Турк тили бўйича миллий сертификат талабгорларига нега ўзлари белгилаган даражасидан юқорироқ топшириқлар берилмоқда?
2022 йилдан магистратурага топширувчилар учун тил билиш сертификати жорий этилди. Бироқ бу тажриба кутилганидек бўлмагани боис, қишки қабулни ҳам ўтказишга мажбур бўлдик. Айни мажбурият жорий йилда ҳам ўз кучида турибди, шунинг учун тил сертификатига талабгорлар талайгина.
Олдин, турк тили сертификатига ҳар ойда имтиҳон топшириш мумкин эди. 2023 йилнинг март ойидан бошлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги қачон имтиҳон режалаштирса шунда ташкил қилинадиган бўлди. Бундан ташқари, халқаро Tomer сертификати бекор қилиниб, фақат TYS ва Миллий сертификат қолдирилди.
Шу йилнинг 7-31 май кунлари ўтказилаётган биргина турк тилидан миллий сертификат учун синовларга 18 минг талабгор рўйхатдан ўтган. Уларнинг ҳар бири имтиҳон учун 405 минг сўмдан пул тўлаган (жами 7 миллиард 290 миллион сўм дан ортиқ).
Турк тили имтиҳонининг фарқли томони шундаки, агар сиз турк тилидан миллий сертификатга талабгор бўлсангиз, даражангизни аниқ белгилайсиз. Яъни, қоидага асосан B2 даражасини белгиласангиз, шу даражада тузилган саволлар берилади (Турк тилида 6 та даража бор: А1, А2, B1, B2, C1, C2).
Фарқи шундаки, бунда IELTS тизимидагидек балингизга қараб даража берилмайди. Балки сиз B2 даража учун максимал белгиланган бални йиғишингиз керак бўлади ва бу ундан юқори даражанинг топшириқлари сизга берилмаслигини билдиради. Аммо май ойида ўтказилаётган имтиҳонда B2 даража талабгорларига C1 даражасидаги саволлар берилган.
Изоҳ учун, 7 май куни ўтказилган имтиҳоннинг тинглаб тушуниш бўлимида B2 даража учун савол сифатида тушган "Кültürel каrşılaştırmаlаr sеmpоzyumu", "Sultan şairler" топшириқлари турк тилини ўрганувчилар учун махсус китоб "Yedi iklim" китобининг C1 даражадагисидан олинган.
Бундан ташқари, Миллий сертификат учун имтиҳонга кириб чиққан талабгорларнинг сўзларига кўра, тинглаб тушуниш бўлимида қўйиб берилган аудиолар икки карра тезликда эшиттирилиб, саволлар билан танишиб чиқиш учун эса атиги 30 сония вақт берилган (TYS ва Тоmer имтиҳонида эса аудио саволлар билан танишиш учун олдиндан 2 дақиқа вақт берилади).
Айтганча, Билимни баҳолаш агентлигининг яна бир тажрибаси ҳам бор. Миллий сертификатга талабгор даражани белгилаб киргани учун, белгилаган даражани ололмаса, унга ҳеч қандай балл ва сертификат берилмайди.
Шу ўринда савол туғилади: имтиҳонга 405 минг сўмдан тўлов қилган талабгорларга ўзи белгилаган даражасидан юқорироқ бўлган топшириқлар берилишидан мақсад нима?!