқисини экспорт қилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида навбатдаги йирик натижага эришилди. Тайёрланган 36 тонна помидор қоқиси муваффақиятли тарзда Италия Республикасига экспорт қилинди.

Бу лойиҳа жорий йилнинг март ойида Италиянинг “Areafredda” компанияси билан тузилган 200 тоннали экспорт шартномаси асосида амалга оширилди. Мазкур ҳамкорлик нафақат маҳсулот етказиб бериш, балки ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро стандартларга мослаштиришни ҳам назарда тутади.

Европа стандартларига мос ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида келишув доирасида италиялик агроном-мутахассислар помидор экиш, парваришлаш ва қуритиш жараёнларига жалб қилинди. “Янгийўл – Агро Стар” ихтисослашган компанияси ҳамда маҳаллий ер эгалари ўртасида тузилган шартномалар асосида “Max Rio” навли помидор уруғлари етказиб берилди.

Италиялик ҳамкорлар бевосита жараёнларда иштирок этиб, фермерларга агротехника тадбирларини самарали олиб бориш бўйича замонавий илмларга асосланган тавсиялар бериб боришди.

Натижада 623 тонна помидор етиштирилиб, қайта ишлаш орқали экспортбоп маҳсулот тайёрланди. Жараён давомида 300 нафар фуқаро мавсумий иш ўринлари билан таъминланди.

Иш самарадорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлгани сабабли, 2026 йилда 2 минг тонна помидор қоқисини экспорт қилиш бўйича янги келишувга ҳам эришилди.

“Янгийўл – Агро Стар” компанияси томонидан “Бизнесни ривожлантириш банки” билан ҳамкорликда намунавий тарзда ташкил этилган қоқи қуритиш плантациялари келгуси йилда Қашқадарё, Андижон ва Сирдарё вилоятларида йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бу нафақат янги иш ўринларини яратади, балки помидор етиштирувчи фермерлар учун барқарор бозор тизимини ҳам шакллантиради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар