“Ўзбекистон Миллий Электр Тармоқлари” АЖ томонидан бошланғич нархи 7,3 млрд сўмлик танлов савдоси “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларига зид равишда ўтказилган. Шунингдек, бир қатор вилоят ҳудудий бошқармалари томонидан ҳудудларда қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, Қарши давлат университети буюртмачилигида 250 млн сўмга яқин танлов савдосида олиб борилган ўрганишларда баҳолаш жараёнида нохолисликка йўл қўйилган. Хусусан, харид комиссияси иштирокчилар тақдим этган ҳужжатларни нотўғри баҳолаб, мавжуд қонун талабларини бузган.
Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалар уюшмасининг Навбаҳор туман бўлими томонидан ўтказилган 90 млн сўмга яқин бўлган 7 та танлов (тендер) савдоларининг барчасида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлган.
Поп эркаклар мурувват интернат уйи буюртмачилигида 2024 йилда амалга оширилган давлат харидларида, интернат уйи 2 та лот бўйича бошланғич нархи 3.5 млн сўмлик товар, иш ва хизматлар сотиб олиш бўйича амалга оширилган давлат харидларида қонунчиликда белгиланган тартибини бузган.
Жиззахда Фориш тумани ҳокимлиги томонидан “Маиший техника харид қилиш” бўйича ўтказилган бошланғич нархи 72 млн сўмга яқин танлов савдоcи юзасидан ўрганишлар ўтказилганда, қонун талаблари бузилганлиги аниқланган.
Фарғонада эса, “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан бошланғич нархи 900 млн сўм бўлган “Автомобиль йўлларида қишда сирпанишга қарши қум маҳсулотлари сотиб олиш” учун ўтказилган энг яхши таклифларни танлаш савдосида ўзаро аффилланган “Sand and Gravel Wholesale” МЧЖ ва “Bus Park and Trading” МЧЖ талабгор сифатида тижорат таклифларини топширган.
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан бошланғич нархи 500 млн сўмлик ўтказилган танлов (тендер) савдосининг қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишларини олиб борилганда, ушбу давлат харидида “Etender. uzex. uz ахборот порталида танлаш ҳужжатларида таклифларни баҳолаш мезонлари жойлаштирилмагани ҳамда харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг таклифларини техник қисми баҳолаш мезонларисиз баҳоланганлиги маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдорларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.