Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун $800 млн кредит ажратади

16.10.2025 17:46


Жаҳон банки (ЖБ) Ўзбекистонга имтиёзли кредитлар кўринишида 800 млн долларлик молиявий пакетни ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ахборот хизмати хабар қилди.

«Ушбу маблағлар ҳукуматга узоқ муддатли қайтариш шартлари асосида паст фоиз ставкаси билан тақдим этилади. Бундай кредитлаш шартлари халқаро молия бозорларидагига қараганда анча фойдалироқ. Бу орқали Ўзбекистон қарз бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириши ва тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтириши мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Банкнинг қайд этишича, мазкур қарз маблағлари ҳукуматга турли стратегик муҳим соҳаларда давлат сиёсатининг шошилинч чораларини амалга оширишда ёрдам беради, жумладан:

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш
Электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти бўйича оширилган тарифларни компенсация қилиш мақсадида кам таъминланган оилаларга бир марталик йиллик моддий ёрдам пулини 270 минг сўмдан 1 миллион сўмгача ошириш.

Аёллар учун иқтисодий имкониятларни ошириш
Аёлларни иш жойидаги жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база ва механизмларни ривожлантириш.

Иш берувчиларга ҳомиладор ёки ёш болали аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, иш ҳақини камайтириш ёки ишдан бўшатишни тақиқлаш.

Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш
Хусусий ва нодавлат етказиб берувчи ташкилотлар орқали аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бозорини ривожлантириш учун шароитлар яратиш.

Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш
Давлат корхоналарини янада самарали бошқариш ва хусусийлаштириш учун Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш.

Кенг полосали интернет ва мобил алоқа бозорларида давлат компанияларининг устун мавқейини чеклаш мақсадида мустақил телекоммуникация регуляторини шакллантириш, шунингдек, телекоммуникация соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш.

Қишлоқ хўжалиги
Маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалиги хавф-хатарларидан суғурталаш тизимини жорий этиш.

Пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, пахта хариди нархларини белгилашнинг янада мослашувчан механизмини жорий этиш ва тўқимачилик корхоналарига ушбу хом ашёни сотиб олишда мустақиллик бериш.

Ташқи савдони либерализация қилиш
ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ва экспорт тартибини соддалаштириш, шу жумладан, айрим турдаги товарларни экспорт қилиш учун рухсатномаларни бекор қилиш орқали халқаро савдони кенгайтириш.

Энергетика, нефт-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги ва рақобатни чеклайдиган бошқа тармоқларда айрим компанияларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш.

Энергетика сектори
Хусусий инвесторлар иштирок этиши учун электр энергиясини тақсимлаш бозорини очиш ва мустақил қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчиларга электр энергиясини истеъмолчиларга тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқини бериш.

Ушбу чоралар қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва электр тармоқларини ривожлантиришга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.

Энергия самарадорлигини ошириш
Энергия сарфи юқори бўлган тармоқларда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш учун қўшимча рағбатларни жорий этиш.

Ушбу чора-тадбирлар қаторида энергия тежамкор лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган Энергия самарадорлиги миллий агентлигини ташкил этиш, шунингдек, қуёш энергетикасини ривожлантириш, иссиқлик насосларини жорий этиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган.

«Яшил» давлат харидлари
Бюджет маблағларидан фойдаланишда экологик тоза товарлар ва хизматларни сотиб олишга устуворлик бериш учун давлат харидлари тизимига экологик мезонларни жорий этиш.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар