2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими амалиётга жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ–206-сонли фармонида белгилаб қўйилган.
Тизим фуқароларни турли ижтимоий ишсизлик, ногиронлик, ҳомиладорлик каби ҳолатларда давлат томонидан ҳимоя қилишга қаратилади.
Фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан икки хил асосда қамраб олиниши кўзда тутилган. Булар:
Мажбурий асосда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига оид ташкилотлар ходимлари учун белгиланган миқдорда суғурта тўловлари амалга оширилади
Бу тўловлар уларнинг ойлик даромадидан белгиланган миқдорда ҳисобланади.
Ихтиёрий асосда:
Ҳар бир фуқаро меҳнати учун оладиган ҳақнинг энг камидаги 5 фоизи миқдоридаги суғурта бадалини ҳар ой тўлаб бориши мумкин. Бу орқали шахс суғурта тизимига ихтиёрий равишда қўшилиб, кейинчалик нафақа ва тўловлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Фуқароларнинг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлари уларнинг суғурта стажи (иш тажрибаси) ва тўланган суғурта бадалларига мутаносиб равишда ҳисобланади. Бу ҳисоб-китобларни Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси амалга ошириши белгиланган.
Суғурта стажи ва тўловлар ҳақидаги барча маълумотлар рақамли платформа орқали юритилади. Барча жараёнлар рақамли тизим орқали амалга оширилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳисобот ва тўлов жараёнлари “Рақамли ҳукумат” интеграция платформаси орқали олиб борилади. Бу тизим фуқароларга суғурта маълумотларини онлайн тарзда кўриш ва назорат қилиш имконини яратади.
Шундай қилиб, 2026 йилдан бошлаб Давлат ижтимоий суғуртаси орқали Янги нафақа турлари жорий этилади. Яъни:
- 2026 йил 1 январдан — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- 2026 йил 1 июлдан — вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
- 2030 йил 1 январдан — фуқаролар мурожаати асосида ишдан бўшатиш нафақаси жорий этилади.
2026 йил 1 январга қадар Пенсия жамғармасига тўланган барча суғурта бадаллари, ягона ижтимоий тўловлар ва ижтимоий солиқлар ҳам суғурта стажи сифатида инобатга олинади. Яъни, аввалги йилларда амалга оширилган барча тўловлар ҳам янги тизимда тўлиқ ҳисобга олинади.