Ўзбекистонда таклиф этилаётган маошлар 20 фоизга камайди

07.10.2025 13:12

2025 йил III чорагида Head Hunter платформасида таклиф этилган ойликлар ўртача 20,2 фоизга камайди. Айрим соҳаларда иш ҳақлари 72 фоизгача қисқарган.

Ишга таклифлар сони 24 фоизга ортди

Июль–сентябрь ойларида иш берувчилар hh.uz платформасига 33 мингдан ортиқ фаол иш ўринларини жойлаштирган. Маълумотларга кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига қараганда 24 фоизга ўсган.

Платформада эълон қилинаётган иш таклифларининг аксарияти Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Бироқ ҳисобот даврида пойтахтдаги ишга таклифлар сони 81,9 фоизгача камайган.

Иш таклифлари сони Жиззахда 1,5 баробардан кўпроқ, Наманганда 49 фоиз , Андижон, Фарғона, Бухоро ва Самарқандда 40 фоиздан зиёд ошди. Шундай бўлса-да, ҳудудлар кесимида бўш иш ўринларининг 4,8 фоизи Самарқанд шаҳрига тўғри келса, бошқа шаҳарларнинг улуши 1,6 фоиздан ошмайди.

Ойликлар сезиларли камайган

Жорий йил III чорагида Head Hunter платформаси орқали таклиф этилган ўртача иш ҳақи 4,36 миллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 20,2 фоизга кам. Пойтахтда ўртача иш ҳақи кўрсаткичи энг юқори (5,083 миллион сўм) бўлиб қолмоқда. Лекин ойликлар пасайиши пойтахтни ҳам четлаб ўтмаган (41 фоизга камайган). Шу билан бирга, Навоийда ўртача маош икки баравардан кўпроққа, Қаршида 92,3 фоизга, Чирчиқда эса 21,6 фоизга пасайган.

Иш ҳақи таклифларининг энг юқори ўсиши Андижон (+25 фоиз), Самарқанд ва Фарғонада (+2,7 фоиз) кузатилган.

Бундай тебранишларнинг эҳтимолий сабаблари сифатида таклиф тузилмасидаги ўзгаришлар, оммавий бўш иш ўринлари улушининг кўпайиши ва мавсумий омиллар кўрсатилмоқда.

Энг юқори маошлар, илгаригидек, олий ва ўрта бошқарув соҳасида кузатилмоқда — 8,94 миллион сўм. Бу қиймат ўтган йилга нисбатан 13,7 фоизга камдир. Ҳуқуқшунослар 6,5 миллион сўм билан (21 фоизга камайган) иккинчи ўринда турибди.

Шунингдек, таклиф бўйича энг юқори бешликка автомобиль бизнеси (6,48 миллион сўм), қишлоқ хўжалиги (6,16 миллион сўм), инвестиция ва консалтинг соҳалари (5,44 миллион сўм) кирди. Булар орасида фақат қишлоқ хўжалиги соҳасида маошлар пасаймаган.

Хавфсизлик соҳасидаги маошлар энг паст даражада бўлиб, 1,59 миллион сўмни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баравар камдир. Суғурта соҳасида 2,36 миллион сўм (-62 фоиз), уй хизматчилари учун 2,4 миллион сўм (-32,3 фоиз), умумий овқатланиш ходимлари учун 2,65 миллион сўм таклиф қилинди. IT соҳасида таклиф этилаётган ўртача маош 4,35 миллион сўмни ташкил этган.

Маъмурий ходимлар соҳасида таклиф этилаётган иш ҳақи 72,6 фоизга камайиб, 3,13 миллион сўмни ташкил этган. Қурилиш соҳасида ойликлар 62,5 фоизга (4,099 миллион сўмгача), молия ва бухгалтерия йўналишида эса 47,7 фоизга (5,02 миллион сўмгача) пасайган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда ўртача номинал иш ҳақи 5,98 миллион сўмни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2024 йил мос даврига нисбатан 17,2 фоизга юқори. Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 10 миллион сўмдан ошган. Соҳалар орасида молия ва IT йўналишлари ойликлар юқорилиги бўйича етакчилик қилмоқда.

Ваканциялар қандай ўзгарди?

Head Hunter’да берилган иш бўш ўринларига таклифларнинг 15 фоизи сотув ва мижозларга хизмат кўрсатиш, 11 фоизи маркетинг ва реклама соҳасига бўлган. Яна 7,8 фоиз ишчи қидирганлар фитнес, спорт ва гўзаллик йўналишларига эълон берган. Ўз навбатида 6,7 фоиз таклифлар автомобиль бизнеси бўйича бўлган.

Энг кам таклифлар суғурта (0,1 фоиз), хавфсизлик ва ҳуқуқшунослик (0,6 фоиз) соҳаларига тўғри келган. Шу билан бирга, иш берувчилар hh.uz сайтида харид бўйича мутахассисларни (0,7 фоиз), қишлоқ хўжалиги ходимларини (0,8 фоиз) ва хом ашё қазиб олувчи ишчиларни (0,9 фоиз) камдан-кам излашган. Бошқа томондан суғурта соҳасидаги бўш иш ўринлари сони 2,5 бараварга кўпайган.

Бундан ташқари, HR мутахассислари, бухгалтерлар ва молиявий экспертларга бўлган талаб сезиларли даражада (+54,9 фоиз) ошгани. Қазиб олиш соҳаси (+52,2 фоиз) ва чакана савдода (+41 фоиз) ҳам талаб ўсгани қайд этилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар