Мактабгача таълим тизими хароб аҳволга келаяпти, лекин ҳукумат вазирнинг камчиликларига негадир кўз юмади. НЕГА?
Қишлоқларда болалар ҳалигача боғчаларда эмас, чанг кўчаларда болалигини ўтказмоқда.
Мактабгача таълим тизимидаги статистик маълумотлар бу йўналишда йиллар давомида йирик ўзгаришлар кузатилмаётганини кўрсатмоқда. Сарфланган маблағлар кўлами эса катта.
Ўзбекистонда энг кам ойликни МТМ ходимлари олади...
Муаммолар қачон ҳал бўлади?
Мактабгача таълим тизими Ўзбекистоннинг энг оғриқли масалаларидан бири ҳисобланади. Бу тизимдаги муаммоларни 2018 йилдаёқ Президент Шавкат Мирзиёев ҳам санаб ўтган эди:
“Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига эътибор қаратилди. Масалан, Андижон вилоятидаги 87 та маҳаллада биронта ҳам болалар боғчаси йўқлиги, 84 та боғча филиалини мустақил муассасага айлантириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимликлари томонидан аниқ чоралар белгиланмагани танқид қилинди.
Вилоятда мавжуд 451 та мактабгача таълим муассасасидан 200 тасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус омбор йўқ, совуткич, шкаф ва стол-стуллар етишмайди. Шунингдек, ҳанузгача 123 та боғчага ичимлик суви ташиб келтирилади, 71 тасининг атрофи ўралмаган, 134 тасида мусиқа хоналари жиҳозланмаган, 420 тасида кичик кутубхоналар ташкил этилмаган.”
Юқорида санаб ўтилган муаммолар бугунги кунга қадар ўз ечимини топгани йўқ.
Юқорида муаммолар саналганидан 3 йил ўтиб, яъни 2021 йилда ҳам ҳали мактабгача таълим билан қамраб олинмаган туманлар талайгина.
“53 та туманда боғчалар етишмайди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида қамров даражаси жуда паст”.
Rost24.uz сайтига фуқоролардан пойтахтимизнинг ўзида кўплаб боғчалар таъмирталаб аҳволдалиги ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Уларга кўра, Янгиҳаёт туманидаги 248, 99, 21, 24, 53, 204, 206-боғчалар қурилиши ҳали битмаган.
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги “Бинафша” болалар боғчаси, Чуст туманидаги 63-боғча эса узоқ йиллардан буён авария ҳолатида. Косон тумани матбуот котиби билан боғланганимизда, қишлоқда хусусий боғчалар борлиги, лекин давлат боғчасини таъмирлаш учун ҳали бюджетдан маблағ ажратилмаганини маълум қилди.
“Навбатим келгунича болам мактабни битирди”
Давлат боғчаларига болаларни бериш осон эмас. Аввало болангизни тиббий кўрикдан ўтказасиз, ариза топшириб рўйхатдан ўтасиз ва узоқ муддат навбатингизни кутасиз.
Бугунги кунда ота-оналар фарзандларини давлат боғчаларидан кўра, хусусий боғчаларга беришни афзал билишмоқда. Сабаби оддий! Хусусий боғчалар овқатлантириш, санитария ҳамда таълим бериш сифати бўйича давлат боғчаларидан анча устун туради.
2021 йил февраль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрининг ўзида 147 та хусусий боғчалар мавжуд бўлиб, уларнинг нархи ойига 1,5 миллиондан бошланиб 5,5 миллионгача. Бундай нархни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Чунки ўзбек халқи болажон бўлиб, агар битта оилада иккита боғча ёшидаги бола бўладиган бўлса фарзандининг яхши таълим олишини, яхши овқатланишини истаган ота-онадан 11 миллион сўм фақат боғча учун тўлаш талаб этилади. Агар нарх қимматлик қиладиган бўлса фарзандингизни давлат боғчаларига беришингиз мумкин. Фақатгина боғчага олиб боришдан аввал фарзандингизнинг қорнини яхшилаб тўйдиришингиз, қайтганда ҳам яна овқатлантиришингиз керак. Чунки давлат боғчаларида фарзандингиз учун тўйимли бўлган, у ёқтирадиган озиқ-овқатлар доим ҳам бўлавермайди. Таълим бериш сифати ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади.
Биз юқорида санаб ўтган камчиликлар кўпроқ Тошкент шаҳри ва бошқа вилоят марказларидаги давлат боғчаларига тегишли. Қишлоқларда эса бундай камчиликлар йўқ. Чунки қишлоқларда боғчаларнинг ўзи йўқ! Бўлганда ҳам хусусий ва уларнинг нархи қишлоқ одамлари учун қимматлик қилмоқда.
Статистик маълумотлар тўғрими? Ўзбекистонда болаларнинг неча фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган?
Мактабгача таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, 2021 йилга келиб боғча ёшидаги 2,7 миллион нафар боланинг 61 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган.
Аммо бундай юқори рақамларга ишониш жуда қийин.
Бизнинг таҳлилимизча,
2019 йилда туғилган бола бугун 2 ёш – 815,9 минг нафар,
2018 йилда туғилган болалар 3 ёш - 768,3 минг нафар
2017 йилда туғилган болалар 4 ёш – 715,5 минг нафар
2016 йилда туғилган болалар 5 ёш – 726,2 минг нафар
Демак, 2016 — 2019 йилларда жами 3 миллион 26 минг бола туғилган ва уларнинг 2 миллион 995 мингтаси бугун боғча ёшида. (жами 30,8 минг бола ўлган)
Статистикa қўмитасининг яна бошқа маълумотида қайд этилишича, 2021 йил январь ҳолатига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг жами сони 1.2 миллион нафарни ташкил этиши ёзилган. Бу эса бугунги кунда боғча ёшидаги болаларнинг атиги 40 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинганини исботлайди. Президент эса 2023 йилда мактабгача таълим қамровини 75 фоизга етказиш топшириғини берган.
Энг кам ойлик боғча ходимларида
Мактабгача таълим ташкилотларида жами 116 996 нафар тарбиячи ишлайди. Rost24.uz сайти томонидан “Қайси соҳада ишловчилар энг кам ойлик олмоқда?” номли сўровнома ўтказилган ва унда қатнашган 27752 респондентларнинг 50 фоизи Болалар боғчалари ходимлари, дея овоз берган.
Агрепина Шиннинг ўзи ҳам Kun.uz сайтига берган интервюсида Мактабгача таълим соҳаси ходимининг нуфузи паст бўлишига унинг маоши кам бўлгани ҳам муҳим омил бўлганини айтиб ўтган эди. Аммо унинг айтишича, 2018 йилда тегишли ходимларнинг ойлик иш ҳақи икки марта 40 фоиздан 70 фоизгача оширилди. Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади.
Президент 2021 йил якунида мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йилда эса 75 фоизга етказиш лозимлигини айтган ва бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия ажратилишини маълум қилганди.
Ажратилаётган маблағлар боғча қуришга, таълим, озиқ-овқат сифатини яхшилашга, тарбиячиларнинг маошини кўтаришга сарфланмаётган бўлса, қаерга сарфланяпти?
Мактабгача таълим вазирлиги билан боғланганимизда боғчаларнинг қурилиши битмаётганига covid-19 пандемиясини сабаб сифатида келтирди. Пандемия вақтида қанчадан-қанча кўп қаватли иморатлар қурилиши тугалланаётган бир пайтда, болаларнинг билим оладиган, ўйнаб-куладиган жойи – боғчаларнинг битмаётгани жуда кулгули ҳолат.
Юқорида тизимда кузатилаётган муаммолар талайгина экани далиллар билан келтириб ўтилди. Аммо, бу камчиликларга қарамай Агреппина Шин лавозими ҳам ҳудди тизимдаги муаммолар каби йиллар давомида ўзгармас қолмоқда. Вазир Шинга бундай иммунитетни ким берган?
Маълумот ўрнида, Бош вазир Абдулла Арипов ва Мактабгача таълим вазири Агрипина Шин қачонлардир ҳамкасб бўлишган. Арипов 2012 йил августда МТС алоқа оператори билан боғлиқ можаролар сабаб Бош вазир ўринбосари лавозимидан бўшатилган. Podrobno.uz даги хабарга кўра, ҳукуматдан ҳайдалган Арипов 2013 йилдан 2016 йилгача Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида катта ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Бу вақтда эса коллеж директори Агриппина Шин эди.
Ҳукуматга Арипов қайтгандагн сўнг, яъни 2017 йилда Агрипина Шин Мактабгача таълим вазири лавозимига тайинланди.