Бефарқлик синдроми

31.05.2023 09:32

Келажагимизга ҳам дахлдор бўлган муаммоларнинг кўтарилиши матбуот котибларнинг биргина “муносабати” билан “тинчлантирилмоқда”.

Сўнгги пайтларда жамиятимизда, хусусан раҳбарий қатламда бир ҳолат яққол кўзга ташланяпти: бефарқлик. Муаммоларимиз устида югурамиз, еламиз, тўсиқларга дуч келамиз ва индамай қўл силтаб кетамиз.

Яқинларимиз, танишларимизнинг бошига ташвиш тушади, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда бирор фалокат ёки нохуш ҳодиса, ўз жонига, фарзандининг жонига, кўчадаги қизалоқнинг, болакайнинг жонига қасд қилганлар, жониворларга шафқатсизлик қилганлар, зўрлаганлар, жиноятига нисбатан назаримизда ўта енгил жазо олганлар ёхуд ўта оғир жазо олаётганлар ҳақида эшитамиз, кўрамиз. Афсусланамиз, ачинамиз, ғазабланамиз ва бўлди. Шу билан кейинги хабарни кутамиз, балки онгли, балки онг остидаги ўзимиз сезмаган онгсизлик билан.

Адолатсизликларга дуч келамиз, касбимиз тақозоси билан ёзамиз, ўзимизча нималарнидир исбот қиламиз, фактлар келтирамиз. Муаммо адолатли ечим топишига умид қиламиз. Ҳукуматнинг, вазирликнинг, ташкилот ёки бошқарманинг матбуот котиби ёзган битта “муносабат” билан ҳаммаси чиппакка чиқади. Аксарият бундай муносабат билдирилган хабарларнинг маъноси, шакли бир бирига ўхшаш, кўпчилиги “мутлақо асоссиз” деган даъво билан бошланиб, шу руҳда тугайди. Ёки унда ҳеч қандай асос, факт бўлмайди, келтирилган далилларни рад этишга арзийдиган далил тополмайсиз. Аммо у МУНОСАБАТ, уни айтгани, унда ёзилгани бўлади.

Шу билан тугади, ҳаммаси ўз ҳолида қолади, кетма кет чиқаётган кейинги хабарлар фонида бу муаммо ҳам пастда қолиб кетади, оқибатда уни туғдирганлар истаганидек ечим топади ҳаммаси.

Сайтларда эълон қилинган бир қанча мақолаларнинг тақдири ҳам шундай якунланган, айниқса сўнгги вақтларда. 

Масалан, rost24 сайтида эълон қилинган “Пойтахтни яшаб бўлмайдиган даражага айлантириш давом этмоқда” номли мақолага  Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан билдирилган муносабатда мақолада келтирилган далилларнинг фақат жавоб бериш мумкин бўлган жойларига жавоб ёзилиб, асосий саволлар, қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги фактлар жавобсиз қолдирилган.

Шундан сўнг мазкур муносабатга сайт томонидан берилган “Шаҳарсозлик қоидаларини бузишга Президент қарори сабаб қилиб кўрсатилди”  номли раддияга ҳеч қандай муносабат билдирилмаган ва айтилган ҳудуддаги қурилиш ишлари тезкорлик билан йўлга қўйиб юборилган. 

Аҳолининг норозилиги, фарзандлари келажагидан ташвиши, хавотирларини эса “домком”нинг биргина “Минг марта ёзсаларинг ҳам бу комплекс бари бир қурилади, шунинг учун тинч ўтиринглар” деган буйруқона таҳдиди босиб кетган. Эндиликда аҳоли вакиллари президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллашга мажбур бўлишмоқда.

Яна бир “Магистратура учун Миллий сертификат тизими ўзини оқлаяптими?" номли мақолага эса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилган муносабатда мақоладаги эътироз ва далилларнинг барига, шунчаки “ундай эмас” қабилида жавоб берилган, B2 даража учун дейилган имтихонда нима учун С1 даражадаги китобда келтирилган тестлар берилганига “улар соддалаштирилган” деб жавоб берилган, холос.

Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Имтихонда иштирок этган талабгорларга кўра, саволлар умуман соддалаштирилмаган, айнан ўз даражасида берилган. Хўп соддалаштирилган ҳам дейлик, нима учун B2 имтихонига C1 даражанинг саволларини соддалаштириб қўйиш керак? Нима учун ўз даражасидаги саволлар қўйилмайди, мақсад атай имтихондан йиқитишми? Чалғитишнинг нима кераги бор? Фарзандларимизга душманмизми? Уларни шу йўл билан ҳимоя қиляпмизми? Қайси асосга кўра? Саволлар кўп. 

Илгари одамлар “порталга ёзаман” деса, ҳар қандай қонунга хилоф бўлган ишлар тўхтаб, фуқароларнинг мурожаатлари осон битар эди. Одамлар бу имкониятни ҳам суиистеъмол қилиб юборишдими, ҳозир кўплаб раҳбар ходимлардан тортиб оддий фуқароларгача бефарқлик синдромига чалиниб қолишган гўё. Келтирилган мисоллар хамир учидан патир холос. Бундай ҳолатларни ҳар куни, ҳар қадамда учратиш мумкин.

Бу жуда ёмон, жуда қалтис кетиш. Бизнинг келажакдан катта умидларимиз бор, буюк давлат, буюк миллат деган шаънимизни тиклаш, бошқа миллат-у бошқа раҳбарларга ҳавас қилиб ўтириш эмас, улардек юқори даражаларга эришиш вазифамиз бор, биз уйғонишимиз керак, давлат қонунларига амал қилишимиз, амал қилдиришимиз, уларни ҳурмат қилишимиз, ҳурмат қилдиришимиз керак. Бу қонунларни, Конституцияни биз “ишлатишимиз” керак, акс ҳолда унинг инсонпарварлик асосида тузилгани, ёзилганидан бизга ҳеч бир наф тегмайди. Акс ҳолда 50, 100 йилдан сўнг фарзандларимиз бизни умри уйқуда ўтган авлод сифатида нафрат билан, хижолат билан эслаб ўтадилар.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар