Президент маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда

14.10.2025 16:34



Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан бўлиб ўтаётган  видеоселектор йиғилишида соҳага оид бир қанча муаммоларга ечимлар ишланмоқда.

Хусусан, яқинда имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан ва 330 та оғир маҳаллаларнинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга қаратилади.

Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм берилади.

Умуман, бу дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Вилоят ҳокимларининг ўзи ҳам 2 тадан, туман ҳокимлари эса 1 тадан оғир маҳаллани белгилаб, уларга 5 миллиард сўмдан йўналтириши, яна 236 та маҳалла аҳолиси турмушида кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимлари берилаётган маблағдан оқилона фойдаланиб, “маҳалла еттилиги” билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Бирорта ҳоким ёки маҳалла раиси тайинли жойни кўрсатиб бермаяпти

Маҳаллалар аҳолиси ўзлари дарахт экиб, парвариш қилишга, яшил ҳудудларни кўпайтиришга тайёр, лекин бирорта ҳоким ёки маҳалла раиси тайинли жойни кўрсатиб бермаётгани танқид қилинди.

Эндиликда “еттилик”, маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд қилиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер майдони ажратиб беради.

Ҳокимлар ва “еттилик” бунинг устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу ерлар бошқа мақсадларга бериладиган бўлса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бош прокуратурага бошқа мақсадлар учун бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини жойига қайтариш бўйича топшириқ берилган эди. Тўрт ой ичида 20 гектар яшил ҳудуд, 107 та спорт майдончаси ва болалар ўйингоҳи тикланди. 

“Еттилик” иш вақтининг ярмини турли мажлис ва тадбирларда ўтказяпти 
“Еттилик” ходимларининг аниқ вазифалари ва KPI белгилангани билан маҳалладаги умумий натижадорликни баҳолайдиган тизим йўқ.

Ҳозирда “еттилик” аъзоларининг 1 минг 700 нафари маҳалла ҳудудидан 20-30 километр узоқдан қатнайди. Оқибатда ўтган йили 68 нафар “еттилик” вакиллари бириктирилган маҳалласига бир неча ой келмаган.

Мутасаддиларга “еттилик” фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизимни ишга тушириш топширилди.
Туман ҳокимлари йил якунига кўра, яхши ишлаган 10 та “еттилик”нинг барчасини мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўяди.
“Шунда “еттилик” ҳамжиҳат ва ягона жамоа бўлиб ишлайди”,
– деди Президент.
Бундан буён “еттилик” ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиш тақиқланиши белгиланди.

Тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинди

Унга кўра,
- ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими кўчаси, йўли, ариғи, хиёбонини тартибга келтириб, доимо озода тутиши шарт. 
- ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарлари бугуноқ 24 соат ишлайдиган бригадалар ташкил қилиб, кўча, хонадон, кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар атрофини тозалаш билан шуғулланади. 
- “Тоза ҳудуд” корхоналарига қарашли махсус техникалар ҳам бунга тўлиқ сафарбар қилинади.
- ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга чиқинди ташлаганлик учун жарима қўллаш ваколати берилгани қайд этилиб, уларга жойларга чиқиб, шаҳар ва туман марказларида кунлик назорат ўрнатиш топширилди.
- Бош прокуратура бошқа мақсадлар учун бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини жойига қайтариш бўйича топшириқ ижросини давом эттиради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар