Ўзбекистонда пулли йўллар 2030 йилдан кейин ишга туширилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Ҳасан Умаров Қонунчилик палатасининг You Tube каналига берган интервьюсида маълум қилди.
Ҳасан Умаров Ўзбекистонда пулли йўллар қачон пайдо бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Андижон йўллари лойиҳаларини амалга ошириш 5−6 йилга мўлжалланганини таъкидлади. Шундай қилиб, уларни фақат 2030 йилдан кейин ишга тушириш мумкин бўлади.
“Бугунги кунда ушбу икки лойиҳани ишга туширишга хорижий инвесторлар сўраган, мазкур соҳани тартибга солувчи ҳужжатнинг йўқлиги тўсқинлик қилмоқда. Қонун мавжуд бўлмагани сабабли лойиҳаларни бошлаш имкони бўлмади”, дея хулоса қилди у.
Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Зайниев ўз ҳисоб-китобларини тақдим этди. Унга кўра, пулли йўлларни жорий этиш Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 2−3% га ошириш имконини беради.
Унинг сўзларига кўра, маҳаллалар ичидаги йўл инфратузилмасининг сифати аҳолини энг кўп ташвишга солаётган масалалардан бири. Масалан, “Ташаббусли буджет” маблағларининг ярмидан кўпи йўлларни таъмирлашга йўналтирилган.
“Мақсадимиз — ички йўллар ва умумий фойдаланишдаги йўлларни бюджет маблағлари билан қамраб олишдир. Пулли йўлларнинг жорий этилиши, биринчидан, тирбандлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради, иккинчидан эса, янги йўллар қурилиши учун қўшимча харажатлардан қочиш имконини беради”, деди Олий Мажлис депутати.
Автомобиль йўллари қўмитаси вакилининг тушунтиришича, пулли йўллар ҳисобига давлат мавжуд маблағларни амалдаги йўлларга хизмат кўрсатиш учун сарфлаш имкониятига эга бўлади.