Бадбўй оқова сув тозалаш иншоотлари: Саноат корхоналарига фильтр ўрнатишдан кўра компенсация тўлаш арзон тушяпти

10.10.2025 15:38



Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 7 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда оқова сувларни тозалаш тизимидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

«Республикамизда барча оқова сув тозалаш иншоотлари маиший оқоваларни тозалашга мослашган бўлиб, улар саноат корхоналаридан оқизиладиган кимёвий таркибга эга бўлган сувларни тозалаш имкониятига эга эмас», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 15 мингга яқин оқова сувларнинг асосий зарарлантирувчилари мавжуд бўлиб, улардан оқизилаётган оқова сувлар бутун оқова сув тозалаш технология жараёнида жиддий зарар етказмоқда.

«Хусусан, кимёвий моддалар оқова сувнинг биологик жараёнида асосий ўрин эгалловчи «актив ил»ларни нобуд қилиб, тозалаш жараёнини самарасиз ҳолатга келтирмоқда. Мазкур ҳолат оқова сув тозалаш иншоотларидан бадбўй ҳид тарқалишининг асосий сабабчиси бўлиб қолмоқда», — дея тушунтирди Шерзод Ҳидоятов.

Вазир таъкидлашича, бундай ҳолатлар иншоотларни қуриш ва модернизация қилиш учун технологияларни аниқлашда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, айрим ҳолларда танланган технологияларни ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Бу эса лойиҳалар қиймати ошишига олиб келмоқда.

Унинг сўзларига кўра, меъёрдан ортиқча ифлосланган оқова сувлар ташланганлик учун компенсация тўловлари мутаносиб даражада эмас, жуда паст миқдорда қолмоқда.

«Масалан, теричилик корхоналари меъёрдан ортиқча ифлосланган сув оқизганлиги учун бир ойда ўртача 1,3 миллион сўм компенсация тўлайди. Мазкур турдаги корхона бирламчи локал оқова сув тозалаш иншоотини ўрнатишга 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади. Натижада корхона локал иншоот ўрнатиш ўрнига компенсация тўловларини афзал кўради. Ҳар ойда 1,3 миллион сўм талаб қилинса, 64 йилда 1 миллиард сўм бўлади», — дея қайд этди вазир.

Унинг айтишича, Президент администрацияси раҳбарининг топшириғи асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июндаги 361-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга асосан оқова сув тармоқ меъёрдан ортиқча ифлосланувчи моддаларни, қорамол териси, матоларни бўяш, ёғ-мой, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва кушхоналар чиқиндиларини оқизганлик учун компенсация миқдори 2025 йил 1 октябрдан 20 бараварга оширилди.

Бундан ташқари, хорижий давлатлар тажрибалари асосида ушбу қарор билан оқова сувлар ташланадиган сув объектлари экологик заифлигига қараб тўртта тоифага ажратилди. Ҳар бир тоифа сув объектлари бўйича экологик зарар етказмайдиган даражада стандартлар жорий этилди.

Шунингдек, Ҳидоятов таъкидлашича, оқова сувларни чиқариб юбориш тизимидан фойдаланиш тартибини кучайтириш ва республикада фаолият юритаётган иншоотларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Oқова сувларни чиқариш соҳасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

«Ушбу лойиҳага асосан саноат корхоналари томонидан оқова сувдан қайта айланма тизимни жорий этиш, локал иншоотлар ўрнатишга, оқова сув тизимининг ускуналарини маҳаллийлаштиришга имтиёзлар бериш кўзда тутилган», — деди у.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар