“Тадбиркор” мақоми Давлат дастури ва Президент эълон қилган мораторийдан ҳам устунми?
Rost24 сайтига келиб тушган шикоятга кўра, Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, 2-қурилиш ҳудуди, “Янги Умид” МФЙ 84-уй ҳудудида ноқонуний қурилишлар яна бошланган экан.
Маълум бўлишича, ушбу кўп қаватли уйга тегишли яшил ҳудуд ва болалар майдончасида ҳозирда ноқонуний тарзда қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
«Ўзларини “давлат ходимлари” деб таништиришган шахслар ҳудудда спорт мажмуаси қуришларини билдиришган. Аммо бу “давлат ходимлари” ҳалигача бирор бир қонуний ҳужжат тақдим этишмаган. Мазкур қурилишларнинг ноқонунийлигини билган масъуллар бу маълумотлар ҳеч қаерга чиқиб кетмаслиги учун фуқароларни имкон қадар “тинчитишга” ҳаракат қилишмоқда», — дейди 84-уйда яшовчи фуқаролар.
Холбуки, мазкур ҳудуддаги 2 сотих майдон иккита кўп қаватли уй ўртасидаги яшил ҳудуд қилиш режалаштирилган жой бўлиб, қурилиш қилиш шаҳарсозлик қоидаларига мутлақо зид бўлган, қолаверса уй қурилишида яшил ҳудуд ва болалар майдончаси сифатида лойиҳага киритилган ва уйга қўшиб уй эгаларига сотилган, суғориш тизими (полив) ўтказилган, аммо нима сабабдандир ҳалигача сув ўтказилмаган.
Ҳозирда иккита кўп қаватли уй орасидаги мазкур ҳудуд ўраб олинган ва у ерда қазиш ишлари бошлаб юборилган.
Давлат раҳбарининг шахсан ташаббусига кўра қабул қилинган “Яшил макон” давлат Дастури ва жорий йилнинг 16 февраль куни Президент томонидан қаттиқ танқид остига олинган Тошкент шаҳридаги режасиз қурилаётган уйлар ва нотурар жойлар тўғрисидаги гаплар Янгиҳаёт туманига тегишли эмасми?
Биз мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида қурувчи мутахассисларга мурожаат қилдик, ҳудудга бориб ўргандик ва мутахассислар асосларига кўра, мазкур қурилиш шаҳарсозлик қоидалари низомига мутлақо зид деб топдик.
Хусусан, мазкур қоидаларга кўра, 9 қават ва ундан баланд бўлган уйларнинг орасидаги очиқ майдон 40-45 метрдан кам бўлмаслиги керак, спорт мажмуаси деб аталаётган бино эса, айнан ушбу очиқ қолиши шарт бўлган майдонга қурилмоқда, суғориш тизими қазиб олиб ташланган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг февраль ойи бошида пойтахтда бош режа тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлаган эди. Аҳолининг маълум қилишича, ҳудуд январь ойи ўрталарида ўраб олинган, давлат раҳбари мораторий ҳақида гапирган маърузадан бир кун ўтиб, бу ерда дарҳол катлаван қазиш ишлари бошлаб юборилган. Айни пайтда мазкур майдонда қурилиш ишлари давом этмоқда, болалар эса ўзларининг ўйин майдончаларидан деярли маҳрум бўлишган.
Мазкур муаммо нафақат шу атрофда яшаётган фуқароларнинг, ҳаттоки, янги ташкил бўлган Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ҳам бевосита тааллуқли ҳисобланади.