Ирқий камситишни тугатиш ва диний бағрикенглик - инсон ҳуқуқларининг олий қадрияти

06.11.2025 11:45

Инсониятнинг хавфсизлигини таъминлаш, қирғинбарот урушларнинг олдини олиш ва тинч-тотувликда яшашни мақсад қилган ҳолда халқаро жамжамият қатор халқаро ҳужжатларни қабул қилишга ҳаракат қилиб келди. Шундай ҳужжатлардан бири – “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги халқаро конвенция бўлиб, у 1965 йил 21 декабрда қабул қилинди ва 1969 йил 4 январда кучга киритилди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинганига бу йил 60 йил тўлади.

Конвенцияга 182 давлат аъзо ҳисобланади,  жумладан  Ўзбекистон  ҳам унинг аъзоси бўлиб, ҳужжат республикамизда 1995 йил 28 октябрдан кучга кирди. Ушбу  конвенциянинг  мақсади  ирқи, тери ранги, насаб, миллий ёки этник келиб чиқишга асосланган ҳар қандай камситишни бартараф этиш, миллатлараро тенглик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашдан иборат.

Конвенция 25 моддадан иборат бўлиб, унда  ирқий камситишнинг таърифи, ирқий камситишга барҳам бериш бўйича давлатларнинг умумий мажбуриятлари, ирқий камситишларсиз амалга оширилиши шарт бўлган ҳуқуқларнинг яхлит рўйхати, ирқий камситишлардан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича судга мурожаат қилиш ва зарарни қоплаш, ирқий камситишларни олдини олиш бўйича таълим-тарбия ишларини олиб бориш каби асосий нормалар белгиланган. Мазкур конвенция бир вақтнинг ўзида диний бағрикенглик ғояларини ҳам қамраб олган.

Ҳозирги кунда дунёда 1600 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ҳар бир миллат вакиллари турли диний эътиқодга амал қилади. Марказий Осиё ҳам хилма-хил дин, маданият ва турмуш тарзи туташган макон.  Юртимиз турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи халқлар яшаб келаётган ўлкадир. Республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. 16 та диний конфессия вакиллари ҳам миллатлараро   тотувлик, бағрикенгликда яшаб келмоқда.

Маълумки, бағрикенглик – инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, демократия ва ҳуқуқ тантанаси учун кўмаклашишга ёрдам берувчи мажбуриятдир. Бағрикенглик – ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.

Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ҳаракатлари халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий нутқи ўз мазмун-моҳияти ва халқаро ҳамжамият учун аҳамияти жиҳатидан аксарият давлатларнинг эътиборини тортди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ҳам 2017 йил октябрь ойида Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида БМТнинг маърифат ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга бағишланган махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган эди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги ўзининг нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, ёшлар масаласи, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология, каби қатор глобал муаммолар билан бир қаторда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус БМТга аъзо 193 та мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси якдиллик билан қабул қилинди.

Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда кўпроқ маърифатпарварлик ғоялари илгари сурилиб, жаҳонда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида соғлом кучларни бирлаштиришнинг, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари, муроса ва ўзаро англашувнинг муҳимлиги эътироф этилган.

Резолюцияда маданиятлар ва динлараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда шахсларни дин ва эътиқодларига қараб камситилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий, миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади.

Ҳозирги даврда айрим минтақаларда давом этаётган дин ва эътиқод борасида дискриминация, таҳқирлаш ҳамда зўравонлик, инсонларни дини ва эътиқоди сабабли доимий таъқиб қилаётганлигидан жиддий хавотир ва ташвиш баён этилган.

Хулоса қилиб айтганда, ирқий камситишга барҳам бериш аввало, бағрикенгликни талаб этади. Бағрикенг жамият барқарор ривожланиш йўлида ҳаракат қилади. Халқимиз ўз йўлини танлаган ва бу йўлда собитқадамлик билан ҳаракат қилади.

Зафар Амиров,

Одил судлов академияси профессори,

юридик фанлар доктори

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар